Таълим тизимида ахборотлаштиришга оид қонун ижроси депутатлар эътиборида

/
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш иштирокчилари таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 8 сентябрь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида бугунги шароитда энг илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, алоқа тизимлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, информацион тизимлар комплекслари ва “Электрон ҳукумат” ахборот базасини шакллантириш, шунингдек, ёшларимизнинг чуқур билимга эга бўлиши, чет тиллари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллашини таъминлаш доимий устувор вазифа бўлиб қолиши қайд этилган эди.
Депутатлар бу каби кенгайтирилган йиғилишлар маърузада илгари сурилган вазифалар ижросини ўрганиш, назорат-таҳлил қилиш, бу борада учраётган камчиликлар ва уларнинг ечимларини аниқлашга хизмат қилишини баён этишди. Хусусан, депутатлар замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш учун ҳуқуқий ва ташкилий-техник шароитларни яратувчи фундаментал ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланган “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг Халқ таълими вазирлиги тизимидаги ижросини ўрганиш жараёнида вазирликнинг Марказий аппарати ва ушбу тизимга кирувчи 20 га яқин ташкилот ва муассасаларда ахборот инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, шунингдек, ушбу мавзуда Қонунчилик палатасига фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни атрофлича таҳлил қилишди.
— “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг амалда қўлланишини ўрганиш шуни кўрсатдики, Халқ таълими вазирлиги томонидан миллий таълим тизимини ахборотлаштириш жараёнларини ривожлантиришга йўналтирилган комплекс ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди қўмита аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Улуғбек Самадов. — Жумладан, ташкилот ва идоралар ўртасида таълимга оид ахборотларни алмашиш, бошқариш жараёнларига ахборот-коммуникация технологияларини самарали қўллаш йўли билан таълим соҳасида аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари кўламини кенгайтириш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштиришни таъминловчи «Таълим» ахборот тизими жорий қилинмоқда. Халқ таълими тизимидаги муассасалар томонидан амалга оширилаётган, таълим ва тарбия жараёнларининг тўлиқ ахборот таъминоти учун зарур бўлган ахборот материалларига эга «ZiyoNet» ахборот таълим тармоғи фаолиятининг сон ва сифат кўрсаткичлари янгиланмоқда. Интернет тармоғида Халқ таълими вазирлиги иштирокида кўп сонли таълимга оид ахборот ресурслари, шунингдек, вазирликнинг расмий портали орқали фойдаланувчиларга 4 та интерактив давлат хизматларидан фойдаланишга имконият яратилган. Шу билан бирга, ўрганиш давомида ахборот қонунчилиги талабларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир қатор жиддий камчиликлар, хусусан, Халқ таълими вазирлиги аппарати ва ўқитувчилари таркибида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билим даражасининг етарли эмаслиги билан боғлиқ камчиликлар мавжудлиги кўринди. Қонун талабларининг сифатсиз ижро этилишининг сабаблари интернет тармоғининг миллий сегментида ёшлар учун қизиқарли таълим порталлари сонининг камлиги, ўқувчиларнинг китоб, шу жумладан, уларнинг электрон кўринишини ўқишга қизиқиш даражаси пастлиги, таълим ва тарбия жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилишнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ бўлмоқда. Назаримизда, таълим муассасалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг ахборот-кутубхона фондини кенгайтириш, марказий ахборот-кутубхона муассасаларининг маълумотлар базасидан кенг фойдаланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Шу билан бирга, таълим муассасаларида ахборот муҳитининг ривожланиши ёшлар орасида юртимизнинг бой тарихий мероси, унинг маданияти ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши лозим.
Кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Саодат ЖАББОРОВА,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда мавжуд муаммолар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини чуқур ўрганиш ва ҳал этишда партия депутатлари фаоллиги муҳим аҳамият касб этади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан ҳам бир қатор тадбирлар ташкил этилди....
01 янв 1970
Жорий йилда мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ўтказилган навбатдаги анжуман — Истеъдодли ёшлар форуми ҳам бу фикрни яна бир бор яққол и...