Аниқ таклифлар билдирилди

/
Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда ёш олимлар, талабалар иштирок этишди.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракатлар дастурида “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилинишига эришиш белгиланган. Бугунги тараққиёт даври инновацион технология ҳамда ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Партия депутатлари, экспертлар ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш олдидан илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида муҳокама этилмоқда.
Институтнинг ўзбек тили кафедраси профессори, филология фанлари доктори Йўлдош Ибрагимовнинг таъкидлашича, аввало, соҳага доир тушунча ва атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган меъёрлар ўз аксини топганлиги қонун лойиҳасининг аҳамиятли жиҳатларидан биридир.
— Шу билан бирга, лойиҳада “инновациявий ва жорий этиш фаолиятни амалга оширувчи ташкилот инновациявий марказ, бизнес-инкубатор, технополис, технопарк ва шу каби кўринишда фаолият юритиши мумкин”лиги белгиланган, — деди Й.Ибрагимов. — Бу эса, ўз навбатида, олимларимизнинг илмий изланишлар олиб боришда бирлашиб ҳаракат қилишига асос бўлади.
Тадбирда тарих фанлари доктори, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Яхшибека Абдуллаева Сайловолди дастуримизда давлат бюджети, корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ва хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш ғояси илгари сурилганига эътибор қаратди.
— Қонун лойиҳасида илмий ва инновациявий фаолиятни қўллаб-қувватлаш фондларини тузиш масаласи аниқ- равшан кўрсатиб ўтилган, — деди Я.Абдуллаева. — Муҳими, мазкур ҳужжатда инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилган ҳамда илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар, уларнинг ваколатлари, илмий ҳамда инновациявий фаолият субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилган.
Давра суҳбатида иштирокчилар қонун лойиҳасининг яна бир қатор муҳим жиҳатлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдириш билан бирга уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ҳам илгари суришди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг 9-моддасида “Илмий ва инновациявий фаолиятни амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахслар илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳисобланади” мазмунидаги қоида назарда тутилган.
Лекин мазкур соҳадаги фаолият айнан қайси ҳудуд доирасида амалга оширилиши мумкинлиги очиқлигича қолган. Бу борада мазкур қоидани мазмунан янада тўлароқ акс эттириш, масалан, “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва хорижий давлатларда илмий ва инновациявий фаолиятни амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахслар илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳисобланади”, деб ифодаланиши айни муддаодир.
Иқтидорли ёшларга қаратилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик натижаси сифатида бугунги кунда илмий тадқиқот фаолиятида юқори натижаларга эришаётган нафақат муайян ёшга етган ҳамда қобилиятга эга бўлган олим ва илмий ходимлар, балки маълум маънода олий таълим муассасаларида таҳсил олиш билан бир қаторда самарали илмий ижод ва тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган иқтидорли талабалар ҳам илмий фаолият соҳасидаги муносабатларда фаол иштирок этаётганлигини инобатга олган ҳолда мазкур қонуннинг 12-моддасига илмий ва инновациявий фаолиятни амалга оширувчи субъектлар доираси иқтидорли талабаларни ҳам қамраб олишини назарда тутадиган қуйидаги қўшимчани киритиш лозим, деган таклиф билдирилди:
“Иқтидорли талаба – жамоатчилик асосида муайян илмий тадқиқот фаолиятида иштирок этаётган, илмий фаолият билан шуғулланиш бўйича етарлича малака ва кўникмаларга эга ҳамда самарали илмий ва интеллектуал фаолият натижаларини қўлга киритган жисмоний шахс”.
Зеро, интеллектуал ҳамда ижодий фаолият билан шуғулланиб, муайян соҳаларда (масалан, ахборот технологиялари, республика ва халқаро илмий танловлар ва ҳоказо) яхши натижаларга эришган талаба ва магистрлар ҳам бевосита илмий ва инновациявий тадқиқот фаолиятини олиб бормоқдаки, уларнинг ҳам ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бевосита мазкур қонун доирасида назарда тутилиши мақсадга мувофиқдир.
Давра суҳбатида эътироф этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг такомиллаштирилиши ва қабул қилиниши илм-фан ютуқлари мамлакат тараққиёти учун хизмат қилишида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Бу каби тадбирлар бошқа олий таълим муассасаларида ҳам давом этмоқда.
Айшолпан УРАЗИМБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД НАРИМОН МАЖИТОВИЧ УМАРОВНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ...
01 янв 1970
Умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш ғояси илгари сурилгач, бу ғояни тезлик билан рўёбга чиқаришга киришилди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда аудиторлик фаолиятини ривожлантириш, бу борадаги қонунчиликни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб к...
01 янв 1970
Бугунги кунда бирон-бир ашёни текинга фойдаланиш шартномаси фуқароларимиз орасида кенг тарқалган шартнома турларидан бири ҳисобланади....