Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш мамлакат тараққиётига хизмат қилади

/
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбeкистон Рeспубликаси Фанлар акадeмияси ҳамкорлигида “Ёш олимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш: муаммо ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Республикамиз ёш олимлари билан ўтказилган ушбу бевосита мулоқотда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбeкистон Рeспубликаси интeллeктуал мулк агeнтлиги, Фан ва технологиялар агентлиги масъул ходимлари, партия экспертлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари иштирок этишди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров мамлакатимизда ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида ўтган йилларда қатор қонунлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилингани алоҳида қайд этилди.
Замонавий тараққиёт тенденцияси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатнинг янада тараққий этиши учун юқори салоҳиятли, юрт равнақи учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган ёш олимларни тарбиялаш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун шарт-шароитлар яратиш, олиб бораётган тадқиқот ишларининг амалиётга жорий этилишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганидан кейин, аввало, республикамиз илмий жамоатчилиги, академиклар, профессор-олимлар билан учрашгани бежиз эмас. Учрашувда республикамиз илм-фани, таълим тизимининг бугунги ҳолати ва эртанги келажаги билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилган эди, — деди партия раҳбари. — Шунингдек, жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам Президентимиз долзарб йўналишлар қаторида ёш олимларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Бинобарин, таълим тизимини ислоҳ этиш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси инновацион технологиялар, ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партия олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтиришни долзарб масала деб ҳисоблайди.
Партия томонидан ёш олимлар билан учрашув ўтказишдан мақсад ҳам республикамизда изланиш олиб бораётган ёш олимларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ва янада кўллаб-қувватлаш борасида қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, илмий ихтироларга патентлар ажратилишига қулай шарт-шароит яратиш, илмий тадқиқот натижаларининг амалиётга татбиқ этилишига эришишга қаратилди.
Очиқ мулоқот ва жонли мунозараларга бой бўлган учрашувда ёш олимлар ва талабалар ўзларини ўйлантираётган айрим масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.
Нурилло ОМОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси:

– Маълумки, ҳар йили ёш олимлар учун илмий грантлар ажратилиши йўлга қўйилган бўлиб, ушбу жараён маълум бир ташкилотлар, масалан, Фан ва технологиялар агентлиги томонидан амалга оширилади. Аммо агентлик томонидан эълон қилинган танловда барча ёш олимлар иштирок этишининг имконияти бўлмайди. Шунингдек, бу танловлар соҳавий бўлмаганлиги сабабли барча ташаббуслар қоришиб кетади ва яхши ғоялар ҳам амалга ошмай қолиши мумкин. Шу боис ёш олимлар учун муайян соҳа бўйича, идоравий мансублигидан келиб чиқиб ёки маълум бир вазирлик ўз йўналиши бўйича грантлар эълон қилса, бу умумий ишимизга наф келтиради, албатта.
Шу билан бирга, бугунги кунда ёш олимларнинг ғоя ва фикрларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масаласи ҳам долзарб саналади. Чунки қонунчилигимизда маълум бир ғояларга ёки тўлиқ тасдиғини топмаган қарашларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи берилмайди. Масалан, интеллектуал мулк соҳасини оладиган бўлсак, ғояга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи, деган тушунча йўқ. Фикримизча, қонун ижодкорлиги жараёнларида бу масалани ҳам ўйлаб кўриш керак.
Маълумки, юртимизда ёш олимлар яратган интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза ҳужжатлари, патентлар берилади. Бу борада ёш олимлар томонидан яратилган ихтирога тўланадиган давлат божларига имтиёз жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки айнан ҳужжатлар тўплаш ва уларнинг хизматига ҳақ тўлаш каби масалалар туфайли айрим имконияти етарли бўлмаган ёш олимлар фақат назария билан кифояланишига тўғри келмоқда.
Музаффар АХУНОВ,
Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетининг илмий ишлар бўйича декани:

— Мамлакатимизда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантиришда илғор хорижий тажрибалардан фойдаланиш зарур, деб ўйлайман. Ривожланган мамлакатларда бу борада рақобатга муҳим эътибор қаратилади. Биздаги илмий фаолиятда эса баъзан рақобатни чекловчи ҳолатларни кўришимиз мумкин. Оддий мисол, фан номзоди ёки фан доктори илмий даражалари малакаси бор деган маънони англатади. Шу сабабли олимларга ойлик маош тўлаш масаласида патентлари ва қилган инновациялари сонига эътибор берилса, яхши бўлар эди.
Нозима МУРАТОВА,
Ўзбекистон “Олима аёллар” уюшмаси қошидаги Ёш олима аёллар академияси раиси:

— Ёш олимларнинг ёшига доир талабларни кўриб чиқиш зарур, деб ўйлайман. Менинг назаримда ёш олимларимизни 35 ёш, деб белгилаш бироз чеклов ҳисобланади. Таклифим — айнан хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг илмга бироз кечроқ кириб келишини инобатга олиб, ёш олимлар тоифасини 40 ёш, деб белгилаш мақсадга мувофиқ.
Очиғини айтганда, инновация лойиҳаларидан амалиётда фойдаланишга келганда бизда тескари жараён кечади, яъни тадбиркор олимнинг олдига эмас, балки олим тадбиркорнинг олдига “мана, бу менинг лойиҳам, илтимос сотиб олинг”, деб боради. Албатта, таклиф этилаётган лойиҳа тадбиркорга фойда олиб келса ёки солиқ имтиёзлари яратилган бўлса, бундай ҳамкорликдан тадбиркор ҳам, олим ҳам наф кўрган бўларди. Айни шу жараёнда инновация юзага келади. Балки бу масалани ҳам қонун доирасида кўриб чиқиш зарурдир.
Яна бир муҳим масала — илмий ишни тарғибот қилиш учун бизнинг мақолаларимиз, илмий ишланмаларимиз, китобларимиз хизмат қилади. Улар барчамизга муайян, тор доирада тарқатилади. Шуни инобатга олиб, илмий ишни тарғиб қилишга ҳам айрим имтиёзлар бериш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бу китобларни чоп этиш даромад учун эмас, балки илм-фан ривожи учун хизмат қилади.
Ғайбулла БОБОЁРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори:

— Ўзбекистон Фанлар академияси билан олий таълим тизимидаги ёш олимлар ҳамкорлигини янада чуқурроқ йўлга қўйиш зарур. Шунингдек, юртимизда илмий фаолият билан шуғулланаётган ёшларни уюштириш мақсадида барча ёшлар ўқиб борадиган илмий журналлар сонини кўпайтириш лозим. Чунки бу амалиёт жаҳон тажрибасида бор. Бу журналларда жаҳонга чиқиб, халқаро илмий анжуманларда маъруза қилиб, юртимиз номини улуғлаётган, илмий ютуқларини чет давлатларида намойиш этаётган ёшларимиз фаолиятини кенг ёритишимиз керак.
Бундан ташқари, чет элга бориб, илмий ютуқларини Ўзбекистон номидан намойиш қилган ёшлар фаолияти оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилса, уларнинг илмий изланишларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб борсак, ўсиб келаётган ёш авлодда илмга бўлган қизиқишни оширган бўламиз. Илм ва илм аҳлининг қадрланиши ёшларда олим бўлишга иштиёқни кучайтиради.
Шунингдек, учрашувда партия ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Илмий ва инновациявий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан ёш олимларнинг таклифлари тингланди.
Тадбир якунида илм-фан соҳасига масъул бўлган ташкилотлар билан “Адолат” СДП ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ёш олимларга амалий ёрдам кўрсатиш, уларнинг инновацион ғояларини амалиётга жорий этишда учраётган муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, соҳага доир қонунчиликдаги бўшлиқларни ўрганиш, ишлаб чиқилган таклифларни партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этиш орқали ёш олимлар фаолиятини қўллаб-қувватловчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонига маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар”нинг ташрифи уларни хурсанд қилди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг усули йўлга қўйилгани, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда юксак самаралар бермоқда....
01 янв 1970
Жуманиёз Алибеков ҳам ўтмишга ва келажакка теран назар солиб, зарур ҳаётий хулосалар чиқарадиган, ўз тақдирини юрт тақдири билан чамбарчас боғлиқ д...
01 янв 1970
Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Тошкент вилоятида қурилиб, фойдаланишга топширилган кутубхоналар сони яна битт...