Ваколатлардан тўла фойдаланиш ташаббускорлик, фидойиликни талаб этади

/
Сайловчилар ишонч билдирган вакиллар фуқароларни ўйлантираётган у ёки бу масалада мутасадди идораларга депутатлик сўрови киритиши ва ижрони назорат қила олиши кутилган натижаларни беради, албатта. Шу мақсадда халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли орасига кириб бориш, одамларнинг ўй-ташвишларини тинглаш, мавжуд масалаларга қонуний ечим топиш ҳамда партиямизнинг дастурий вазифаларини рўёбга чиқаришга эътибор қаратишмоқда.
— Гуруҳимиз аъзолари билан ўзаро мулоқотларда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда депутатлик сўровларининг аҳамияти катталиги, бу воситадан унумли фойдаланиш муҳимлиги ҳақида кўп баҳслашамиз, — дейди мазкур депутатлик гуруҳи раҳбари Саидолим Абдураҳмонов. — Айниқса, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида сайловчилар билан кўпроқ мулоқот қилаётганимиз амалиётда депутатлик сўровига доир ваколатимиздан кўпроқ фойдаланишга бўлган талабни оширди.
Тўғри, кўпинча бирор мутасадди ташкилот раҳбари номига киритилган депутатлик сўровида кўтарилган муаммолар дарҳол ҳал бўлиши қийин. Баъзан тегишли идора ёки ташкилотлар раҳбарлари билан атрофлича суҳбатлашиш, аҳоли қўйган масалани ечмасликнинг иложи йўқлигини тушунтириб бериш зарурати ҳам туғилади.
— Депутатнинг асосий вазифаларидан бири сайлов округида иш олиб бориш саналади, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси Баҳромжон Ҳайитбоев. — Кейинги ойлар давомида бу иш анча жонланганлигини айтиб ўтиш ўринлидир. Айниқса, аҳоли билан учрашувлар яхши самара бермоқда. Жорий йилнинг июль ва август ойларида тўртта депутатлик сўрови тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборгандим. Уларда қайд этилган масалаларнинг барчаси фуқаролар билан ўтказилган бевосита мулоқотларда кун тартибига қўйилганди. Ҳозир мазкур сўровларнинг ижроси устидан назорат ўрнатилган. Масалан, “Саркор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Обрўли” кўчасини асфальт қилиш юзасидан киритилган депутатлик сўровига жавобан туман ҳокимлиги мутасаддилари масалани ўрганиб чиққанлиги ва жорий йилнинг 4-чорагида ҳал этилишини билдиришган.
Қарийб чорак асрдан бери врач-ревматолог бўлиб ишлаб келаяпман. Шифокор сифатида фуқаролар билан учрашувларда уларнинг фикр-мулоҳазаларини атрофлича ўрганаман. Билдирилган талаб-истакларни келгусидаги фаолиятимда инобатга олишга ҳаракат қиламан. Бу ҳақда ўзим ишлайдиган бирлашмамизда ташкил этилган “Адолат” СДПнинг бошланғич ташкилоти аъзолари билан ҳам маслаҳатлашиб турамиз. Партиядошларимиз ҳозирги пайтда бирлашмамизда етакчи куч ҳисобланади, десам муболаға бўлмайди, муассасамизда саксондан ортиқ сафдошларимиз бор.
Депутатлик гуруҳимиз аъзолари партия фаоллари билан биргаликда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда. Юзма-юз суҳбатлар жараёнида одамларни қийнаётган масалалар аниқланиб, уларнинг кўпчилиги депутатлик сўровлари ёки тегишли ташкилотларга мурожаатлар билан чиқиш орқали ечимини топмоқда. Фуқаролар билан учрашувларда, хусусан, тиббиёт соҳасига доир амалдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилмоқда.
Сайловчилар билан мулоқотлар жараёнида мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари ҳамда келиб чиқиш сабаблари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмоқдамиз. Мурожаатларнинг мавзуси ҳам турлича — ичимлик суви танқислигидан тортиб томорқа майдонларини суғориш имконияти йўқлиги-ю бир қатор ички йўлларнинг яроқсизлиги, жамоат транспорти қатнови кўнгилдагидай эмаслиги каби масалалар. Таъкидлаш жоизки, ушбу мурожаатлар депутатлик сўровларининг аксариятига асос бўлмоқда. Депутатлик фаолияти серқирра ва кенг мазмунлидир. Лекин биз ҳар доим ҳам ўз вазифаларимизни тўлиқ бажаришнинг уддасидан чиқмоқдамиз, деб айта олмаймиз. Масалан, баъзида ойлаб тадбирларда иштирок этмайдиган депутатларимиз бор. Сайловчилар билан учрашувларни мунтазам ўтказмайдиганлар ҳам учрайди. Ёки оммавий ахборот воситаларида чиқишни олайлик. Шу йилнинг июль-август ойларида депутатлик гуруҳимизнинг бирорта аъзоси на матбуотда, на телевидениеда, на радио ёки сайтда чиқиш қилган. Мавзулар эса кам эмас, бутун мамлакатда янгиланишлар жараёни жадал кетмоқда. Уларга муносабат билдириш, халққа мазмун-моҳиятини тушунтириш депутатнинг вазифаси эмасми?
— Замон талабидан келиб чиқиб, фаолиятимизга баҳо берадиган бўлсак, ҳали жуда кўп иш қилишимиз зарурлиги аён бўлади. Энг аввало, камчилик ва нуқсонларга барҳам бериш лозим. Ўз ваколатларимиздан тўла фойдаланишга одатланиш керак, — деб суҳбатни давом эттирди С.Абдураҳмонов. — Яқинда депутатлик гуруҳининг кейинги даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилдик. Очиғини айтганда, ўзимиз ҳам қониқиш ҳосил қилмадик. Тўғри, депутатларимиз жойларда ечимини кутаётган мавжуд муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга ҳар ойда 5-6 тадан депутатлик сўрови юбориб, ижрони назоратга олишмоқда. Ушбу депутатлик сўровларининг бир қисми ҳал бўляпти ҳам. Лекин уларнинг мавзусини кўздан кечирсак, аксарияти бир хил. Айниқса, ичимлик суви, табиий газ таъминоти ёки автомобиль йўлларининг ҳолати. Шундай экан, нега ҳар бир соҳадаги ҳолатни умумлаштириб, маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссияси ёки сессия муҳокамасига олиб чиқмаймиз? Бошқа қатор йўналишлардаги ишларни ҳам фаоллаштириш талаб этилади. Депутатларимиз сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда жуда кўп усул ва услублардан фойдаланишлари мумкин. Аммо ҳисоботларга назар ташласак, мансабдор шахсларнинг эшитувини ташкил этиш, доимий комиссияларга таклифлар тақдим қилиш, сессияларга масала киритишда ниҳоятда оқсамоқдамиз. Шунинг учун фаолиятимизга танқидий ёндашиб, мазкур масалаларда силжишга эришишга ҳаракат қилмоқдамиз.
— Бу йил коллежимизни битирган 165 нафар ўқувчи мустақил ҳаётга йўлланма олди. Айни пайтда улар эгаллаган касблари бўйича иқтисодиётнинг турли соҳаларида меҳнат қилишмоқда, — дейди депутатлик гуруҳи аъзоси, Чортоқ транспорт ва алоқа коллежи директори Олимхўжа Мақсудов. — Битирувчиларимиз амалиёт чоғида ўзлари ишлайдиган жойда малакали ишчи ёки ходим сифатида фаолият кўрсата олишларини исботлаган. Шунинг учун ҳам ишга жойлаштириш бўйича беш томонлама шартномалар барвақт имзоланган эди.
Бундай натижаларга эришишда кўплаб “Адолат” СДП аъзолари меҳнат қилаётган педагогик жамоамизнинг ҳиссаси бор. Ўқитувчиларимиз ва ишлаб чиқариш усталари ёшларга ҳунар ўргатиш билан бирга яхши таълим-тарбия ҳам беришмоқда. Бундай устозлар сирасига Бахтиёр Ниёзматов, Акмалхон Холматов, Дилдора Қосимова, Баҳодир Саидаҳмедов каби педагогларни киритиш мумкин.
“30-Ҳазратишоҳ” сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат сифатида электорат ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилаяпман, сайловчилар билан мунтазам алоқа йўлга қўйилган. Улар билан белгиланган жадвал асосида учрашиб тураман. Ҳар бир мулоқотда фуқаролар қўядиган масалаларнинг ечимини топишга интиламиз.
Мисол учун, яқинда бир гуруҳ сайловчилар “Ҳазратишоҳ” қишлоғидаги ички автомобиль йўллари қаровсиз ҳолда эканлиги, бу эса автотранспорт қатновига халақит бераётгани ҳақида мурожаат қилишди. Партиямиз фаоллари билан масалани атрофлича ўргандик. Айни пайтда шу муаммолар юзасидан киритилган депутатлик сўровига мувофиқ мутасадди ташкилотлар қўйилган масалани жиддий ўрганишга киришдилар.
Яна бир мурожаатга тўхталсак. “Ҳазратишоҳ” қишлоғида яшовчилар ҳудудда ичимлик суви таъминоти масаласида қийинчиликлар туғилаётганини билдирдилар. Шикоят ўрганилганда, ўша атрофдаги бир нечта ерости қудуқлари узлуксиз ишламаётгани аниқланди. Бунга сув насосларининг техник ҳолати яхши эмаслиги сабаб бўлаётган экан. “Чортоқ ерости ичимлик сув” шўъба корхонаси бошлиғи Ё.Норматовга депутатлик сўрови юборилди. Натижада яхши ишламаётган қудуқларнинг насослари таъмирдан чиқарилди ва соз ҳолатга келтирилди. Уларнинг техник ҳолати устидан доимий назорат ҳам ўрнатилди. Бундан кўпчилик хурсанд бўлди.
Мухтасар айтганда, “Адолат” СДП аъзоси ва депутат сифатидаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда иш олиб бориш партия депутатларининг фаолиятида аниқ акс этиши зарур.
“Adolat” мухбири
Нурбек АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров Узун туманидаги хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрг...
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек,  “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ҳудудларда фуқаролар бандлигини таъминлашга Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоллари ҳам ҳисса қўшмоқда. ...
01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.