Гўшт нархи нега осмонда?

/
Сўнгги пайтларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи кўтарилиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни айримлар юртимизда экспорт имкониятларининг кенгайиши натижасида баъзи турдаги мева ва сабзавотларнинг хорижга экспорт қилинаётганлиги билан боғласа, бошқалар иш ҳақи ва пенсияларнинг нақд пулда тўланаётганлиги натижасида юзага келган валюта қадрсизланиши билан изоҳламоқда.Чунончи, бир неча ой ичида Жиззах вилояти бозорларида гўштнинг нархи 6-7 минг сўмга кўтарилди...
 АЁЛЛАР НИМА ДЕЯПТИ...
Бозорда икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди:
— Бундан ўн-ўн беш кун илгари 25-26 минг сўмлик гўшт бугун 30-31 минг сўмдан ошса-я?
— Тунов куни қассоб икки-уч хил молнинг гўштини тутқазиб юборибди. Бир бўлаги пишса, бошқаси пишмайди...
— Айтманг, растанинг олдига сифатли гўшт қўйишган. Орқасида ориқми, қарими сигирнинг гўшти 28 минг сўмдан сотилаяпти. Сабабини сўрасам, “Олдидаги гўшт реклама учун, бу гўштни 31 минг сўмдан олганмиз. Орқадагиси ўзингиз сезганингиздек, ориқ молнинг гўшти”, дейди қурмағур.
Қизиғи, бу ишларнинг барчаси гўшт нархини 26 минг сўмдан оширмаслик, бу тартиб бузилса, истеъмолчиларнинг солиқ идорасига шикоят қилишга ҳаққи борлиги тўғрисидаги панно ва эълонлар остида юз бераётир. Масалага “Жиззах марказий деҳқон бозори”даги қассоб Ҳаёт Ҳамроқулов қуйидагича изоҳ берди:
— Бугун бўрдоқига боқилган молларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон, Наманган каби шаҳар ва вилоятларга олиб кетилаяпти. Чунки у томонларда гўштнинг нархи биздагидан-да, баланд. Очиғи, бозорга семиз мол тушмай қўйди. Шунинг учун айрим қассоблар реклама учун 30-31 минг сўмдан гўшт олиб, орқасига 26-27 минг сўмлик сигир ё ғунажин гўштини жойлаштиришаяпти.
— Тошкентда бир килограмм мол гўшти 32-34 минг сўм, лаҳм гўшт 42 минг сўмдан сотилмоқда, — дея суҳбатимизга қўшилди қассоб Шерали Абдуманнопов.— Мол боқувчиларга ҳам осон тутмаслик керак, ем-хашакнинг нархи ошиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ...
ФЕРМЕРЛАР БОР, АММО...
Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор маҳсулотлар захира қилинади. Аммо ушбу тадбир аксар ҳолларда самара бермайди. Демак, маҳсулотлар захира қилинмайди ё нарх ошган пайти сақланаётган маҳсулотлар бозорга оширилган нархда чиқариб юборилади. Қолаверса, вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида чорва фермер хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилган. Уларнинг ихтиёрида яйлов ва ем-хашак етиштириш учун ер майдонлари мавжуд. Статистик маълумотга кўра, бу йўналишдаги фермерлар ихтиёрида 28 минг 540 бош қорамол, 17 мингта қўй ва эчкилар бор. Улар ҳар йили муайян миқдорда гўшт ва сут етказиб беришни зиммаларига олишган, аммо...
Дарвоқе, масалага “Жиззах марказий деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти раисининг ўринбосари Жамшид Ҳасановнинг ўз ёндашуви бор.
— Ҳар ўн беш кунда бир марта вилоят ҳокимлигида нархларни барқарорлаштириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтади. Унда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида энг муҳим истеъмол товарларига қатъий нарх белгиланади. Жумладан, гўшт нархи ана шу йиғилиш баёнига асосан 26 минг сўм этиб белгиланган. Айрим қассоблар нархни сунъий равишда оширишга уринишаяпти...
…ҚУТУЛДИМИ, БИЛМАЙДИМИ?
Биз Бахмал туманидаги “Чоршанба деҳқон бозори” МЧЖда бўлдик. Антисанитария вазияти тўла ҳукмронлик қилаётган, сотувчи ва харидорлар учун ҳеч қандай шароит яратилмаган ушбу бозорда мол гўшти 28 минг сўм, қўй гўшти 29 минг сўмдан сотилмоқда. Чекка ҳудудлар “анъана”ларига мувофиқ гўштхоналарда тўлов терминаллари йўқ. Биз гўшт нархининг 26 минг сўмдан оширилиши сабабини бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси вилоят бўлимининг инспектори Руслан Яхшибоевдан сўрадик. У бўлса, гўшт нархининг чегараланганлиги тўғрисида ҳеч нарса билмаслигини баён қилди. Бозор раҳбари Эшпўлат Тоғаевнинг иш жойида йўқлиги кўрганларимизга қўшимча изоҳ олиш имкониятини йўққа чиқарди.
БИР ОЙГА ИККИ КИЛО
У десак ҳам, бу десак ҳам гўштнинг нархи ем-хашак нархи ва яйловлар билан боғлиқ. Шу маънода, гўштнинг ўртача нархини чиқаришга уриниб кўрамиз. Мутахассисларнинг таъкидига кўра, молнинг вазнини бир кунда 250-300 граммга ошириш мумкин. Бунинг учун кунига 4-4,5 килограмм (шрот, шелуха, комбикорма) ем озиқаси, 7-8 килограмм силос, сомон, пичан, беда зарур. Ишни ем-хашакнинг амалдаги нархлари ҳақидаги маълумотни келтиришдан бошлаймиз (жадвалда).
Чорвадорлар таъкидига кўра, битта бўрдоқи мол 200-220 килограмм гўшт қилиши учун 130-140 кун боқилиши керак. Бозор нархида ҳисобласак, ем-хашак учун 1 миллион 800 сўмдан 2 миллион сўмгача сарфлаш зарур. Харажатларнинг ўзи 1 килограмм гўштнинг нархини 29-30 минг сўмга етказади. Бу нарх устига чорвадор ва қассобнинг меҳнати ҳамда устамаси чиқиши керак. Мазкур вазиятда бозорда сигир гўштининг харидоргир бўлганига ажабланмасак ҳам бўлади.
Гўшт нархига таъсир кўрсатувчи асосий идора — “Жиззах озуқа-ем таъминоти” масъулияти чекланган жамияти айни вақтда не ишлар билан машғул эканлиги кўпчиликни қизиқтирса керак. Жамият 77 та махсус савдо шохобчаси, 10 та кўчма савдо дўконига эга бўлиб, улардан 49 тасигина фаолият кўрсатмоқда. Дўкон ва шохобчаларнинг ишламаслик сабаби озуқанинг йўқлигидир. Натижада сотувчилар ҳам мажбурий меҳнат таътилига чиқарилган.
— Дислокация бўйича июнь ойида 400 тонна шрот, 400 тонна шелуха олдик, — дейди МЧЖ раҳбари Ихтиёр Душабоев. — Яъни вилоят аҳолиси ихтиёридаги чорва молларининг ҳар бошига бир ойга 2 килограммдан ошиқ шелуха ва шрот тарқатганмиз. Аслида боқувдаги бир бош мол учун ҳар куни 4 килограммдан 9 килограммгача ем зарур. Бозорларимизда турли хилдаги чорва озуқаси сотилаётганидан хабарим бор, аммо уларнинг қаердан келтирилаётганидан бехабарман...
Республикамизда ҳар йили миллион тонналаб пахта ва ғалла етиштирилади. Аммо нима учундир чорва озуқаси ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиб бериш муаммолигича қолаётир. Бунинг сабаби ишни нотўғри ташкил этишдами ёки ишнинг кўзини билмасликда? Қисқаси, озуқа нархи кўтарилаверса, сигир гўштининг бозори чаққон бўлаверади. Табиийки, бу жиҳатлар чорва сонининг ортишига ҳам салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди.
Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаннатмонанд ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб ...
01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....
01 янв 1970
Қорақалпоқ халқи маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон тарихи давлат музейи мамлакатимизнинг йирик ва ноёб тарихий ашёларга бой хазиналаридан бири ҳисоблан...