Тараққиётни янги босқичга кўтариш — давр талаби

/
Халқимизнинг ҳаёти даражаси ва сифатини янада ошириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, умуман олганда, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ушбу жараёнга фаол жалб қилиш мақсадида ушбу ҳужжатларнинг лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилаётгани аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 23-27 январь кунлари пойтахтимизда ўтказилаётган Ҳаракат стратегияси лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик ҳам ана шу мақсадга қаратилган.
— Давлатимиз раҳбари томонидан долзарб ва республика аҳолисини ўйлантираётган масалаларни комплекс таҳлил қилиш, кенг жамоатчилик қатлами, экспертларнинг шарҳи, фикр-мулоҳаза ва таклифларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ташаббуси билан Ҳаракат стратегияси лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига киритиш бўйича қарор қабул қилинди, — деди ЎзЭОАВМА ижрочи директори ўринбосари Жамила Нуржанова. — Бугунги кунда мазкур Стратегия лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси портали — www.regulation.gov.uz га жойлаштирилган ва мазкур порталдан рўйхатдан ўтган барча фойдаланувчиларга лойиҳада белгиланган мақсад ва вазифалар юзасидан ўз таклифларини, изоҳларини ёзиб қолдириш имконияти яратилган. Айни пайтда лойиҳа юзасидан конструктив таклиф, мулоҳаза ва изоҳларни фақатгина портал орқали эмас, балки жонли тарзда билдириш имкониятини яратишда медиа-ҳафталик турли соҳа вакиллари, экспертлар ва журналистлар учун кенг майдон вазифасини ўтамоқда.
Жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиа-ҳафталик дастури мазмунан икки қисмга бўлинган бўлиб, ундан Ҳаракат стратегиясининг бешта йўналиши тақдимотлари, улар юзасидан очиқ муҳокама ва мунозара тарзида бўлиб ўтадиган брифинг, матбуот анжуманлари, ток-шоулар ўрин олди. Тадбир иштирокчилари, экспертлар Ҳаракат стратегияси лойиҳасида келтирилган мақсад ва вазифаларни муҳокама қилиш баробарида аҳолини ташвишлантираётган масалалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга жавоб беришди.
Эътиборли жиҳати, медиа-ҳафталикда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги вакиллари, партия аъзолари ҳам эксперт сифатида фаол иштирок этди. Хусусан, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари Акмал Бурхонов, Ўткир Холов ва бошқалар Ҳаракат стратегияси лойиҳасида белгиланган устувор йўналишлар мавзусида фикр юритишди.
— Ҳаракат стратегияси лойиҳасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган, — деди А.Бурхонов. — Қайд этиш лозим, яқин истиқболда суд-ҳуқуқ соҳасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазони тугатиш, вояга етмаганлар учун назарда тутилган жиноий жазоларни либераллаштириш, процессуал ҳаракатларни ўтказишда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, судланганлик ҳолатининг тугалланиши ва олиб ташланишининг амалдаги муддатларини қисқартириш, фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатини 3 йилдан 1 йилга қисқартириш, электрон суд иш юритуви ва ижро иш юритувининг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш ва бошқа кўплаб муҳим вазифалар юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.
Жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари Ҳаракат стратегияси лойиҳасини янада такомилига етказиш борасида фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашишар экан, мазкур ҳужжатда белгиланадиган вазифалар ва чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамиятимизнинг мустаҳкам фуқаролик позициясига эга вакиллари, аҳоли зиммасига улкан масъулият юклашини алоҳида таъкидлашди.
Саодат СОДИҚОВА,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ватан. Бу қутлуғ сўз замирига жо бўлган моҳиятни тўлалигича тушуниш, англаб етиш учун инсоннинг маънавий камолоти жуда юксак даражада бўлмоғи лозим...
01 янв 1970
Бундан 25 йил муқаддам – 1991 йил 5 сентябрда мамлакатимизнинг бош майдонига Мустақиллик майдони номи берилган...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари Ҳиндистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўта...