Таълим ва тиббиёт муассасаларида молиявий шаффофлик таъминланади

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 августдаги “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, соғлом авлодни тарбиялаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда таълим ва тиббиёт муассасаларининг ўрни беқиёс. Бугунги кунда ушбу муассасаларда олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, уларнинг самарали фаолият олиб боришлари учун қулай шароитлар яратилиши муҳим аҳамиятга эга.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан таълим ва тиббиёт муассасалари ходимларининг самарали фаолият олиб боришлари, ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш мақсадида мазкур муассасаларни молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш белгиланмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2017 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қуйи муассасаларида бухгалтерия хизматлари тугатилиб, халқ таълими туман (шаҳар) бўлимларида ва тиббиёт бирлашмаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил қилинмоқда. Бу бухгалтерия хизматларининг асосий вазифалари сифатида қуйи муассасаларнинг харажатлар сметасини тузиш ва ижросини таъминлаш, иш ҳақларининг ҳисобланиши ва тўланишини назорат қилиш, зарур бўлган моддий қийматликлар харид қилиш, шунингдек, муассасаларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобини, яъни даромадлари ва харажатларини иқтисодий таҳлил асосида мониторинг қилиб бориш белгиланди.
Шунингдек, қарор билан эндиликда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ҳам ташкил қилинмоқда. Бу хизматларга бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланишини профилактика қилиш, яъни қонунбузилиш ҳолатларига имконият яратувчи сабабларни бартараф этиш билан боғлиқ тадбирларни ўтказиш белгиланмоқда.
Ушбу қарор билан яратилаётган имкониятлардан яна бири – халқ таълими бўлимлари ҳамда тиббиёт бирлашмаларида улар бўйсунувидаги ташкилот ва муассасаларнинг бино-иншоотларини эксплуатация қилиш, газ, сув, электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда уларни ҳисобга олиш асбоб-ускуналари ҳолатини мониторинг қилиб бориш, шунингдек, ихтисослаштирилган таъмирлаш-эксплуатация бўлимлари ташкил этилишидир. Бу тизим бино ва иншоотларни сақлашда самарали натижа беради.
— Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижросини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда фракциямиз томонидан бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-тарож қилиниши масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда бу борада қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган мониторинг ва профилактика ишларини кучайтириш юзасидан таклифлар берамиз, — деди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев. — Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг мазкур қарори таълим ва тиббиёт муассасаларида бюджет жараёнининг шаффофлигини янада ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш ҳамда қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилганлиги билан партиямизнинг дастурий мақсадларига тўла мос келади.
Таъкидлаш лозимки, айни вақтда таълим ва тиббиёт муассасаларида кўзга ташланаётган айрим муаммолар уларнинг молия йўналишидаги камчиликлари ҳисобига юзага келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссиянинг жойларда ўтказаётган ўрганишларида ҳам соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари молия-иқтисод соҳасида махсус билим ва малакага эга эмасликлари, бунинг натижасида маълум қийинчиликларга дуч келаётгани аён бўлди. Эндиликда, янги қарор таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи муассасалари раҳбарларини соҳага оид бўлмаган ишлардан озод қилиб, асосий фаолияти билан шуғулланиш орқали таълим ва тиббий хизмат сифатини кучайтиришга кўпроқ эътибор қаратишга имкон яратади.
Тадбирда “Таълим ва тиббиёт муассасаларининг молиялаштириш механизмини ва давлат молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда бу борада партия олдида турган вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳар қачонгиданда жадал кечмоқда....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар та...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 22 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....