Энг яхши шароит, энг яхши рағбат, энг яхши ўқитувчи — мактаб учун

/
Даставвал Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасининг яқинда бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа мутахассислари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот конференциясида илгари сурилган хулосаларни таъкидлаб ўтмоқчиман. Ўтказилган дастлабки ижтимоий сўровлар жараёнида фарзандлари умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ота-оналарнинг 72 фоизи 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилишини ёқлашди. Қишлоқ жойларда эса бу таклифни ота-оналарнинг деярли барчаси қўллаб-қувватламоқда.
Мактабларда 11 йиллик таълимни жорий этиш нега бугун муҳокамалар марказидаги масалага айланди? Ва бу ҳақда оддий ўқитувчидан тортиб, таълим тизимидаги мутахассислар, ота-оналар фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.
Узоқ йиллар халқ таълими соҳасида фаолият юритиб келаётган педагог, раҳбар сифатида шуни таъкидламоқчиманки, таълимни бугунги кун талаблари асосида қайтадан ислоҳ этиш жамият тараққиётига кучли таъсир ўтказади. Ўсмир-ёшларнинг интеллектуал, ахлоқий тарбиясини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаради. Хусусан, 11 йиллик таълим ўқиш-ўқитиш самарадорлигини ошириб, мактаб ва ота-оналар, жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди. Ёшлар тарбияси устидан назоратни кучайтиради.
Агар эътибор берган бўлсангиз, 9-синфни тугатган ўғил-қизни яшаш жойидан 8-10 километр узоқликдаги касб-ҳунар коллежига юборган ота-она фарзанд тарбиясидан, унинг қизиқишларидан маълум вақт узоқлашиб қолган эди. Бу эса, ўз навбатида, ўсмир-ёшлар онгида, хатти-ҳаракатларида турли номақбул ҳолатларнинг пайдо бўлишига, тарбиянинг таълим жараёнидан ажралиб қолишига олиб келди.
Тажрибали педагог сифатида шуни яхши биламанки, оила — бола тарбияси учун энг асосий даргоҳ. Ота-онанинг мактаб билан доимий алоқада бўлиб туриши тарбияни бошқариб бориш имконини беради. Таълим ва тарбия уйғунлашган жойда чинакам самара бўлади. Ёшлар ўз билим-салоҳиятларини, инсоний фазилатларини оила ва жамият манфаатларига қаратиш лозимлигини тушуниб етадилар.
Бугунги кунда халқ таълимини ислоҳ этишда демократик талаблардан асло чекинмасдан, бу борада ўқувчилар ва ота-оналарга танлаш ҳуқуқи берилиши, ёшлар тарбияси жамият учун энг масъулиятли иш эканлигини яна бир карра кўрсатмоқда. Бунинг замирида оқилона сиёсат, ёшлар тарбиясига эътибор, ғамхўрлик, давлат ва фуқаро ўртасидаги самимий муносабат, ҳамкорлик бор.
Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, 11 йиллик таълим жорий этиладиган бўлса, мактабларнинг моддий-техник базасини янада кучайтириш, ўқитувчиларнинг маошлари масаласини қайтадан кўриб чиқиш, барча ўқув масканларида бир сменалик дарс жараёнларига ўтилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайман.
Ўқитувчиларнинг малакаси, билим, тажрибаси юқори бўлиши ҳақида ота-оналар ҳам, жамоатчилик ҳам ўринли талаблар қўймоқда.
Лекин қишлоқ мактабига муайян фандан малакали ўқитувчини узоқроқдан таклиф этсак, унга уй-жой, яшаш шароитини ким тўғирлаб беради? Фикримча, бу масалада ҳам давлат миқёсида ижтимоий ёрдам кўрсатилиши керак. Президентимиз ташаббуси билан ҳозир қишлоқ жойларда ягона лойиҳа асосида тўлов нархлари пасайтирилган арзон уй-жойлар қурилиши кенг йўлга қўйилганидан хабардормиз. Ана шу турар жойлардан ўқитувчиларнинг оилаларига биринчи навбатда ажратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Халқ таълими бошқармасининг маълумотларидан келиб чиқадиган бўлсак, бугун вилоятимиздаги 1208 та умумтаълим мактабида 569 минг 979 нафар ўқувчига 44 минг 990 нафар педагог таълим бермоқда. Бу ўқитувчиларнинг 1116 нафари ёки 2,5 фоизи олий, 5802 нафари ёхуд 12,9 фоизи биринчи, 15 минг 679 нафари ёки 34,8 фоизи иккинчи тоифали мутахассис ва 22 минг 393 нафар ёки 49,8 фоизи мутахассисликка эга. Демак, рақамлар педагог кадрлар салоҳиятини ошириш масаласида жиддий ишлаш зарурлигини кўрсатиб турибди.
Ўрни келганда шуни айтиш лозимки, ўқитувчиларни кўча супуришга ёки мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этилишдек номақбул ҳаракатлардан узил-кесил қутулиш керак. Энг яхши шароит, энг яхши рағбат, энг яхши ўқитувчи — мактаб учун, ёшларнинг келажаги учун деган шиорга амал қилсак, таълим сифати тараққиётнинг бугунги талабларига бемалол жавоб бера олади.
Умида ШАРИПОВА,
Каттақўрғон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби директори, “Адолат” СДП аъзоси
 
ТАҲРИРИЯТДАН: Аввал хабар қилганимиздек, юртимизда 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши жамоатчиликни қизиқтираётгани яққол аён бўлмоқда. Айниқса, ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кўпчилиги бу масалага ижобий баҳо бераётгани эътиборга молик.
Хўш, шундай экан, кўп сонли ўқувчилар 10-11-синфларда таълимни давом эттириши учун умумтаълим мактаблари тайёрми? Бунинг учун мактабларда малакали ўқитувчилар, зарур дарслик китоблари етарлими? Ўқувчиларни синф хоналари, лабораториялар ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминлашда муаммолар пайдо бўлмайдими?
Шу ва шу каби долзарб саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилдик. Вазирлик жавоби билан газетамизнинг навбатдаги сонларида танишасиз.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишл...
01 янв 1970
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси ...
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Қувончли воқеаларнинг, хушхабарларнинг қаноти бор, дейишади. Бу ҳақ гап! Мана, бир мисол....