Воҳа бунёдкорлик оғушида

/
Амударёнинг қуйи қисмида, Ҳазораспнинг жанубий уфқлари, Туямўйин бўғозидан тортиб то Шовот туманининг шимолий кенгликлари оралиғида Хоразм воҳаси ястаниб ётибди. Воҳа, бир томондан, Амударёнинг чап соҳили билан туташса, иккинчи томондан, Туркманистон Республикаси билан чегараланади. Шимолда эса Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманига бориб туташади. Воҳа гўё дарё соҳили бўйлаб чўзилиб ётган яшил лентани эслатади. Унинг бағридаги вилоят мамлакатимизнинг бошқа регионларига қараганда ҳудуди кичик, аҳолиси нисбатан кам бўлса ҳам ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, маданий-маърифий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ўзига хос ўрин тутади.
Бу борада баъзи маълумотларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бугунги кунда вилоят аҳолиси 1 миллион 790 минг кишидан ортиқни ташкил этади. 2017 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот 3 триллион 370 миллиард сўмдан ошган. Шу давр ичида саноат соҳасида 1 триллион 747 миллиард, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида 1 триллион 416 миллард, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 1 триллион сўмдан ортиқ маҳсулотлар тайёрланган. Асосий капиталга киритилган инвестициялар 810 миллиард сўмдан ортган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси ярим йил ичида 141 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган. Бу соҳалардаги кўрсаткичлар 2016 йилнинг шу даврига нисбатан олганда 110 фоиздан 160 фоизгача ўсган. Ушбу маълумотлар вилоятнинг қисқа вақт ичида эришган ютуқларини намоён қилувчи рақамларнинг бир қисми, холос. Аслида воҳада эришилган муваффақиятлар кўлами юқоридаги кўрсаткичлардан ҳам кўпроқни ташкил этади.
Вилоятда айни шу йилда бундай ютуқларнинг қўлга киритилиши бежиз эмас. Бу муваффақиятлар негизида мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг, ушбу Стратегия асосида кўплаб қарорлар, фармонларнинг қабул қилиниши, айниқса, республикамиз Президентининг шу йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи пайтида ишлаб чиқилган тараққиёт дастурлари, воҳани янада юксалтириш омиллари билан боғлиқ кўрсатмалари муҳим роль ўйнамоқда. Бу ҳамма соҳа ривожига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Эътибор беринг, бундан 35-40 йил илгари Хоразмда бор-йўғи Урганч ёғ, экскаватор заводлари, пиллачилик фабрикаси, Хивада гилам ишлаб чиқариш фабрикаси, 4-5 пахта тозалаш корхоналари мавжуд эди, холос. 2012 йилда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти томонидан 2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилган ва бу дастурни амалга ошириш учун 308 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган эди. Натижада вилоятда 432 та катта ва кичик саноат корхоналари вужудга келди. Бу йил эса саноат корхоналари сони салкам 2200 тага етди. Эндиликда бу ерда тайёрланаётган тўқимачилик, кимё, металл, тоғ-кон саноати маҳсулотлари, тайёр кийимлар, халқ истеъмол товарлари, тери, қоғоз, электр ускуналари, трейлерлар, ярим прицеплар ва бошқа буюмлар кўплаб хорижий ўлкаларга экспорт қилинмоқда. Воҳада ишлаб чиқарилаётган шакар нафақат республикамиз аҳолисининг эҳтиёжини қондирмоқда, чет мамлакатларга ҳам сотилмоқда.
Бундан 10-15 йиллар илгари юртимизда ва хорижда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар Хоразмга олиб келинарди. Энди эса Хоразмда яратилган “Дамас”, “Лабо”, “Орландо” номлари билан аталган енгил автомобилларга талаб нафақат юртимизда, чет элларда ҳам кучаймоқда. Бир сўз билан айтганда, воҳада саноатнинг турли соҳалари ривожланмоқда.
— Ҳар гал бу ерда ишлаб чиқарилган ва бошқа ўлкаларга олиб кетилаётган янги машиналарни кўрганимда кўнглимдан бир фарахбахш туйғу кечади. Ахир ким ўйлабди дейсиз, воҳада тўқилган матолар ва тикилган кийимлар қанча халқларнинг уст-бошини бут қилади, бу ерда тайёрланган шакар қанча одамларнинг эҳтиёжини қондиради, Аму соҳилларидаги заводда ишлаб чиқарилган енгил машиналар қанча мамлакатларнинг корига ярайди, деб. Бугун эса буларнинг ҳаммаси орзу-ўй эмас, ҳаётий ҳақиқат, — дейди иқтисодчи олим Мақсуд Гулмонов. — Энг муҳими, вилоятнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, хорижий сармоядорларнинг Хоразмдаги саноат корхоналарига инвестицияларни кўпроқ киритишлари учун имконият яратмоқда. Ҳозирги пайтда вилоятдаги йирик 47 та корхона хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Ҳар йили улар сафига яна ўнлаб сармоядорлар қўшилмоқда. Хитой, Россия, Италия, Қозоғистон, Швейцария, Латвия каби давлатлар корхоналарининг воҳа саноатидаги улуши тобора кўпайиб бормоқда.
Вилоятда келгусида саноат корхоналари сони янада ошади. Урганч шаҳри, Хива, Хонқа, Янгиариқ, Урганч туманларида юзлаб саноат корхоналари ташкил этилади. Булардан ташқари, Президентимизнинг вилоятда “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш борасидаги қарори асосида янги корхоналар барпо қилиш режалаштирилган. Айни пайтда бу зона учун ер участкаси ажратилиб, уни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу ҳудудда енгил саноат, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича 50 дан ортиқ лойиҳалар тайёрланган Табиийки, буларнинг ҳаммаси ҳаётда амалга оширилгач, нафақат воҳа саноати янада тараққий этади, балки мамлакатимизнинг иқтисодиёти ҳам юксалади. Бугунги жараён хоразмликлар олдида мана шундай имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
Хоразмликлар азал-азалдан қурилиш, бунёдкорлик соҳасида катта тажриба тўплаган ва шарқда бу соҳада шуҳрат қозонган эл вакиллари ҳисобланишади. Уларнинг бу борадаги ютуқлари воҳанинг турли томонларида сақланиб қолган 2300-2500 йиллик тарихга эга қадимий қалъалар, шаҳарлар, кентлар қолдиқларида, Хивадаги Х асрдан то ХХ аср бошларигача барпо этилган масжидлар, мадрасалар, миноралар, арклар ва бошқа тарихий ёдгорликлар тимсолида намоён бўлади. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти саъй-ҳаракати билан Хоразмнинг маркази Урганчни замонавий ва миллий шаҳарсозлик асосида қайта қуриш жараёнида бугунги архитектуранинг ютуқлари ҳамда қадимий меъморчилик анъаналари уйғунлигидан кенг фойдаланилди. Шаҳардаги марказий “Ал-Хоразмий” кўчасида замонавий иншоотлар билан бирга Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний боғ-музейлари, “Авесто”, Жалолиддин Мангуберди, Ал-Хоразмий ёдгорликлари қад ростлади. Кўп қаватли иморатлар, иншоотларнинг ташқи безаклари, пештоқлари, аркалари қадимий кўринишда яратилди. Натижада воҳада ҳам тарихий, ҳам замонавий меъморчиликка асосланган миллий шаҳарсозликнинг янги қиёфаси, кўриниши вужудга келди. Бу кўриниш Урганч шаҳрининг “Ал-Хоразмий” кўчасидан кейин қурилган “Ёшлар” шаҳарчаси, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Беруний” кўчалари, Урганч давлат университетининг қайта қурилган ўқув бинолари қиёфаларида ҳам намоён бўлди. Эндиликда шаҳарнинг марказий қисми ана шундай кўринишда бунёд этилмоқда.
Урганчдаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғи маълум муддат эътибордан четда қолиб келган эди. Унинг бир қисми Ёшлар боғи ва кўли сифатида обод қилинганидан кейин истироҳат боғи ҳам қайтадан барпо этилди. Унинг бағрида кўнгилочар масканлардан ташқари дам олувчилар учун чойхоналар, меҳмонхоналар қурилди. Янги хиёбонлар, гулзорлар яратилди. Боғ шаҳарнинг гўзал масканига айланди. Шу билан бирга, бу йил шаҳарда қад ростлаган яна бир маскан — “Ёшлар маркази” ҳам иш бошлади. Марказда ёшлар фаолият кўрсатишлари учун конференция зали, семинар-тренинг хоналари, офис ва хизмат кўрсатиш жойлари, ахборот ресурс маркази иш олиб бормоқда. Вилоятда улуғ санъаткор Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбари таклифига биноан кўплаб бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шовот туманидаги истироҳат боғи қайтадан қурилди ва кўкаламзорлаштирилди. Шу тумандаги Комилжон Отаниёзов номидаги мактаб капитал таъмирдан чиқарилди. Урганч туманидаги “Иморатбобо” қадамжоси ва улуғ санъаткор қабри атрофи ободонлаштирилди. Урганч шаҳридаги “Ёғду” кўчасидаги ҳофиз яшаган уй музейга айлантирилди. Энг асосийси, вилоят марказида Комилжон Отаниёзов номидаги боғ мажмуаси ва ижод маркази бунёд этилди. Мажмуада санъаткорнинг бюсти ўрнатилди, амфитеатр, кутубхона ишга туширилди. Ижод марказида ёшлар санъатнинг турли соҳалари билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратилди.
Қурилиш, бунёдкорлик ишлари вилоятда кенг кўламда давом этмоқда. Республикамиз Президентининг “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги 2016 йил 21 октябрдаги қарорига асосан бу йил вилоятнинг 10 та туманидаги 18 та қишлоқда 957 та, умумий қиймати 143 миллиард сўмдан ошиқ маблағга уй-жойлар барпо қилинмоқда. Шундан 42 таси кам таъминланган оилалар учун мўлжалланган бўлиб, улар Қўшкўпир тумани марказида қуриб битказилган. Булардан ташқари, марказлашган манбалар ҳисобидан вилоятда жами 127 та объектда қайта қуриш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 35 та мактаб, 1 та касб-ҳунар коллежи, 9 та соғлиқни сақлаш, 19 та мактабгача таълим муассасалари, 1 та болалар спорти объекти капитал таъмирдан чиқарилмоқда, 1 та мусиқа ва санъат мактаби, 50 та ичимлик сув шохобчалари, 9 та дренаж қудуқлар қурилмоқда. Шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш борасида “Ипотека-банк” кредитлари ҳисобидан 2017-2020 йилларда 29 та кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган. Шу йилнинг ўзида 225 квартирали 5 та уй-жой барпо этилмоқда.
— Умуман, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик соҳасида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи Рустам Султонов. — Эндиликда фақат Урганч шаҳридагина эмас, барча туманларнинг марказлари, қишлоқларда ҳам гўзал иншоотлар, кўркам уй-жойлар қад ростламоқда. Қаерда қурилиш, бунёдкорлик ишлари мавжуд бўлса, ўша жойда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга ошмоқда. Одамларнинг қалбида янгича яшаш, гўзал турмуш кечириш иштиёқи уйғонмоқда. Шаҳарлардаги янги даҳалар, мавзеларда, қишлоқлардаги посёлкаларда аҳолига қулайлик туғдириш мақсадида маиший хизмат кўрсатиш уйлари, савдо шохобчалари, мактаблар, коллежлар барпо этилмоқда. Гулзорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари ишга туширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Хоразм бунёдкорликлар қўйнида яшнамоқда.
Боғот туманига борганимда бу ерда амалга оширилаётган бир янгиликни эшитиб хурсанд бўлдим. “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси тизимидаги “Хоразм узуми тайёрлов савдо” масъулияти чекланган жамияти томонидан туманда 200 гектарлик токзор барпо этилаётган экан. Бу токзор ҳосилга кирса йилига 3 минг тоннадан зиёд аъло навли узум етиштирилади. Воҳанинг қадимий серҳосил навли узумларини қайта тиклашга ҳам аҳамият берилаётгани ҳар қандай одамни қувонтиради. Бундан ташқари, ушбу туманда яна 200 гектар ерда Хоразмнинг мазаси тилни ёрадиган гулоби, гурвак, қариқиз, оқноввот, ширинпечак каби қовун навлари етиштирадиган полизчилик хўжалиги ҳам ташкил этилаётир. Токзор ва қовунчилик хўжалигида етиштириладиган ҳосилнинг аксарият қисмини хорижий мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Бу ерда бошланган хайрли иш воҳанинг бошқа жойларида ҳам амалга ошиши шубҳасиз. Ана шунда Хоразм деҳқончилик маданиятининг яна бир тармоғи ривож топади.
Хива тарихий ёдгорликларга, обидаларга бой шаҳар. Дишон ва Ичон қалъада бир неча юзлаб қадимий иморатлар, иншоотлар, саройлар, масжидлар, арклар кўҳна тарихдан гувоҳлик бериб турибди. Шу билан бирга, бу ерда жойлашган музейларда салкам 40 мингга яқин тарихий экспонатлар ҳам ўрин олган. Ушбу масканга борган одам гўё тарих билан юзлашгандек бўлади. Шу сабабли Хивани очиқ осмон остидаги музей, деб эътироф этишади. Маълумотларга кўра, 2016 йилда Ичон қалъага 75 мингдан ортиқ сайёҳ томошага келган бўлса, шундан 34 мингини дунёнинг 84 мамлакатидан келган сайёҳлар ташкил этади. Бир қарашда бу рақамлар ниҳоятда салмоқлидай кўринади. Лекин дунёнинг кўплаб тарихий масканларига миллионлаб одамлар сайёҳлик йўли билан ташриф буюрганида Хива каби ноёб тарихий шаҳарни атиги 75 минг одам томоша қилиши бу соҳага эътибор ниҳоятда камлигини кўрсатади. Шу сабабли республикамиз Президенти Хоразмга ташриф буюрганида бу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратди. 2016 йилнинг 2 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Хива шаҳри Хива туманидан ажратилиб, унда алоҳида бошқарув тизими жорий қилинди. Шаҳардаги қадимий обидалар қайтадан таъмир қилиниб, сайёҳлар учун барча шароитлар яратишга киришилди. Шулардан бири шаҳарнинг Дишон қалъа қисмида жойлашган Нуруллабой саройи ҳисобланади. Сарой хонликнинг миллий ва Европа меъморчилиги уйғунлигида барпо қилинган кўп хонали “Қабуллар уйи”дан ташқари бешта ҳовлини бағрига бирлаштиради. Ҳовлилар ва уйларда турли даврларда ҳар хил ташкилотлар фаолият олиб боргани сабабли тарихий кўринишига зиён етган. Деворлардаги, устунлардаги безаклар, нақшлар асл ҳолатини йўқотган. Сарой, тарихий ёдгорлик мутасадди ташкилот томонидан қайта қуриш, асл тарихий кўринишида таъмирлашга киришилди. Бу ишлар учун салкам 4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
— Бугун саройда катта миқёсда таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмоқда. Унинг асл ҳолати тикланди. Ҳовлилар, бинолар, хоналар тарихий қиёфа касб этди. Сарой тўла қурилиб, таъмирланганидан кейин бу ер сайёҳлик мажмуасига айлантирилади, — дейди Хива Ичон қалъа музей-қўриқхонаси директори Комилжон Худойберганов. — Иккита ҳовлида Хоразм ҳунармандчилик кўргазмаси ташкил этилади. Биттаси сайёҳлар учун меҳмонхонага айлантирилади. Яна иккита ҳовлида чойхона, тамаддихона, дам олиш масканларини очиш режалаштирилган. Шу тариқа тарихий ёдгорликлар ҳам ўтмиш меросини ёритиш, ҳам бугунги кун учун хизмат қилади. Булардан ташқари, шаҳарда туризмни ривожлантириш мақсадида сайлгоҳ кўчалар, тунги дам олиш масканлари, кўнгилочар дастурларни намойиш қиладиган жойлар ташкил этиладиган бўлди. Шунингдек, Хоразм Маъмун академиясининг биноси, музейи ва бошқа тарихий масканларини ҳам туризм йўналишларига киритиш режалаштирилди.
Кейинги йилларда вилоятнинг бошқа туманларида бўлгани каби Хивада ҳам балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бир томони шаҳарга, иккинчи томони Қорақумга туташ масканларда “Ота ҳаррат”, “Хива — Қоракўл”, “Болтабой оқсоқол” каби балиқчилик фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Бу фермер хўжаликлари, аввало, аҳолига мўл-кўл балиқ маҳсулотлари етказиб бермоқдалар. Қолаверса, бу хўжаликларда Хивага келадиган сайёҳлар учун экотуризм тизими ҳам ишлаб чиқилган. Замонавий дам олиш масканлари, кўлда сузадиган қайиқлар, қумлар бағрини томоша қилиш учун етарли шароитлар яратилган. Демак, булар туманда ҳам ишлаб чиқариш учун, ҳам сайёҳлик тизимини ривожлантириш учун хизмат қилади.
Мамлакатимиз Президенти воҳага ташрифи пайтида яна бир масалага — соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий ўзгаришларни амалга оширишга эътибор қаратган эди. Бу масаланинг кун тартибига қўйилиши бежиз эмасди. Негаки, Орол ҳалокати туфайли юзага келган экологик қийинчиликлар қорақалпоғистонликлар билан биргаликда воҳа аҳолисининг ҳам соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётганди. Экологиянинг бузилиши ёшлар, болалар ўртасида турли касалликларни келтириб чиқарди. Воҳа аҳлининг саломатлигини тиклаш учун ҳамда вилоятда тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида шу ернинг ўзида соғлиқни сақлаш муассасаларини ташкил этиш ҳаётий заруратга айланди. Шу сабабали айни кунларда Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиали ташкил этилмоқда. Бу шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ вазифасини ўтайди ва йилига 3 мингдан ортиқ беморларга тиббий ёрдам кўрсатади. Марказ даволаш ишларидан ташқари қишлоқ врачлик пунктлари учун ихтисослашган мутахассислар тайёрлашга, аҳоли ўртасида профилактика ишларини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.
— Шу билан биргаликда, Тошкент тиббиёт академиясининг филиали қошида И.Павлов номидаги Санкт-Петербург давлат Биринчи тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилмоқда, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Икром Абдуллаев. — Университет олим ва шифокорлари бу ерда талабаларга сабоқ берадилар, диагностика ишларини олиб борадилар, бўлғуси шифокорлар замонавий даволаш усулларини чуқур ўрганадилар. Клиникада, хусусан, эндокринология, гемотология, аллергология, терапия бўлимлари фаолият юритади. Воҳада аҳолининг дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳам эътибор қаратилган. Шу мақсадда Урганч шаҳрида “Мен гилан” деб номланган хориж корхонасининг фармацевтика соҳасида ишлайдиган корхонасини барпо этиш устида ҳаракатлар бошланган. Бу корхонада нафақат вилоят ва Оролбўйи региони учун, балки республикамиз учун етарли даражада дори-дармонлар тайёрланади. Корхона қурилиши учун 29 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланади. У ишга тушгач 200 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Бугун воҳа бағрида, одамлар қалбида ажиб жўшқинлик, яратувчилик бор. Бунинг асосий сабабларидан бири, аввало, мамлакатимиз Президентининг Хоразмда келгусида амалга ошириладиган ишлар учун кенг йўл очиб бергани, вилоятнинг тараққиёт йўлларини тўғри белгилагани бўлса, иккинчидан, табиатнинг хоразмликлар учун саховатини аямаётгани, Амунинг об-ҳаётга тўлиб оқаётганидир. Мўл-кўл сув каналлар, орналар, анҳорлар, ариқлар орқали воҳа далаларини яшнатмоқда. Пахтазорларда юқори ҳосил тўпланган. Боғларда ларзон-ларзон мевалар, узумлар, анжирлар, полизларда турли резаворлар, қовун-тарвузлар пишиб ётибди. Бозорларда мўл-кўлчилик, арзонлик. Табиатнинг бундай эҳтироми, саховати хоразмликларнинг қалбида ҳам, кундалик ҳаётида ҳам катта яратувчиликларни, ўз юртига фидойиликни юзага келтирмоқда. Шунинг учун воҳанинг қайси нуқтасига борманг халқнинг улуғвор бунёдкорликлари, яратувчиликларини кўрасиз. Бугунги ҳаётимизнинг мазмуни ҳам ана шундадир.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамият ҳаётида ҳар бир касбнинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Аммо шундай бир соҳа борки, уларни барча бирдек улуғлайди, эъзозлайди....
01 янв 1970
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. ...
01 янв 1970
Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия соҳасида жиддий муаммолар ҳам юзага келаётгани сир эмас.&nb...
01 янв 1970

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур