Ватанга бахшида умр

/
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳи олдида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳайкали очилди. Шундай маросим 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.
Тарихнинг шундай давр ва лаҳзалари бўладики, вақт тушунчаси уларнинг маъно-моҳиятини тўла очиб беришга ожизлик қилади. Чунки қатрада қуёш акс этганидек, бу лаҳзалар миллатнинг тақдирига, миллий ва маънавий тараққиётга бевосита дахлдор бўлиб, тарих саҳифаларига мустаҳкам нақшланиб қолади.

Йигирманчи аср адоғида халқимиз оламшумул тарихий ғалабага эришди — истибдод занжирлари узилиб, миллий мустақилликка эришдик, тақдиримизни ўз қўлимизга олдик, қизил салтанат исканжасидан, унинг ғайриинсоний мафкураси ва сохта қадриятларидан озод бўлдик. Ўта оғир ва мураккаб шароитда қўйган дастлабки қадамларимиз даврнинг қалтис синовларига тўғри келди, не бахтки, халқимизнинг буюк бардоши, сабр-қаноати боис, бу синовлардан зиён-заҳмат кўрмай, тинч-омон ўтиб олдик, янги жамият барпо этиш, янги баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги ҳаракатларимиз асло сусаймади.
Истиқлол шароитида кечган умримизнинг ҳар тонги, ҳар оқшоми бизни ҳам, мустақилликни ҳам улғайтирди, вояга етказди. Бу улуғ неъмат ҳар биримизнинг қалбимизга, онг-шууримизга шу қадар чуқур сингдики, эндиликда ҳеч ким ўзини ҳуррият туйғусидан айро ҳис эта олмайди.
Йигирманчи аср адоғида халқимиз ҳаётида юз берган буюк бурилиш, шубҳасиз, Ислом Каримовдек забардаст, шижоатли раҳбар, узоқни кўра олувчи йўлбошчи, фикри тиниқ сиёсий арбобнинг номи ва фаолияти билан боғлиқ ва шундай бўлиб қолади. Тарихдан маълумки, эришилган ғалаба сақлаб қолинган ва мустаҳкамланганидагина аҳамиятга эга бўлади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида мамлакат олдида турган бош тарихий вазифа собиқ тузум асоратларидан тезроқ халос бўлиш, одамлар онг-шуурига янги жамиятнинг янги ғояларини сингдириш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш, жамият ҳаётида ижтимоий адолатни тиклаш эди. Ислом Каримов раҳбарлигида миллий тараққиётнинг Ўзбекистонга, халқимиз турмуш тарзи ва менталитетига мос келадиган янги модели ишлаб чиқилди. Истиқлол йилларида оғир синовлардан ўтган ва дунё миқёсида расман тан олинган бу модел, аввало, мамлакатда янги, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг давлатимиз раҳбари таклиф этган тамойилларига, халқимизнинг куч-қудрати ва интеллектуал салоҳиятига асосланганди. Бу тамойилларнинг моҳияти ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчилиги, қонун устуворлиги, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш, шошма-шошарликка йўл қўймаслик каби ўта мураккаб вазифалардан иборат эди. Бугун шуни ифтихор билан айтиш мумкинки, ўтиш даврида Ўзбекистонда Ислом Каримов раҳбарлигида орттирилган тажриба дунё давлатчилик тарихида ўзига хос саҳифа бўлди.
Инсоният йигирма биринчи асрга эзгу ниятлар билан қадам қўйди. Йигирманчи асрнинг кўпдан-кўп талотўплари, қирғинбарот урушлари, тинчлик-тотувликка, аҳил-иноқликка раҳна солувчи хатти-ҳаракатлар эски юз йилликда қолиб кетади, башарият ҳаётида янги масъулиятли саҳифа очилади, дея умид қилинганди. Афсуски, бундай бўлмади. Бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш, шахсий манфаатлар кураши, сиёсий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий бузғунчилик, қўпорувчилик ҳаракатлари, дунё минтақаларида қонли можаролар келтириб чиқариш, нифоқлашаётган томонларни бир-бирига қасддан гиж-гижлаш янада фаоллашди. Мамлакатимиз мисолида айтадиган бўлсак, мустақил давлат сифатида оёққа тураётган юртимизга турли ғаразли оқимлар, бузғунчи ғоялар, маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ёт иллатлар кириб кела бошлади. Ахборот хуружи, ёш авлод онги ва қалбини эгаллаш учун кураш авж олди. Ислом Каримов халқимизни бундай шароитда лоқайд бўлмасликка, дунёда турли мафкуралар, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар тортишуви кундан-кунга кескин тус олаётган бир пайтда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга, истиқлол иморатининг маънавий-маърифий пойдеворини мустаҳкамлашга даъват этди. Мустақил давлатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатини, яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган режаларини белгилашда халқимизнинг тарих синовларидан, асрлар бўҳронидан ўтган тажрибасига, юксак инсоний фазилатларига, миллий ва маънавий қадриятларимизга суянган ҳолда белгилади.
Нияти холисликдан йироқ кучлар Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва элатлар вакиллари орасига нифоқ солишга, аниқроғи, уларни ваҳимага солишга жон-жаҳди билан уринаётган бир пайтда Президентимизнинг “Шу азиз Ватан — барчамизники!” деган улуғ ва мўътабар шиори юзага чиқди. Шу тўрт сўз боис қанчадан-қанча ғаразли фитналарнинг олди олинди. Ислом Каримов халқни буюк келажак йўлида бирлаштириш, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг мустақил она Ватанимиз — умумий бешигимиз бахт-саодати учун жон куйдириб, элим, юртим деб ёниб яшашига эришишни ўзининг буюк мақсади деб билди ва бунга эришди ҳам.
Вақтнинг ўтиши — тўхтовсиз жараён. Тарих саҳифасидан жой олаётган ҳар бир йил маъно-мазмунига, эзгу амалларига кўра бир-бирини тўлдириб, бири иккинчисини давом эттириб бораверади. Бинобарин, истиқлол солномаси ҳам янги ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган янги ютуқлар билан бойиб боришдан тўхтамайди. Келажак авлодлар бу солномага қараб, халқимиз учун энг буюк неъмат бўлган мустақиллик қандай қўлга киритилгани, бу йўлда қандай қурбонлар берилгани, халқимиз қалбини ёритган, пешонасини силаган бу илоҳий неъмат қандай асраб қолинганини шу солнома саҳифаларини варақлаб билиб олади ва иқтисод, ташқи сиёсат, маърифат ва маънавият, ўтмиш тарихга, дин ва диндорларга муносабат, буюк келажак режалари, янги авлодни тарбиялаш билан бир вақтнинг ўзида шуғулланишни уддалаган Ислом Каримов феноменига баҳо беради.
Ислом Каримов янги жамиятнинг навқирон авлоди тарбиясига ва, умуман, маънавият масалаларига алоҳида эътибор берди.
“Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин”, “мафкуравий хуружлар миллий ва диний томирларимизга болта уришини унутмайлик”
деган сўзларни қайта-қайта такрорлашдан чарчамади.
Асарларида, хусусан, “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида маънавиятнинг маъно-моҳиятини узоқ йиллик ҳаётий кузатишлари, мустақиллик йиллари тажрибалари ва бугун дунё миқёсида юз бераётган шиддатли воқеа-ҳодисалар, ахборот оламининг глобаллашуви ва бу мураккаб жараёнларнинг инсон руҳий оламига таъсири мисолида аниқ-равшан таърифлаб берди:
“Маънавият — инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, имон-эътиқодини бутун қиладиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч, унинг барча қарашларининг мезонидир. Менинг назаримда, “маънавият” тушунчаси жамият ҳаётидаги ғоявий, мафкуравий, маърифий, маданий, диний ва ахлоқий қарашларни ўзида тўла мужассам этади”.
Ислом Каримов ёшлар қалбига Ватанни севиш туйғусини олиб кирди. Барчамизни огоҳ бўлиб яшашга, ҳушёрликни қўлдан бермасликка ўргатди.
“Бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво бўлиб қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамдан қўрқиш керак. Чунки уларда на иймон, на ирода бўлади. Улар ҳатто ўз халқи ва Ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди. Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради”.
Ислом Каримов ўз сафдошларини раҳбарлик, бошқарувчилик, элбошилик одоби ва маданиятига, ишонч ва масъулиятни дилдан ҳис этишга ўргатди, имон-эътиқоди мустаҳкам, қалби шижоатга тўла, эл-юрт дарди билан ёниб яшайдиган фидойи шогирд тарбиялади. Унинг “Одамлар орасида кўпроқ бўлинглар, кеккайиб кетманглар, ғўдайманглар, оёғингиз ердан узилмасин” деган сўзларини унутмаганлар ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлдилар, бу ўгитлар бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетганларнинг эса юзи шувит бўлди.
Биринчи Президентимиз “Бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман”, деди ва сўнгги нафасигача шу ниятига қатъий амал қилди.
Олий Кенгашнинг 12-сессиясида (1992 йил, 2 июль) сўзлаган нутқида шундай деган эди:
“Дунёга келган чақалоқ аввал эмаклаб, кейин тетапоя бўлади. Вазият шундай келдики, мустақил Ўзбекистон туғилган куниёқ оёққа туришга, ўзи юришга мажбур бўлди. Қарз олиш осон, лекин уни бир кун келиб тўлаш ҳам керак. Биз фақатгина бугунги кунни эмас, балки эртамизни, келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз зарур. Бугун биз хато қилиб қўйсак, фарзандларимиз келажакда яна қоқилиб қолишини ҳисобга олмасак, бу — катта гуноҳ бўлади. Озодлигимизни, иқтисодий мустақиллигимизни йўқотмасдан, ким билан, қайси давлат билан муносабат ўрнатмайлик, халқимизнинг иззатини жойига қўядиган, унинг тенглигини таъминлайдиган йўлни танлашимиз керак бўлади...”.
Ислом Каримов халқнинг иззат-икромини жойига қўйиб, жонини фидо қилиб яшади. Йигирма беш йил ичида янги эл, янги юрт, янги Ватан юзага келди. Бугун бу улуғ Йўлбошчи бошлаган ишларни унинг муносиб шогирди Шавкат Мирзиёев янгича шиддат, қатъият, жасорат ва матонат билан давом эттирмоқда. Эл ичига юриш, элни тинглаш, дардига қулоқ тутиш, муаммоларини ҳал этиш буюк ҳаракатга, айтиш мумкинки, қудратли тўлқинга айланди. Бу ҳаракат Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятининг олдинги сафларига олиб чиқиши шубҳасиз.
Истиқлол йўли, биз кўзлаган манзил шундайки, унга етишиш учун тўхтовсиз ғайрат қилмоқ, бу йўлни покиза сақламоқ, ҳосил боғларини тинимсиз парваришламоқ, хас-хашак, қуриган шох-шабба, мевасиз новдалардан халос этмоқ, ҳар бир дарахтга шакл-шамойил бермоқ, янги ниҳоллар билан бойитмоқ, мева тугиш давридан ўтганларидан воз кечмоқ, қай бир ўзанларни янгиламоқ, истиқлол иморати пештоқларига янгича улуғворлик ва салобат бағишламоқ, элни рози қилиб яшамоқ зарур бўлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклиф этган ва бугун бутун мамлакат бўйлаб қанот ёзаётган Ҳаракатлар стратегиясининг маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси шундай. Бу ҳаракатда иштирок этиш барчамизнинг фаол фуқаролик бурчимиздир. Ҳаётини Ватан равнақи, ободлиги, келажаги йўлида бахш этган Ислом Каримов хотирасига ҳурмат-эҳтиромимиз асосида ҳам ана шундай мақсад ётади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
“Дўстлик” ордени соҳиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2012 йилда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг амалий санъат йўналиши бўйича вилоят босқичида I ўринни эгалладим....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...
01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Чеченистон маданият вазири Хож-Бауди Дааев ижтимоий тармоқларда юртдошлари томонидан машҳур бўлиб кетган чечен поп-хонандаларига ҳукуматнинг рухсат...