Футболимиз келажаги билимли, ақлли ва чаққон ёшлар қўлида

/
Яшил майдонда завқ билан тўп тепаётган болаларни, теннис кортида коптокчани бир-бирига чаққон йўналтираётган қизалоқларни кузатиш жуда марокли. Ёш спортчилар маҳоратда катталардан асло қолишмайди. Шу боис ҳар қанча мақтовга лойиқ. Дарҳақиқат, Чилонзор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан эрта-ю кеч, дам олиш кунлари ҳам ўғил-қизларнинг қадами узилмайди. Машғулотлар ва беллашувлар ўтказилади. Томошабин ўриндиғида ўтирган ота-оналар фарзандларининг ҳар бир ҳаракатини кўздан қочирмайди, машқни тўғри бажарса, қувонади, хатога йўл қўйса, уни тузатишга уринади.
Жонкуяр, тиниб-тинчимас, шу билан бирга, тажрибали мураббий Турсунбой Абдураимов эса ҳар галгидек футбол мусобақасига бош-қош бўлиб юрибди. Ўсмирлар билан доимий машғулотлар ўтказиб келаётгани сабаб, ёши етмишга яқинлашиб қолган бўлса-да, ҳамон серғайрат, шижоатли, футболчи болакайларга йўл-йўриқ кўрсатишдан толмайди.
Мусобақа бўлаяпти. Мураббийнинг вақти зиқ. Шунга қарамасдан Турсунбой ака бизни хушнуд қарши олди. 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан суҳбатлашиш мақсадида келганимизни баён этдик. “Мусобақани яхши ўтказиб олайлик. Кейин бафуржа гаплашамиз”, деди-да, бизни ота-оналардан иборат томошабинлар қаторида ўтиришга таклиф қилди. Юртимизда “миллионлар ўйини” ривожига муносиб ҳисса қўшган, қарилик нафақасига чиқиб ҳам болаларга футбол ўйини сирларини қунт билан ўргатаётган бу фидойи инсоннинг таклифига розилик билдириб, мусобақани кузата бошладик.
...Дарвозага тўп киритган болакайнинг севинчдан яшил майдон узра югуриши, жамоадошлари уни ўраб олиб миннатдорлик билдириши, томошабинларнинг олқиши-ю, рақиб ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатидаги афсус-надомат ифодаси — барча-барчаси табиий, профессионал футболчилар иштирокида ўтказиладиган мусобақаларга хос кўринишда эди.
Ҳар бир ўйинда бўлгани каби ушбу мусобақада ҳам ҳакам тайинланган. Турсунбой Абдураимов мураббий сифатида ўйинга аралаша олмайди. Шундай бўлса-да, бир жойда ўтирмади. Футбол майдонининг гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига ўтиб, шогирдларига кўрсатмалар берди, уларни ғалаба сари руҳлантирди. Мусобақани тик оёкда туриб ўтказди.
Муҳими, футбол бўйича беллашув кўтаринки кайфиятда якунланди. Бундан ота-оналар ҳам, ўйинчилар ҳам мамнун. Ҳисоб… ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар, икки жамоа аъзолари — болакайлар ҳақиқий футболчилар каби бир-бирининг қўлини сиқиб, гўёки “Биз ўйиндагина рақиблармиз. Ҳаётда эса дўстмиз, ўртоқмиз”, дегандек самимий хайрлашди.
— Олти ёшимдан майдонда тўп тепа бошлаганман, — дейди Турсунбой Абдураимов. — Ўзбек футболининг фахри саналган Биродар Абдураимов менинг акам, акасига эргашиб ука қаерга боради, албатта, футболга. Тўгарак машғулотларига неча йиллар қатнадим. Чиниқдим, пишидим. Шунга яраша маҳоратим ҳам ошиб бораверди. Ҳозир ҳисоблаб кўрсам, 1956 йилдан то 1970 йилгача нақд ўн тўрт йил ушбу спорт тури билан узлуксиз шуғулланган эканман. “Пахтакор” клуби олий маҳорат футбол мактаби қошидаги болалар, ўсмирлар, ёшлар, ўринбосарлар жамоалари таркибида ҳужумчи ва марказий ҳимоячи бўлиб ўйнадим. Мураббий сифатида эса 1973 йилдан буён турли футбол жамоаларида фаолият олиб бордим. Шогирдларим бугунги кунда биринчи лигада ҳам, олий лигада ҳам тўп сурмоқда. Мен уларни доим кузатиб бораман. Ютуқларидан қувонаман.
Ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишини ҳисобга олган ҳолда уни бирон спорт турига тўғри йўналтирса, бола ўзига билдирилган ишончни оқлаб, зиммасидаги вазифани уддалашига мураббий сифатида кўп бора амин бўлганман. Футбол болаларда таянч-ҳаракат тизими, нафас олиш ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятини яхшилайди, тезлик, чаққонлик, чидамлилик, мураккаб вазиятда тез ва оқилона ечим топиш қобилиятини ривожлантиради. Ушбу ўйин асосан очиқ ҳавода ўтказилиши сабабли биринчидан, жисмоний чиниқишга олиб келади, иккинчидан, ўйинчилар тана аъзоларининг атроф-муҳит таъсирига чидамлилигини оширади. Маълумки, футболда ғалабага эришиш учун ўйинчилардан якдил бўлиб ҳаракат қилиш талаб этилади. Шу боис уларда, аввало, ўзига ишонч, ўртоқлик, бир-бирига ёрдам бериш каби фазилатлар тарбиялаб борилади.
“Миллионлар ўйини”да энг ёқимли сўз, шубҳасиз, “ГОЛ”. Жуда кўпчилик болалар ўзи истагандек футбол ўйнай олмаётганидан, соатлаб югуриб ҳам гол уролмаётганидан нолишади. Улар тўпни бутун вужуди билан севади, уни қаттиқ тепса ҳам кейин кечирим сўрагандек авайлайди.
Яхши футболчи бўлиш учун спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланиш лозим. Масалан, спорт гимнастикаси машқларини бажариб келаётган футболчи эгилувчанлиги, букилувчанлиги эвазига ҳар қандай вазиятда гол “ясаши” мумкин. Қолаверса, бундай “суяксиз” ўйинчиларни тутиб олиш ҳимоячиларга жиддий ташвиш туғдиради. Баскетбол саватчасига тўп ташлаш бўйича машқларга қатнашган футболчилар ён чизиқдан туриб ҳам тўпни бемалол жарима майдончасига йўналтира олади. Дунёга донг таратган терма жамоалар, клублар таркибида, албатта, шундай ноёб футболчилар бўлади. Улар энг керакли вақтда “саҳна”га чиқади. Ҳатто аксарият мураббийлар ўйин олдидан ана шундай алоҳида хусусиятга эга футболчилар билан боғлиқ махсус тактикалар устида бош қотиради.
Футбол — тартибли ўйин. Бу спорт тури билан шуғулланиб, бирон натижага эришишни истаган болалардан мураббий уқтирган қатъий қоидаларга риоя этиш талаб қилинади. Улар майдондагина эмас, балки мактабда, уйда, дўстлари даврасида ҳам ўзини яхши тутиши лозим. Тартиб-интизом, ҳар бир ҳаракат муайян мақсадга йўналтирилиши футболчини муваффақият сари етаклайди. Ҳатто ўзига ишонган, жисмоний жиҳатдан анча-мунча бақувват футболчиларни ҳам тартибсиз ҳаракатлар толиқтириб қўяди. Футбол ўйнаш учун фақат хоҳиш ва имкониятнинг ўзи камлик қилади. Бунда ҳам жисмоний, ҳам руҳий чиниқиш муҳим аҳамият касб этади.
Ота-оналарга айтадиган гапим шуки, фарзандингиз қобилияти айнан футболга йўналтирилганини аниқ пайқаган бўлсангиз, мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчиси билан маслаҳатлашган ҳолда уни футбол тўгарагига беринг. Агар мақсадингиз жиддий бўлса, футбол мактабларига олиб боришингиз мумкин. Профессионал футболчи бўлиш учун болаликданоқ тажрибали мураббий қўл остида сабоқ олиш талаб этилади. Қолаверса, дилига шундай орзуни туккан ҳар бир бола бутун борлиғи билан ўзини футболга бағишлаши керак.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ота-оналар фарзандларининг овқатланиш рационига жиддий эътибор қаратиши лозим. Бўлғуси спортчининг болаликдан бошлаб жисмонан бақувват ўсиши, халқона айтганда, илиги тўқ бўлиши жуда муҳим саналади Бу, айниқса, спортчи учун жисмоний тайёргарлик масаласида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди. Негаки, спорт ўйинларида фидойилик, профессионал маҳорат ва жисмоний куч ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади. Бир-бири билан узвий боғлиқ равишда ғалабани таъминловчи бу омилларнинг бирортасини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди. Чунки уларнинг бирортасисиз спортчининг муваффақиятга эришиши амри маҳол.
Шаҳару қишлоқларда қад ростлаган спорт мажмуаларида ўғил-қизларимиз ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Ана шундай масканларда устозларидан спорт сирларини пухта ўрганиб, республикамиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиб келаётган ёш иқтидор эгалари кўпаймоқда.
Мамлакатимизда болалар футболига қаратилаётган алоҳида эътибор замирида ҳам юксак орзу-мақсадларимиз бўй кўрсатади. Бугун мураббийлари кўмагида ўз маҳоратларини ошираётган, “миллионлар ўйини”ни қунт билан ўрганаётган ёш футболчилар келгусида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонамиз.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездл...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг ...
01 янв 1970
Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Кўз очиб-юмгунимизча, кунлар изидан тунлар, тунлар изидан ойлар, йиллар ўтиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....