Иқлим шароитига мос чора-тадбирлар самара бериши аниқ

/
Бугун кенг жамоатчилик томонидан жорий йилнинг 20-21 январь кунлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи Қорақалпоғистон ҳаёти ва келгуси тараққиётида муҳим воқелик сифатида эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шаҳар ва туманлардаги учрашувларда тиббиёт, таълим, илм-фан ва иқтисодиёт тармоқлари билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги соҳасини давр талабларига мутаносиб равишда янада ривожлантириш борасида таъкидлаган фикрлари мазкур соҳа тараққиётида етакчи куч саналган деҳқон-фермерларимизнинг янги ютуқларга эришишида дастуриламал бўлиши шубҳасиз.
Маълумки, деҳқончиликда иқлим шароити ҳал қилувчи омил саналади. Давлатимиз раҳбари “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятининг Қанликўл тумани филиалида ҳам бўлиб, баҳорги дала ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳақида фикрлашди. Хусусан, туманда пахта майдонини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш бўйича берилган кўрсатмалар айнан ҳудуднинг иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда белгилангани билан аҳамиятлидир. Муҳими, аҳолини сифатли ва экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ҳам янги имконлар яратилади.
Президентимиз томонидан Қорақалпоғистоннинг иқлим шароити ва мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, жаҳон бозорида юқори қийматга эга доривор ўсимликлар етиштиришни кўпайтириш хусусида таъкидланган фикрлар тармоқ мутахассисларининг диққатини жалб этиб, уларни бу ишларга астойдил киришишга ундади.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир вазифа ва таклифни билдирар экан, бу вазифаларнинг туб моҳиятида, аввало, инсон манфаатлари мужассамлигини яққол ҳис этдик. Оролбўйи минтақасини ривожлантиришга қаратилган дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар мураккаб иқлим шароитига эга минтақанинг ободлиги, бу ерда яшаб, элим, юртим деб меҳнат қилаётган аҳолига ҳар томонлама қулайликлар яратиш, тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Дастурга мувофиқ туманларда сув ҳавзалари барпо этишдан тортиб, 2 та театр ва 87 та маданий марказни қуриш ва қайта таъмирлаш натижасида аҳолининг дам олиш шароитларини яхшилаш кўзда тутилганлиги меҳнаткашлар, ишчи-ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга уларни янгидан-янги ютуқларга рағбатлантиради.
Инсонларнинг ҳаётий таъминоти учун энг муҳим масалаларни ҳал этиш мақсадида бир қатор пухта ишланган, истиқболли вазифалар амалиётга йўналтирилганлиги эътиборга молик. Хусусан, аҳолининг экологик муҳофазасини таъминлаш, сув ресурсларини бошқариш ва ерларнинг чўлланишига қарши чоралар кўриш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш, туз, чанг тарқалишининг олдини олиш, канал ва гидротехник тизимларни қуриш ва реконструкциялаш тадбирларига қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилади.
Шу мақсадда Орол денгизининг қуриган тубида 20 минг гектар майдонда ўрмонзорлар ташкил этилади ва 300 минг гектардан ортиқ ер майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Янги барпо этиладиган сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ҳисобига балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эришилади. Халқ манфаатлари учун хизмат қиладиган мазкур долзарб вазифалар ижроси фаровонлик деганидир, шу боис ушбу дастурий режалар ҳар биримизнинг эзгу мақсадимизга айланди.
Қорақалпоғистонлик партиядошларимиз ҳам бу кенг кўламли ва истиқболли вазифаларни амалга оширишда юртимиз аҳли билан ҳамжиҳатликда, бир тану бир жон бўлиб самарали меҳнат қилиш, ташаббускорлик руҳида ишлашни ўз бурчи, деб биладилар.
Нурлибек МИРЗАМУРАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,
Жўқорғи Кенгеснинг аграр, сув хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистонда ҳозирги кунда 9200 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш ғояси илгари сурилгач, бу ғояни тезлик билан рўёбга чиқаришга киришилди....
01 янв 1970
Сайлов арафасида “сайлов округи”, “сайлов участкалари” иборалари кўп қўлланилади. Айтинг-чи, уларнинг бир-биридан қандай фа...
01 янв 1970
Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси томонидан жойларда мазкур қонун талабларига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда....