Қарз эвазига... исрофгарчилик

/
Бундан юз йил бурун маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!” деб даъват этган, эллик йил олдин Абдулла Қаҳҳор “Тўйлар муборак...” сарлавҳали мақоласида “Ўғлининг тўйига етти ярим минг сарф қилган 69 яшар бир чолни кўрдим. Чол тўйга атаб ёстиққа пул тиқиб юрган экан, тўйга яқин ўғлининг қўлидаги пулларни ҳам қоқиштириб олипти. 200 кило гуруч дамлаш билан тўйни бошлаб юборипти. Қуда томон ҳам, албатта, бир чолдан қолишмасликка ҳаракат қилганлиги турган гап... Чол-кампир ўзлари турган уйни ёшларга бўшатиб бериб, ҳозирча токнинг тагида ётиб юришар экан” дея куюниб ёзган.
Қаранг, орадан бир аср, ярим аср ўтибдики, ўзбекнинг ташвиши ҳамон ўша-ўша: рисоладагидай тўй қилиш, маърака ўтказиш. Кейин қарзга ботиб қолсаям майли. Асосийси, расм-русумларни, урф-одатларни ортиғи билан бажарса, ўзини эл олдида обрў орттиргандек ҳис этади. “Эл қатори” деб аталадиган “меъёр” ҳам кундан-кунга ошиб, унча-мунча одамнинг бунга қурби етмай қолаяпти.
Шу боис кўпчиликни қийнаб келаётган бу мавзу қайта-қайта тилга, қаламга олиниб, баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти. Дабдабали, “сендан мен камми” қабилида кимўзарга ўтказилаётган тўйлар эса давом этмоқда. Янада ажабланарли томони шуки, ўйлаб топилган янги одатлар тезда урфга айланиб бораяпти.
БЕЎХШОВ ТАҚЛИД
Қишлоқдаги бир тўй даврасида бошловчилик қилаётган жуфтлик, яъни йигит ўзбек тилида, қиз эса рус тилида гапираётганига гувоҳ бўлдим. Одатда, бу ҳолат шаҳарда тўй базмида қатнашаётган меҳмонлар орасида бошқа миллат вакиллари борлиги билан изоҳланади. Гарчи бармоқ билан санарли бўлса-да, ҳурмат юзасидан уларга шу йўсинда муомала қилинади.
Қишлоқда ўтказилаётган тўйда эса бошловчилардан бири рус тилида сўзлашига ҳечам зарурат йўқлиги барчага, ҳатто ёш болакайларга ҳам аён. Чунки келиннинг дугоналари, куёвнинг жўралари, меҳмонлар қаторида ҳам бирор бошқа миллат вакили йўқ эди. Хўш, шундай экан, қишлоқда бўлаётган тўйда давра она тилимизда олиб борилса, биров “Рус тилида гапирувчи қани?” деб эътироз билдирармиди? Албатта, йўқ. Қайтага ҳамма хурсанд бўлади. Буни тилимизга ҳурмат белгиси деб билади. Тўйларда кимларгадир кўр-кўрона эргашиб, тақлид қилиш, “Ҳозир шундай урф мода бўляпти” деб, гарчи эҳтиёж бўлмаса-да, рус тилида гапирадиган бошловчи хизматидан фойдаланиш ажабланарли ҳолат.
Воажаб, ортиқча урф дегани ҳам бемаза қовуннинг уруғидай кўп бўларкан-да. Энди навбат она тилимизга етиб келибди. Бугун биз бунисига жим қараб турсак, эртага рус тили ёнига яна бошқа хорижий тил қўшилса оқибати нима бўлади?.. Ўрганилган билимлар ўз ўрнида қўлланилса мақсад-муддаога эришилади, шу жумладан, кўп тилни билиш қобилиятидан ҳам. Масалан, ўзбек зиёлиси хорижий тилда бирор халқаро конференцияда маъруза қилса қанчалар яхши, бундан фахрланамиз. Аммо миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат туйғусини мустаҳкамлашга ва бу фазилатларни келгуси авлодларга безавол етказишга хизмат қилувчи оилавий байрам — тўйларимизда эса бундай билағонликка зарурат йўқ. Аксинча, она тилимизга, унинг сержило дурдоналарига меҳр уйғотишда, миллий анъаналаримизни ёшларга ўргатишда тўйларимизнинг ҳаётий аҳамияти беқиёс. Демак, бундай оилавий байрамларнинг мазмунига кўр-кўрона путур етказишдан тийилган маъқул.
Дарвоқе, шаҳарда урфга айланган яна бир “мода” қишлоқдаги тўйларга ҳам тезда “юқиб” қолаётгани кишини ўйлантиради. Тўйда келиннинг дугоналари бир хил кийиниши, даврани тўлдириб арабча-ҳиндча рақсга тушишини кўриб, ўзимизни кўрмаганга олдик. Шу тобда бир кекса онахон бу “томоша”га бош чайқаб қарар экан, “Бу қизларни нима жин урди ўзи? — деди таассуф билан. — Наҳотки замонавийлик дегани шу бўлса...”
ОРЗУ-ҲАВАС — КАТТА ХАРАЖАТ ДЕГАНИМИ?
Одатда, ота-оналар ўз фарзандларига тўй ташвишлари ҳақида гапиришни кўпам хушламайди. Чунки уларнинг тўйини қилмоқ бурчи эканини яхши билади. Бунинг натижасида айрим ёшлар тўйни осонгина ўтиб кетадиган базм деган ўйга ҳам бориб қолган бўлса эҳтимол.
Топиш-тутишнинг камлигидан, моддий қийинчиликдан нолийдиган одамларнинг тўйини кўрсангиз, тўкин дастурхон ёзишади. Гўё тўй эгасининг мақсади неча йиллаб не-не машаққат билан йиққанини бир неча соат ичида ҳавога совуриб юборишдангина иборат туюлади. Янада ачинарлиси шундаки, кўпинча тўй эгаси бўғзига қадар қарзга ботиб қолганини тушуниб етмайди.
Бир тўйда содир бўлган машмашанинг сабабини қаранг: куёвтўра келинга никоҳ маросими учун лимузин олиб келишни ваъда қилган экан. Лекин иложини тополмаган, шекилли, жуда чиройли ва қимматбаҳо “иномарка”да келибди. Бўлғуси келин эса дугоналарига мақтаниб қўйган эканми, бундан жуда жаҳли чиқиб, “Мени алдади” деб ғалва кўтарибди. Қуруқ ҳою ҳаваслар билан узоққа бориб бўладими? Лимузин минганларга бахтли бўлиш кафолати бериладими?
Аммо бу ҳаммаси эмас. Куёвнинг отаси чет элда, қурилишда ишларкан. Тўйдаги орзу-ҳавасларга катта харажат қилингани сабаб, у иш берувчилардан қарз кўтарган ва табиийки, улар отанинг юртга қайтишига рухсат бермаганлар. Чунки қарзини узиш учун яна бир неча ой ишлаб беришга мажбур экан. Бечора ота ўғлининг тўй тантаналарини телефон орқали узатилган тасвирда кўриб, юм-юм йиғлабди...
МАҚСАД ТАОМЛАР ПАНАСИДА
Эътибор берган бўлсангиз, бизда фақатгина тўйларимиз эмас, балки маърака ва маросимларда ҳам тўкин дастурхон ёзилади. Шунчалик тўкин дастурхонки, ундаги ноз-неъматларни санасангиз, саноқдан адашиб кетишингиз мумкин. Дастурхондаги турфа егуликлардан ташқари, уч, тўрт, беш, олти, саккиз, ўн... хил иссиқ таомлар тортилади. Аслида бу неъматлардан атиги биттаси билан қорин тўяди. Хўжакўрсинга қаторлаштириб таом қўйиш эса исрофгарчилик ҳисобланади. Биринчидан, дастурхондаги бунча кўп таомни ейишнинг жисмонан имкони йўқ. Иккинчидан, ўзини зўрлаб еган билан жисмига, соғлиғига зиён келтиради. Учинчидан, нафсга бунчалик эрк бериш — руҳиятга зарар.
Қолаверса, таомлар бўйича бундай тўкин-сочин издиҳомни уюштириш – тадбир эгаси учун катта чиқим дегани бу. Демак, эзгу ният йўлида дастурхон ёзиб, одамларни ҳаддан ташқари тўйдириб савоб олинадими ёки...
Айтишингиз мумкин: “хурмачангга сиққанича е, ич, қолгани билан нима ишинг бор?!” Тўғри, ҳар кимнинг ихтиёри ўзида. Лекин кўпдан-кўп тадбирларимизни айнан шундай тўкин дастурхон билан ўтказиш – деярли меъёрга айланган-ку? (Айниқса, бу борада аёлларимиз жуда қаттиқ туришади: “ҳамма шундай қиляпти, биз улардан кам қилсак уятга қоламиз”, дейишади). Тадбир эгаси (бу, ҳар биримиз деган гап) ҳаддан ташқари кўп таом қўйиб, одамларни мечкайликка даъват қилаётган бўлиб чиқмайдими? Ахир биз юксак маънавиятли халқ фарзандлармиз-ку, нега тўй-маърака деса ўзлигимизни ана шундай таомхўрликка алишамиз-қўямиз?..
Ўзингиз ўйланг, маърака ва маросимларда ўн хил таом тортишни нима деб аташ мумкин? Наҳотки асосий мақсад таомлар панасида қолиб кетаётганини сезмасак?
Яқинда қариндошини хотирлаб, амру-маъруф ўтказган бир танишим ғаройиб таассуротларини гапириб берди. Маърифий маърузадан сўнг эркаклар битта таом — ош еб, кейин тарқалишибди. Сўнгра аёлларнинг “амру-маъруф”и эса... пешиндан нақд кечгача давом этибди. Тўғрироғи, ҳақиқий зиёфатга айланибди. Ўн хил таом тортилибди. Сомсанинг ўзидан беш-олти тури бормиш. Пишириқлар, мева-чева, иссиқ-совуқ таомлар дегандай...
ХУЛОСА ЎРНИДА
Биз янги замонда, янги даврда яшаяпмиз. Бугун дунёқарашимиз, фикрлаш тарзимиз ҳам ўзгариб бораяпти. Шунга қарамасдан, айрим юртдошларимизнинг ўй-ташвиши, муаммоси тўй ёхуд маъракани қандай қилиб “эл қатори” ўтказишдангина иборат бўлиб қолаётганидан кўз юма олмаймиз.
“Ўзбекнинг пули кўпайса, ё уй қуради, ёки тўй қилади”, деган гап бор. Иккиси ҳам эзгу ният эканига асло шубҳа қилмаймиз. Лекин ҳар бир нарсада меъёр бўлгани маъқул. Тўй ва маъракаларимиз ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўйилмасдан ўтказилса, айни муддао бўлади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда Болалар боғида бир-биридан қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти кенгаши томонидан ёш олимлар ва инноваторлар иштирокида инновацион ярмарка ташкил этилди....
01 янв 1970
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган к...
01 янв 1970
Бунёдкор халқимиз тарихан қисқа даврда улкан ютуқларни қўлга киритди, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, иқтисодиёти тез суръатлар...