Замонавий тиббиёт фарзандсиз инсонларга ота-оналик бахтини бера олади

/
Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бир қатор хорижий компаниялар ҳамкорлигида “Ўзбекистонда инновацион ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этиш истиқболлари ва усуллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш, Адлия ва Молия вазирликлари, Бош прокуратура, Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари, халқаро экспертлар, партия фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров иштирок этди ва сўзга чиқди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш, ёш авлоднинг баркамол вояга етишлари учун шарт-шароит яратиш ва бу жараёнда ҳар бир оиланинг иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бугунги кунда репродуктив саломатлик ва бепуштлик дунё миқёсида ўта муҳим тиббий-ижтимоий ва ижтимоий-психологик муаммо бўлиб қолмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашига кўра, дунёда репродуктив ёшдаги жуфтликлар ўртасида бепуштлик ўртача 13-15 фоизни ташкил этади.
Бепуштлик жуфтликлар орасида ижтимоий ва психологик ноқулайликларга, оилада ихтилофли вазиятларга, ажралишлар сонининг ортиб боришига олиб келади. Бепуштликдан озор чеккан шахслар ҳиссиётга берилишга мойил бўлиб, бу умумий иш фаолиятининг пасайишига олиб келади.
— Юртимизда аҳолининг кенг қатламига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тизимга инновацион технологияларни кенг жорий қилиш ва соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаcи партиямиз Сайловолди дастуридаги устувор вазифалардан биридир, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров. — Азалдан болажон халқимизда фарзанд оила қувончи, унинг мустаҳкамлиги гарови, авлодлар давомчиси саналади. Афсуски, жамиятимизда эр ёки хотиннинг хасталиги туфайли фарзанд кўриш бахтидан мосуво бўлиб қолаётган оилалар ҳам учраб туради. Бугун замонавий тиббиётда қўлланилаётган инновацион репродуктив технологиялар орқали зурриёт қолдириш имконияти яратилган. Аммо республикамизда замонавий тиббиётнинг бундай тури амалиётда мавжуд бўлмаганлиги сабабли ҳозирги пайтда бефарзанд оилалар Ҳиндистон, Исроил, Германия сингари давлатларга бориб, муолажа олишга мажбур бўлмоқда. Ваҳоланки, юртимизда бу муолажани ривожланган мамлакатларникидан қолишмайдиган даражада ва бир неча баробар арзонроқ нархда амалга ошириш имконияти мавжуд. Бунинг учун эса, энг аввало, соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини яратиш зарур.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, айни пайтда экспертларимиз мазкур соҳани тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида изланишлар олиб бормоқда. Тиббиётнинг замонавий турларини мамлакатимизда жорий этиш ва унинг ҳуқуқий асосларини яратиш учун, албатта, халқаро тажрибани ўрганиш жуда муҳим.
Бир сўз билан айтганда, махсус қонун асосида илғор репродуктив тиббий хизмат турини мамлакатимизда жорий қилиш ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Бу орқали фарзандсизлик муаммоси туфайли бузилиб кетаётган оилаларни сақлаб қолиш, одамларни оналик ва оталик бахтига муяссар этишдек эзгу ҳамда хайрли мақсадларга эришиш мумкин.
— Ўзбекистонда ҳам бепуштлик муаммоси мавжуд, — деди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Дилбар Нажмутдинова. — Мамлакатимиз аҳолисининг 15,7 миллион нафари аёллар бўлиб, уларнинг 8 миллион нафардан ортиғи репродуктив ёшдадир. Юртимизда ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, никоҳ қурган аёллар орасида бирламчи бепуштлик билан азият чекувчилар ўртача 5 фоизни ташкил этади. Бу рақамлар аёлларда бепуштлик муаммосини бартараф этиш мақсадида республикамизда ёрдамчи репродуктив технологияларни ривожлантириш муҳимлигини кўрсатмоқда. Тиббиётда замонавий технологиялар аёлларда ҳамда эркакларда бепуштлик муаммосини муваффақиятли ҳал этади.
Давра суҳбатида ёрдамчи репродуктив технологияларни Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш юзасидан депутатлар, олимлар ва халқаро экспертлар ўзаро фикр алмашдилар. Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан соҳага алоқадор халқаро компаниялар ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди ва Идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бобур ТУНГАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган маросим бўлди...
01 янв 1970
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб, Шанхай ҳамкорлик таш...
01 янв 1970
— Жисмоний шахслар ўртасида кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш учун қанақа ҳужжатлар талаб қилинади? ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари замон талаби асосида фаолият олиб бор...