Адашганлар тўғри йўлга қайтарилди

/
Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирида яшовчи Отабек Саидаминов (мақолада исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз қилмишидан пушаймон бўлди.
Аслини олганда Отабек оилали, уч ўғилнинг отаси бўлишига қарамай, ўз олдига аниқ мақсад қўймай, ота-онасининг қарамоғида кун кечиришга одатланган эди. Йўқса, ёши 35 га етган йигит бир ишнинг бошини тутиб, ҳаётда ўз ўрнини топган бўлар эди. Бироқ “олма пиш, оғзимга туш” қабилида умргузаронлик қилиб ўрганган Отабек оиласи, ота-онаси ва фарзандларига муносиб турмуш шароитини яратишга шошилавермасди.
Шундай кунлардан бирида у айрим дўстларининг маслаҳатларига қулоқ тутиб, Жанубий Кореяда меҳнат қилиб, оиласига нафи тегишини истаб қолди. Инсоф киргани рост бўлсин, деб қувонди ота-онаси. Хуллас, бир неча ойлик ўқув курсларининг фойдаси бўлдими, имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, Жанубий Кореяда ишлаш йўлланмасини қўлга киритди.
Оғир меҳнат қилишга одатланмаган Отабек чет давлатда ҳам узоқ вақт ишлай олмади. Ҳали у корхонада уч ой, ҳали бу корхонада беш ой ишлаб, орада ишсиз юриб, икки йил деганда Ўзбекистонга қайтиб келди. Энг ёмони, у чет давлатга бориши билан айрим диний ақидапарастларнинг “беминнат насиҳат”ларига учиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотларни мутолаа қилиш, видео ва аудиоёзувларни томоша қилиш ва тинглашга қизиқиб қолди. Ҳатто рафиқаси Нигора Саидаминовага қўнғироқ қилганида бошига рўмол ўраб, беш вақт намоз ўқиш бўйича қатъий кўрсатма берди.
Тўғри, бир қарашда у ўз хатти-ҳаракатлари билан жамиятга жиддий хавф туғдиргани йўқ, ҳозирча. Лекин ким билади дейсиз, ҳушёр ва сергак маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар вакиллари Отабекни ўз вақтида тўхтатиб қолмаганида унинг кўр-кўрона қизиқиши янада чуқурлашиб кетиб, нохуш оқибатларга олиб келармиди?
Гап шундаки, у ўз хатти-ҳаракатининг оқибатини тўғри баҳолай олмади ва баъзан билиб, баъзан билмай интернет аталмиш “ўргимчак тўри”дан номаълум шахсларнинг мутаассиблик руҳида шарҳланган маърузалари, аудио ва видеотасмаларини излаб топишга ҳаракат қила бошлаган эди. Унданда ачинарлиси, ушбу маълумотларни ўзининг айрим танишлари билан бўлишишга ошиқарди. Аслида эса у бу каби маъруза ва даъватларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш қонун билан тақиқланганини ҳам билмасди. Йўқса, смартфон телефони ва замонавий русумдаги ноутбукидаги маълумотларни бошқаларга зинҳор ошкор қилмаган бўлармиди?
2017 йил 19 июль. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қибрай туман судида фуқаро Отабек Саидаминов ва унинг таниши Умар Зариповга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида судланувчиларнинг яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари иштирок этди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган суд мажлисида судланувчиларнинг хонадонидан топилган ва ашёвий далил сифатида қайд этилган етти дона “CD” ва “DVD” диск, ўн етти дона диний мазмундаги китоб, тўрт дона диний ёзувли дафтар ва уч дона диний варақа, шунингдек, сўроқ қилинувчи гувоҳ ва судланувчиларнинг кўрсатмасидаги маълумотлар диққат билан ўрганилди ва судланувчиларнинг ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 2-қисми билан тўғри квалификация қилинганлиги аниқланди.
Суд ҳайъати судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда уларнинг ўз айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яъни қарамоғида кекса отаси ва вояга етмаган фарзандлари борлиги, ўзи яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинидан берилган кафолат хатини инобатга олди ва содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасининг жиддий камайтирувчи ҳолатларини ҳисобга олиб, қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига амал қилди ва уларга нисбатан қонунчилигимизда назарда тутилган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни ҳамда дастлабки тергов даврида қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириб, дарҳол суд залидан озод қилиб, оиласи бағрига қайтарилишини лозим топди. Судланувчиларнинг яшаш уйлари озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, кечиримли бўлиш иймондандир. Ҳақиқатан ҳам, инсоният яратилибдики, билиб ёки билмай ҳаётида хато қилиши, ўз олдига қўйган мақсадидан адашиб кетиши мумкин. Зотан, адашганларни тўғри йўлга бошлаш, уларнинг камчилик ва хатоларини биргаликда бартараф этиш азал-азалдан аҳиллик ва ҳамжиҳатликка интилган халқимизга хос олий фазилат саналади.
Хуршид ХОЛИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Қибрай туман суди судьяси,
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини катта қизиқиш билан тинглаш орқали ҳар бир ватандошимиз кўнглида халқими...
01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Ўлкамизда баҳаво, сўлим гўшалар бисёр. Уларнинг ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами бор. ...
01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга.