Ерга сув сепиб, томда салқинлайдими?

/
Осмонда бир парча булут кўринмаса, ёмғир қаердан ёғаяпти? Бу саволга жавоб топиш учун бош қотириш эмас, тўрт қаватли уйнинг тепасига қараш кифоя. Шунда деразадан ярим белигача чиқиб, ташқарига шлангда сув сепаётган майкачан кишига кўзингиз тушади. Албатта, уни ҳам тушуниш керак: ёзнинг жазирамасида қирқ даражадан ошган ҳаво ҳароратини шу йўл билан туширмоқчи бўлаяпти. Бу ҳаракати қанчалик наф бериши бизга қоронғи, лекин уйида сув ҳисоблагич ўрнатилмагани аниқ. Акс ҳолда, сувни ўйлаб ишлатар, ортиқча пул тўлашни истамасди.
Айнан шунга ўхшаш ҳолатни тўққиз қаватли уйнинг олд томонида ҳам кузатиш мумкин. Ўзига хос “ихтиро”ни қаранг, бино ичкарига кириладиган йўлак эшиги тепасидан ташқарига тўрт-беш метр ингичка пластмасса қувур тортилган, унинг майда тешикларидан сув томчилари отилиб ажиб кўриниш касб этган. Бундан кўзланган мақсад атрофга салқинлик бахш этиш десак, ингичка қувурдан сачраётган томчилар жазирама тафтига ожизлик қилади. Шундай экан, қанчадан-қанча сарф-харажат эвазига етказиб берилаётган ичимлик суви беҳуда исроф қилиниши инсофдан бўлмайди.
Бугун дунёнинг турли минтақаларида чучук сув тақчиллиги сезилаётгани, 1 миллиард аҳоли санитария меъёрларига тўғри келмайдиган сувдан фойдаланаётгани, миллиардлаб литрда қадоқланган сув сотилаётгани ҳам ушбу неъматга эҳтиёж юқори эканини англатиб турибди. Мустақиллик йилларида юртимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти тизимини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилиши шаҳар ва туманлар, жумладан, қишлоқ жойларда марказлаштирилган сув таъминоти ҳолатини тубдан яхшилаш имконини берди.
Президентимиз томонидан 2017 йил 18 апрелда имзоланган фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди. Инспекциянинг ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, канализация ва оқова сувларни тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасини техник жиҳатдан тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлаш ва бошқа қатор асосий вазифалари белгиланди.
Маълумки, юртимизда оилалар ва маҳаллалар сони мунтазам кўпайиб, юзлаб янги тураржой мавзелари, аҳоли пунктлари барпо этилаётгани ва шаҳарларнинг кенгайиб бораётгани ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини тубдан яхшилаш борасида амалий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда. Бу чора-тадбирлар энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялар асосида сув чиқариш ва канализация-тозалаш иншоотлари, сув ўтказгичлар, насос станциялари, тақсимлаш узеллари, водопровод ва канализация тармоқларини модернизация қилишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори ана шу муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва у аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган.
Дарҳақиқат, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш турмуш фаровонлигининг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Сувдек бебаҳо неъматни тежаб ишлатиш, уни исроф қилмаслик эса ҳаво ҳарорати кўтарилган ёз фаслида ҳам ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиб қолаверади.
Шу ўринда бир таклиф айтмоқчи эдик. Ичимлик сувидан фойдаланиб, экин суғориш, автомобиль ювиш, кўчаларга кўллатиб сув сепиш ва бошқа шу каби очиқдан-очиқ исрофгарчилик ҳолатларга нисбатан қонуний жазо чораларини қўллаш тартиб-қоидалари қатъийлаштирилса, сувдек улуғ неъматга беписанд муносабатда бўлаётган фуқароларнинг жавобгарлиги кучайтирилса, энг асосийси, мутасадди идоралар вакиллари кечки пайт пойтахт маҳаллаларини айланиб, биз мақоламизда тилга олган салбий ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қилишса, нур устига нур бўлар эди.
Шаҳарнинг ички ҳудудида оқар сув таъминотини яхшилаш, катта-кичик ариқлардан, айниқса, ёзда доим сув келиб туриши... Бу энди алоҳида мавзу.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олимлар ва илғор фикрли кишилар дунёдаги гўзалликларни юзага чиқариш учун ғайрат қиладилар, яхши одатларни янгидан кашф этишга ўзларини бағишлайдил...
01 янв 1970
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли кўплаб миллий қадриятларимиз каби халқ ўйинлари ҳам қайта тикланди....
01 янв 1970
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
01 янв 1970
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. ...