Уйғонаётган фикр

/
Вақт шиддат билан ўтиб боради. Муҳимлиги билан бир-биридан қолишмайдиган эврилишлар занжири асло узилмайди. Ҳар бир даврнинг кашфиёт янглиғ воқеалари, хулоса ва сабоқлари бўлганидек, инсон умрининг вақт тушунчасида акс этадиган ҳар бир бўлагида ҳам умр мазмунига татигулик ўзгаришлар бўлиб туради. Бугун кечани, эрта бугунни янгилайди, мазмунан тўлдиради. Қайси бир хулоса, қайсидир баҳо ёки қараш ўзгаради, хато-камчиликлар аниқланади, аммо улғайиш, янгиланиш деб аталмиш бу табиий жараён идрокимизни тўхтовсиз тиниқлаштиради, тафаккуримиз уфқларини кенгайтиради, шу боис, унинг ҳар бир куни ҳар тонг отиши билан бемисл тарихга айланади. Ҳар субҳи содиқ янги фикр, янги ният, орзу-умид, биз интилишимиз ва эгаллашимиз зарур бўлган янги марралар насимини олиб келади. Ҳаёт деганлари тиним билмайдиган мана шундай ноёб чархпалак.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғида дунёда, собиқ иттифоқда юз берган, ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда кечган, онг-шууримизга муҳрланиб қолган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар, янгича ва эскича қарашларнинг аёвсиз тўқнашуви, мустабид тузумнинг парчаланиши, қизил мафкура тамойилларининг таназзули, етмиш йилдан ортиқ вақт дунёнинг катта бир қисмини ўз хоҳиш-иродасига бўйсундириб, ўз фуқароларини қон қақшатиб, жон-жонини суғуриб келган давлатнинг сиёсий саҳнадан тушишини ўшанда кимлардир тарихнинг кечириб бўлмас хатоси сифатида қабул қилгани сир эмас. Аммо фикр ирмоқлари ҳали қуриб битмаган, тафаккури уйғоқ, зеҳни баланд, томирларида аждодлар руҳи сўнмаган кишилар бу воқеаларни мағзи пуч ҳар қандай ғоянинг умри қисқа эканлиги далолати сифатида дилдан қувониб қабул қилганлари ҳам бор гап. Халқимиз мана шундай — ҳар жиҳатдан мураккаб ва қалтис бир шароитда ўз мустақиллигини қўлга киритди, иқтисодий исканжа гирдобида қолган бўлса-да, орқага чекинмай, қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб, миллий ривожланиш ва тараққиёт йўлини белгилаб олди.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидаёқ ҳаётнинг ўзи Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғрилигини исботлади. Янги жамиятнинг тақдири, миллатнинг келажаги, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган юздан ортиқ миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқлиги, бир мақсад йўлида “Шу азиз Ватан — барчамизники” дея фидойилик қилишлари мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг халқчил ва адолатлилигига боғлиқлигини англаб етдик. Яна бир ҳақиқат: Ўзбекистон ўз олдига энг юксак, ўта масъулиятли вазифаларни қўяр экан, уларни бажариш фақат ўзимизнинг қўлимизда, ҳеч ким ташқаридан келиб муаммоларимизни ҳал этиб бермаслиги ҳам аён бўлди. Бу эса одамларда ижтимоий фаоллик, мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтирди. Натижада Ўзбекистон қисқа муддат ичида жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли, эртанги куни аниқ аъзосига, иқтисодий алоқаларда ишончли ҳамкорга айланди. Истиқлолдек улуғ неъматни сақлаб қолиш билан бирга, унинг иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий асослари мустаҳкамланди, янги баркамол авлод тарбияси йўлга қўйилди. Тадбиркорлик, ишбилармонлик мамлакатда умумхалқ ҳаракати мақомига кўтарилди. Жамиятда янги мулкдорлар синфи шаклланди. Одамларга ўз меҳнатлари самараларидан баҳраманд бўлиш имконияти берилди.
Биз узоқ йиллар давомида ўз тарихимизни холис ва ҳаққоний ўргана олмадик, улуғ аждодларимиз қолдирган илмий, маънавий меросдан бебаҳра яшадик. Собиқ тузум мафкураси бунга йўл бермади. Бу мафкура бизни Амир Темурдек буюк саркарда ва давлат арбобидан, темурийзодалар маърифатидан, Имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Қаффол аш-Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Шайх Ҳованд Таҳур каби алломалардан узоқлаштирди. Бундай улуғ ва мўътабар зотларнинг мероси хорижий давлатларда мозийшунос олимлар томонидан қунт билан ўрганилаётган, илмий анжуманлар ўтказилаётган, асарлар ёзилаётган бир пайтда бизда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кишиларнинг онгига коммунист доҳийларнинг коммунизм ҳақидаги чўпчаклари мажбуран сингдирилди. Халқимизнинг неча асрлик миллий қадриятлари оёқости қилинди, тилимиз ва динимиз таҳқирланди. Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган барча ватандошларимизнинг олижаноб ниятлари ва ҳаётий манфаатларини ўзида тўла мужассам этган, маъно-моҳиятига кўра юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ифодалайдиган миллий истиқлол ғояси бундай ғайриахлоқий зўравонликка барҳам берди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, миллий ўзликни англаш жараёни осонликча кечгани йўқ. Бу жараён эски тузум тамомила вайрон бўлган, янги, ёш жамият эса энди-энди оёққа тураётган, унинг ижтимоий муносабатлари аста-секин қарор топаётган бир пайтга тўғри келди. Шароит ўта мураккаб эди, баъзи йўналишларда воқеалар ривожини олдиндан айта олишга кўпларнинг журъати етмасди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан мустақилликнинг биринчи йили ҳазрат Алишер Навоий йили деб эълон қилинди. 1993 йили пойтахтимиз марказида Соҳибқирон Амир Темурга маҳобатли ҳайкал ўрнатилди. Ислом Каримов ана шу маросимда айтган: “Бугун бунёд этилган улуғ бобокалонимиз ҳайкалида теран рамз бор — гўёки жаҳонгир тулпорининг жиловини тортиб турибди, қиличсиз қўлини олдинга чўзиб, жаҳон халқларига омонлик соғинмоқда, “Куч — адолатдадир” демоқда. Донишманд аждодимизнинг мазкур сўзларини мана шу муҳташам ёдгорлик пойига зарҳал ҳарфлар билан битар эканмиз, замонлар тажрибасидан ўтган бу бебаҳо ҳикматнинг қалбларимизда доимо акс-садо бериб туришини орзу қиламиз” деган сўзлари ўшанда узоқ-яқинимиздаги баъзи эҳтиёткорлар ўйлаганидек, мустақил Ўзбекистоннинг ўтмишга юз тутиши эмас, ривожланган дунё ҳамжамияти сари маданий-маърифий интилишининг дадил ва жасоратли белгиси эди. Орадан кўп ўтмай, бунга барча-барча амин бўлди.
Истиқлол солномаси бугунги авлодларнинг келажак наслларга қолдираётган буюк меросидир. Унинг саҳифалари халқимизнинг жасоратли меҳнати, ғайрат-шижоати, ҳурлик замонида туғилиб вояга етган янги авлод вакилларининг оламшумул ғалабалари билан тўла. Шундай бўлса-да, биз истиқлолимизнинг йигирма олтинчи йилига янги, сермазмун, халқчил ва ҳаётбахш марраларни кўзлаб, азму қароримизни янгилаб, шижоатимизни жўш урдириб қадам қўйдик. Эришилган ютуқлардан ғурурланиб бир жойда тўхтаб қолмаслик, истиқлол карвони одимларининг барқарорлигини амалда таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги реал вазиятни танқидий баҳолаш, ҳамма нарсани ўз номи билан айтиш, вақтдан, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, қуруқ ҳисобот, кўзбўямачиликдан воз кечиш, ҳар бир ишни виждонан, қалб амри билан бажариш, мавжуд муаммоларга муросасизлик умуммиллий шиорга айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқ ва маърузалари, вилоятларда ўтказган мулоқотларидаги чуқур маъноли, ҳар жиҳатдан аниқ ва асосли таҳлиллари, халқ билан бевосита мулоқот қилиши, уларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитиши, мурожаатларига эътибор бериши, муаммоларини пайсалга солмай ҳал этиши лозим бўлган раҳбарлар фаолиятидаги камчилик ва нуқсонларнинг очиб ташлаши давлат, жамият ва шахс муносабатларида янги масъулиятли давр бошланганидан далолат бўлди. Истиқлолнинг йигирма олтинчи йилининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши ва унинг асосий мақсад ва вазифасидан келиб чиққан ҳолда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйишга киришилгани, бу борада давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш зарурлиги тўғрисида аниқ кўрсатмалар берилгани, хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилгани, шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари” ташкил этилиб, улар тўлақонли фаолият кўрсатаётгани янги даврнинг илк нишоналари бўлди. Ҳар икки томон бир-бирини эшита бошлади. Эшитгулик элда кўп деганларидек, халқни эшитиш, дардига қулоқ тутиш кўп муаммоларнинг ечимига йўл очади. Сўзи тингланган, таклифлари инобатга олинган кишида эса мамлакат ижтимоий-маданий ҳаётига дахлдорлик туйғуси кучаяди.
Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Адолат — қонун устуворлигида”, “Ўз болангни ўзинг асра”, “Оналар кўнглидаги розилик – бу бутун халқимиз қалбидаги розилик”, “Халқ бой бўлса, давлат албатта бой ва қудратли бўлади”, “Одамлар ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашлари керак” каби аниқ мақсадли даъватлари халқимиз кўнглида мана шундай туйғуни уйғотди, ёшларга янгича руҳ ва кайфият бахш этди, муҳтарам кексаларимизни меҳр ва эъзоз қучоғига олди. Янада муҳими, жамият ҳаётида ўзига хос ошкоралик, куюнчаклик вазияти, бор гапни борлигича айтиш, соғлом баҳс-мунозара, фойдали муҳокама муҳити юзага келди.
Шу ўринда биргина мисол. Телевидениенинг “Ахборот” ва бошқа бир қатор кўрсатувлари ҳеч қачон бугунгичалик интиқиб томоша қилинмаган, эркин фикр, турфа талқинлар, куюнчак мулоҳазалар минбарига айланмаган эди. Фақат шу эмас, бугун бутун мамлакатда ижтимоий фикр қайта уйғонаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз, бу жараёнда ўзимиз ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. Одамлар ўз муаммоларидан кўра, давлат, жамият манфаатларига бевосита дахлдор масалаларни кўпроқ кўтариб чиқаётгани, жўяли таклифлар киритаётгани, мутасаддилар фаолиятига холис баҳо бераётгани, ижтимоий фаоллик аҳолининг барча қатламларида кузатилаётгани, шубҳасиз, қувонарли ҳол. Авваллари ҳар бир йиғинда кимлар сўзга чиқиши, нима дейиши, муҳокама мавзусига қандай баҳо бериши, фикрини қандай якунлаши деярли маълум эди. Бугунги янги ижтимоий-маънавий вазият умри истиҳола билан ўтаётган кишиларга ҳам фикрлаш, муҳокамада фаол иштирок этиш, ўз нуқтаи назарини эмин-эркин ифодалаш, баҳслашиш имконини берди.
Бу ҳолат ўз-ўзидан юзага келгани йўқ. 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишига доир Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган аниқ мақсадлар, ўзимиздагина эмас, дунё миқёсида ҳам ҳавасли режалар барча-барчани янада руҳлантириб юборди. Давлат ва жамият қурилишини янада такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, бунда фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш, жамият ҳаётида қонун устуворлигига эришиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, аҳолининг даромадларини изчил ошириб бориш, аҳоли, айниқса, ёшлар учун арзон уй-жойлар барпо этиш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён қўшнилар билан аҳил-иноқлик муҳитини шакллантириш каби бир-биридан улуғ вазифалар халқимиз кўнглида эртанги кунимизга, фарзандларимизнинг камолига бўлган юксак ишончни янада мустаҳкамлади. Дунёда кечаётган бугунги мураккаб шароитда бундай режалар иқтисодий жиҳатдан бой-бадавлат мамлакатларда ҳам давлат дастурларидан ўрин олаётгани йўқ. Турмуш ўртоғи Ватан ҳимоячиси, машҳур спортчи ёки иқтидорли олим бўлган ёш келинчакларнинг: “Давлатимиз бизга уч хонали янги уй совға қилди”, деган гапи уруш ҳаракатлари туфайли уй-жойидан, мол-мулкидан ажралиб, Европа кўчаларида сарсон-саргардон юрган қочоқларнинг қулоғига қандай эшитилишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бағрикенг, меҳр-оқибатли, сабр-қаноатли халқимизнинг бугунги шиддати, азму қарори, янада ёруғ, тароватли кунларга ишончи сусаймасин, бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларимизга Яратганнинг ўзи барака ато этсин.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадбиркорман, баъзан фискал хотирали назорат-касса машинаси техник жиҳатдан вақтинча носоз бўлиб қолиши мумкин....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи аъзолари турли соҳаларда фаолият кўрсатишмоқда....
01 янв 1970
Юртбошимиз «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди....
01 янв 1970
Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасиди...