Юзма-юз мулоқотларда аҳоли манфаатлари рўёбга чиқмоқда

/
Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усули йўлга қўйилгани инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида жойларда ташкил этилаётган юзма-юз мулоқотларда ечимини кутаётган қатор муаммолар ҳал этилмоқда.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фуқароларни ўйлантираётган масалаларни бартараф этишга кўмаклашиш, уларнинг мурожаатларига бўлган эътибор янада ортди. Бу борада маҳаллаларда хонадонларга кириб бориб, сайёр тадбирлар ўтказилаётгани ҳам амалий натижалар бермоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов бошчилигида партия фаолларидан ташкил топган ишчи гуруҳи аъзоларининг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида Бухоро ва Навоий вилоятларида учрашувлари ўтказилди.
Мазкур ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида Навбаҳор туманидаги “Янги йўл” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи сайловчилар билан юзма-юз мулоқот ташкил этилди. Очиқ мулоқотлар чоғида фуқаролар томонидан таълим, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаси, озиқ-овқат таъминоти, бандлик, ободонлаштириш ва бошқа шу каби масалалар юзасидан йигирмадан зиёд мурожаатлар келиб тушди.
Хусусан, айрим таълим муассасаларида кам таъминланган оилаларнинг болаларига давлат томонидан ажратилаётган янги кийим-кечак, пойабзал тўпламини ногирон ўқувчиларга берилмаётганлиги, чет элда ишлаб қайтган фуқаролар тиббий-кўрикдан ўтишида оворагарчиликларга дуч келаётганлиги, хонадонларни табиий газ билан таъминлаш қониқарсиз ҳолатда эканидан шикоят қилишди.
“Янги йўл” маҳалласида жойлашган 19-умумтаълим мактаби 180 ўринга мўлжалланган бўлса-да, мазкур муассасада ҳозирда 320 ўқувчи таълим олмоқда, шу боис маҳаллада мактаб филиалини очишга эҳтиёж бор. Мактабларда давра суҳбати, семинар ва тадбирлар учун фаоллар зали, айрим таълим даргоҳларида ошхона мавжуд эмас. “Ёшлар” кўчасининг 1 километр қисмини асфальтлаш, маҳалла ҳудудида футбол майдонини барпо этиш лозим.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун мутасадди ташкилотлар томонидан берилаётган кўмир сифати қониқарсиз эканлиги, “Ёшлик” кўчасидаги хонадонлар ичимлик суви билан таъминланмаганлиги ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Партия фаолларининг ташаббуси билан тумандаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, молия бўлими ва мактаб маъмурияти билан келишилиб, маҳалладаги имконияти чекланган ўқувчиларнинг рўйхати шакллантирилди ва уларга имтиёзли равишда мактаб ўқув қўлланмалари, кийим-кечак, пойабзал тўплами бериш йўлга қўйилди.
Учрашувда аҳолини қийнаётган мавжуд муаммолар ва камчиликлар чуқур таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларга эътиборсизлик билан қараган мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига депутатлик сўровлари киритилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгилаш, ижросини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, жойларда учраётган камчиликларга, фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжларига жиддий масъулият билан қараш лозимлиги таъкидланди.
Кармана туманининг “Сардоба” маҳалласидаги юзма-юз мулоқотлар ҳам фойдали бўлди. А.Раҳмонов бошчилигида партия фаоллари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳи маҳалла ҳудудида янги ташкил топган умумий ногиронлар ётоқхонасида имконияти чекланган фуқаролар билан суҳбатлашдилар.
Ишчи гуруҳ аъзолари мазкур муассасада яратилган шароитлар билан танишганида канализация қувурларида носозликлар борлигини аниқлашди. Партия фаоллари ушбу масала юзасидан уй-жой коммунал ширкати мутасаддилари билан фикрлашгач, тез фурсат ичида масала ҳал этилишига эришилди.
Халқимиз меҳнаткаш, тумандаги қишлоқларда ҳам одамлар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласи фаровонлигини оширмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
“Сардоба” маҳалласида яшовчи Раҳбар ая Аминова томорқадан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олганлардан. Нафақада бўлса-да, ўғиллари ва келинлари билан мўъжазгина экин майдонида ризқ-рўз ундириб, оила тўкин ҳаёт кечирмоқда. Қиш-баҳор ойларида 2 сотих майдондаги иссиқхонада лимон етиштирилади. Раҳбар ая томорқасида етиштирилаётган лимон харидорларга манзур бўлаётгани ҳақида сўзлаб берди.
Мулоқотлар давомида юртимизда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида яратилаётган кенг шароитлар, банк, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиб-қоидалари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди, фаолият бошлаётган ёш тадбиркорларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилди.
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жорий йил май ойида Вобкент туманида бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилган эди. Ана шу учрашув ва мулоқотлар давомида вобкентлик фуқаролар Чашмаи Айюб мақбарасини ободонлаштириш ва уни туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилишганди. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев мазкур ноёб обидани ободонлаштириб, уни мамлакатимиздаги туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилганлиги натижасида ўрта асрлар меъморчилигининг юксак намунаси бўлмиш Чашмаи Айюб мақбарасида маҳаллий ҳокимият ва ҳомийлар кўмагида кенг кўламли қайта тиклаш ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.
Мазкур тарихий қадамжода бўлиб ўтган учрашувда Абдукамол Раҳмонов ва партия фаоллари вобкентлик фуқаролар, қурувчи ва ҳашарчилар билан суҳбатлашди. Партия ташаббуси билан “Хайробод” қишлоғидаги мазкур тарихий обидани ободонлаштириш ва қайта таъмирлашга эътибор қаратилганлиги учун вобкентлик фуқаролар мамнун эканини айтишди. Шу билан бирга, амалга оширилиши зарур бўлган галдаги ишлар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Жумладан, сайёҳларнинг эҳтиёжлари ва талабларига жавоб берадиган туризм индустрияси объектларини ривожлантириш мақсадида янги меҳмонхоналар, умумий овқатланиш объектлари, транспорт-логистика тузилмалари, йўлбўйи инфратузилмаси қурилишига доир таклифларни баён этишди. Фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари партия фаоллари ва депутатлари томонидан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилишига келишилди.
Ромитан туманидаги “Ўба” маҳалласида ўтказилган сиёсий ўқув ҳам фуқароларнинг билимларини янада бойитди. Унда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, соҳалар тараққиётига доир янгиланишлар, жаҳонда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида сўз юритилди. Жондор, Қоракўл ва Шофиркон туманларидаги бир қатор маҳаллаларда бўлиб ўтган тадбирлар ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Ушбу ўқув тадбирларида партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Бухоро вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Мақсуд Ҳамидов, туман ва шаҳар партия кенгашлари ходимлари, маҳалла лекторлари ҳамда фаоллари иштирок этишди.
Машғулотларда фуқароларнинг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг сиёсий маданиятини ошириш, уларда ташаббускорлик руҳини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати бош мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Когон шаҳрининг истироҳат боғида старт берилган “Аҳолининг тиббий мадания...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатларнинг масъулияти яна ҳам ортди.&n...
01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча соҳалари босқичма-босқич ислоҳ этилаётган ҳозирги даврда энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича с...
01 янв 1970
Юртимиз бўйлаб истиқлол шодиёналари шукуҳи кезмоқда, шу кунларда ушбу қутлуғ айём муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бошлаб юбор...