Киракашлар кетмони қачонгача учади?

/
Пойтахтимизда йўловчиларнинг узоғини яқин қилиш, манзилига ўз вақтида етиб боришини таъминлаш мақсадида қулайликлар яратилган. Жорий йилнинг 1 август куни Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида тест имтиҳонлари бўлиб ўтиши муносабати билан барча жамоат транспортлари ва метрополитен ҳаракати эрталаб соат 4:30 дан йўлга қўйилгани эса абитуриентлар ва уларнинг яқинларини мамнун этди.
Бу йил юртимиздаги олий таълим муассасаларига рекорд даражадаги абитуриентлар ҳужжат топширгани, яъни талаба бўлишни истовчи йигит-қизлар сони 729 947 нафар (2016 йилда — 663 304 нафар)га етгани эътирофга молик, албатта. Мана шу рақамлардан ҳам англаш мумкин, ёшларда олий таълим даргоҳларида ўқишга интилиш юқори, эзгу мақсад йўлида ота-оналар фарзандларига камарбаста бўлишга тайёр.
Бизда тест-имтиҳонлари ўтказиладиган куни ота-оналар фарзандлари ёнида бўлиши, уларни маънавий қўллаб-қувватлаб туриши одатий ҳол ҳисобланади.
Аммо… 1 августга қадар транспорт воситасида Тошкентга келиш ва тест имтиҳонлари ўтганидан кейин яна ортга қайтиш жиддий муаммо эканидан асло кўз юмиб бўлмайди. Чунки айнан шу уч-тўрт кун оралиғида йўлкира нархи осмонга чиқиб кетади. Ошиғи олчи киракашлар босар-тусарини билмай қолади.
Бунга бир мисол. Меҳнат таътилида Қашқадарёга кетиб, ота-онасини кўрган, яқинларини йўқлаган ҳамкасбим қўнғироқ қилиб қолди:
— Бугун-эрта абитуриентлар имтиҳон топшириш учун борадиган кун экан. Мен қайта олмаяпман. Тошкентга йўлкира юз минг сўмдан ошиб кетди…
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин: Жиззахдан Тошкентга 35 минг, Самарқанддан 50 минг, Навоийдан 70 минг сўм ва ҳоказо. Мўмай даромад топиш илинжида юрган киракаш машина ҳайдовчиларини йўловчиларнинг ташвиши, жумладан, абитуриентлар ва ота-оналарнинг ўй-кечинмалари қизиқтирмайди. Улар ўзаро келишиб олиб, талаб ошгани сайин нарх-навони ҳам ошириб бораверишади. Қани, эътироз билдириб кўринг-чи, нима дейишар экан: «Истасангиз шу, истамасангиз катта кўча».
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга шахслар қўйилиши лозим. Аммо бунга биров эътибор қаратмайди. Йўловчи кўплигида қайси машинага чиқиш эмас, манзилга тезроқ етиб олиш муҳим туюлади барчага.
Маълумки, йўналишсиз такси сифатида фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга «TAXI» таниш белгиси қўйилиши, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва машинанинг олдинги эшикларидаги «Т» ҳарфлари, автотранспорт воситасининг олдинги эшикларидаги такси корхонаси(юридик шахс)нинг номи, йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги давлат рақами белгиси, шунингдек, йўналишсиз таксилар фақат Тошкент шаҳри учун – «фил суяги» рангида бўлиши, бошқа барча вилоятларда сариқ рангга бўялиши лозим.
«Олмазор» метро бекати атрофидаги бир эмас, учта асосий бекат вазифасини ўтовчи автотураргоҳга бориб, бунақа ранг ва белгилари кўриниб турган автомобилни деярли учратмайсиз. Шундан ҳам билса бўладики, йўловчиларни ташиш билан ноқонуний шуғулланаётган ҳайдовчиларнинг машинаси шахсий. Йўлкира нархи эса йўловчи кўпайишига қараб белгиланади.
Мана бир неча кундан буён Тошкентдан абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари уйларига қайтаяпти. Киракашларнинг яна кетмони учаяпти...
Аслини олганда турли байрамлар арафасида ҳам худди шундай ҳолат кузатилади. Шулардан келиб чиқиб, бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида таклиф билдирмоқчи эдик. Бизнингча, байрамлар, ўқув йили бошланиши ва тугаши, талабаларнинг таътилга чиқиши, таътилдан қайтиши, тест имтиҳонлари арафасида ва ундан кейин пойтахтимиздан вилоятларга қўшимча йўналишлар белгиланиб, лозим даражада автобус қатновини йўлга қўйиш, шунингдек, ана шу кунларда йўловчи поезд қатновини ҳам иложи борича ошириш айни муддао бўлур эди. Умид қиламизки, бизнинг ушбу таклифимиз мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолмайди.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Qalampir.uz интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат
01 янв 1970
Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кимдир фарзандини истироҳат боғига олиб борса, кимдир узоқ кутилган сов...
01 янв 1970
Маълумки, 2015 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Носир Нурназаров яқин кунларда 90 ёшини қарши олади....