Муқобил энергия – замон талаби

/
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш партия фаолларининг диққат марказидаги масалалардан саналади. Бу борада иқтисодиётни инновацион технологиялар асосида ривожлантириш, бунинг учун муқобил энергетика манбаларидан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш ҳам алоҳида ўрин тутади.
Партия ушбу соҳани ривожлантиришда фаоллик билан иш олиб боришга, айниқса, кенг жамоатчилик орасида тарғибот ишларини кучайтиришга катта эътибор қаратган. Чунки электр энергияси ва табиий газ таъминотида муаммо юзага келаётган бир вақтда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жамоатчилик орасида тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда ҳаётимизнинг долзарб масаласига айланган муқобил энергетика муаммоси билан кўплаб корхона ва ташкилот, муассасалар шуғулланмоқда.
Мазкур йўналишда партиямизнинг Наманган вилоятидаги фаоллари томонидан ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Масалан, 2013 йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан вилоят кенгаши сессиясида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежамкорлик билан ишлатиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш муаммолари муҳокама этилганди. Масала ўшанда қизғин мунозарага сабаб бўлган, қатор фойдали таклиф ва мулоҳазалар билдирилганди. Қабул қилинган қарорда эса анчагина самарали чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилганди.
Ўтган давр мобайнида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламлари бирмунча кенгайди. Бунга партиямиз фаоллари, ҳудудий кенгашлар, бошланғич ташкилотлар сезиларли ҳисса қўшдилар. Меҳнат жамоаларида, ўқув муассасалари, аҳоли истиқомат жойларида суҳбатлар, очиқ мулоқотлар ташкил этиш яхши анъанага айланди. Муқобил энергиядан фойдаланишнинг афзалликларига доир тарғибот ишларига Наманган шаҳридаги олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилинди. Натижада кўпчиликда ана шундай инновацион технологиялар ҳақида тушунчаларгина эмас, балки улардан фойдаланиш бўйича хоҳиш-истак ҳам пайдо бўлди.
Албатта, ҳар бир тарғибот бирор ижобий самара бериши зарур. Шу маънода корхона, муассасаларга ўрнатилган ва маромида ишлаётган муқобил энергия манбалари, масалан, қуёш батареялари, айниқса, шу яқин-атрофдаги аҳолида бу турдаги энергиядан фойдаланиш хусусида ижобий фикр уйғотиши табиий.
Шу ўринда айтиш жоизки, Поп туман тиббиёт бирлашмаси, туғуруқхона бўлимидаги сафдошларимиз, қолаверса, бутун жамоа Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти билан биргаликда ўтказилган “Муқобил энергиянинг энг фаол тарғиботчиси” республика кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, диплом ва қуёш батареялари билан тақдирланган эди. Ана шу муқобил энергетика манбаси ҳозир ҳам шифокорларга беминнат хизмат кўрсатмоқда.
Наманган вилоятидаги асаб касалликлари шифохонаси қошидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг бошланғич ташкилоти ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи сув иситкичларини ўрнатиш ташаббускори бўлган эди. Партиядошимиз, “Чортоқархитектқурилиш” МЧЖ раиси, халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгаши депутати Абдукарим Дўстбоев эса жамоаси бунёд этган бир қатор намунавий лойиҳадаги турар-жойларни қуёш батареяси билан жиҳозлаш таклифи билан чиқди. Бу фикр ана шу уйларнинг бўлажак соҳибларига ҳам маъқул тушди. Натижада ҳозиргача Чортоқ, Наманган, Учқўрғон ва бошқа қатор туманларда қуёш қуввати билан ёритиладиган ўнлаб уйлар қад кўтарди. Наманган шаҳрида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Жумладан, автотранспорт гавжум чорраҳалардаги светофорларга ҳамда реклама баннерларига қуёш батареяларини ўрнатиш режалари ишлаб чиқилди ва амалга оширишга киришилди.
Поп туманидаги Янгиобод қишлоғининг “Кандигон” маҳалласида ишга туширилган қуёш фотоэлектр станцияси эса “Ўзбекэнерго” компанияси томонидан Жанубий Корея фотоэлектр саноати уюшмаси иштирокида бунёд этилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жанубий Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ қад кўтарган мазкур электр қуввати манбаида ўрнатилган Hanhwa, JSPV, S-Energy ва TopSum компаниялари ускуналари мамлакатимизнинг табиий шароитларида илк бор синовдан ўтказилмоқда. Бу билан эса муқобил энергетикадан фойдаланишнинг яна янги имкониятлари юзага келади.
Мутахассисларнинг фикрича, яқин келажакда у ёки бу давлатнинг барқарор ривожланиши энергетика тармоғида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салмоғига узвий боғлиқ бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Шуни таъкидлаш жоизки, Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қайта тикланадиган муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Юртимизда ушбу соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда.
Партиямизнинг “Муқобил энергия манбалари — инновацион тараққиёт учун” лойиҳасини амалиётга кенг татбиқ этиш учун поплик фаол сафдошларимиз, партия депутатлари туманда ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида бир қатор таклифларни ўртага ташлаб, аҳолининг диққатини жалб этмоқда. Хусусан, ёшларнинг замонавий ахборот технология билимларини эгаллашида, интернет маълумотларидан мунтазам фойдаланишлари учун кенг имкониятлар яратиш ниятида тумандаги мактаб ва касб-ҳунар коллежларига қуёш батареялари ўрнатиш ҳақида улар билдирган таклифлар кўпчиликка маъқул келаяпти.
Зеро, иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш партиямизнинг муҳим вазифалари сирасига киради.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Нуробод туман Кенгаши депутати Эркин Эсиргадиев сайловчиларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда....
01 янв 1970
“Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг шу йил январь ойида ўтказилган ҳисобот йиғили...
01 янв 1970
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири санал...