Юртга қайтган қадрият

/
Юртимиз тарихи ўзига хослиги, мўъжизавийлиги билан барчани қизиқтириши табиий. Айниқса, мамлакатимизга ташриф буюрган меҳмонлар тарихий обидаларимизнинг кўрки ва чиройини кўриб, ҳайратга тушишади. Хусусан, Бухоро вилоятида бўладиган ҳар қандай меҳмон ҳам ноёб обидалар, қадим шаҳар тарихини ўзгача бир завқ билан томоша қилади.
Халқимизнинг бунёдкорлиги, илм-фан соҳасидаги ижодкорлиги, яратувчилиги туфайли бир қанча ноёб тарихий обидалар, илмий-маданий масканлар, кутубхоналар, мадрасаю масжидлар, хонақоҳу мақбаралар, сарой, боғлар, кўприклар, карвонсаройлар ҳамда работлар бунёд этилган.
IX-XII асрларда Мовароуннаҳрда илм-фан, маънавият, маданият ўзига хос равишда ривож топди. Шу сабабли бу давр дунё мутафаккирлари, илм аҳли томонидан Шарқнинг Уйғониш даври, деб аталади.
XIII асрнинг бошида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Хоразмни вайронага айлантирган мўғуллар ҳужуми Уйғониш даври тамаддунига барҳам берди. Шаҳарлар ва қўрғонлар, сарой ва ёдгорликлар, сув иншоотлари, кўприклар вайрон этилди, олиму фозиллар қирғин қилинди. Кўплаб алломалар турли ўлкаларга тарқаб кетдилар. Мўғуллар босқини даврида таназзулга учраган ўлкамиз маданиятининг айрим соҳалари кейинчалик аста-секин жонлана бошлади. Шаҳар харобалари қайта тикланиб, маҳаллий меъморлар лойиҳаси асосида масжид, мадраса, хонақоҳ ва мақбаралар қуришга киришилди. Бухоро вилояти Вобкент туманида жойлашган Харгўш ва Хайробод қишлоқлари орасидаги қабристон ёнида қурилган, бизгача сақланиб қолган “Чашмаи Айюб” мақбарасининг пештоқи ҳам шу давр меъморчилигининг ноёб обидаларидан бири ҳисобланади.
Маълумки, “Чашмаи Айюб” номи билан аталувчи мақбаралар мамлакатимизнинг уч ҳудудида мавжуд:
1. Бухородаги “Чашмаи Айюб” хазираси. Мақбара масжид ва унинг ичидаги қудуқдан иборат бўлиб, булар XII -XVI асрларда қурилган.
2. Қарши шаҳридаги “Чашмаи Айюб” мақбараси XII -XV асрларга мансуб.
3. Хайрободдаги мақбара 650 ҳижрий йил (1252-1253 йиллар)да барпо этилган.
Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги мавжуд 410 та ёдгорликдан 223 таси таъмирталаб, техник ҳолати қониқарсиз бўлган тарихий обидалардир. Вобкентдаги “Чашмаи Айюб” мақбараси ҳам шулар жумласига киради.
Ушбу ёдгорлик номининг келиб чиқиши ҳам ўзига хос. Яъни бу ерда шифобахш чашма муқаддаслаштирилиб, машҳур пайғамбар Айюб алайҳиссалом номи билан боғланган. Ривоятларга кўра, Айюб алайҳиссалом Бухорога келган. Маълумки, ул муборак зот ҳассаларини қаерга урсалар, шу ердан булоқ отилиб чиққан экан. Мазкур чашманинг номи ҳам юқоридаги ривоятга боғланади.
“Чашмаи Айюб” мақбарасида милодий 1017 йилда вафот этган ҳадисшунос олим Абу Саъд ал Харжуший дафн этилган. Тарихий маълумотларга кўра, ушбу мақбара—масжид ва дарвешлар хонақоси вазифасини ўтаган. Ёдгорликнинг қабристонда қурилганлиги унинг мақбара вазифасини бажарганини билдирса, савдо йўли устида жойлашганлиги ундан хонақоҳ сифатида фойдаланилганидан дарак беради.
Мақбара асрлар давомида қанчадан-қанча талон-тарож, ур-йиқит ва тўс-тўполонларни бошдан кечирган. Айниқса, мустабид шўролар даврида буткул унутилиб, эътиборсиз қолдирилганлиги сабабли ташландиқ ҳолга келиб қолди. Бир сўз билан айтганда, ўтган 800 йиллик тарихий давр “Чашмаи Айюб”нинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ҳозирда ёдгорликнинг фақат портал қисми ҳамда унга туташ деворнинг бир бўлаги бизгача етиб келган, холос.
Энг ачинарлиси, бундан 3-4 йил илгари ёдгорлик пештоқидаги арабча ёзувнинг бир парчаси нопок кимсалар томонидан ўғирлаб кетилган эди. Яқинда ушбу арабча ёзувли кошиннинг тақдири тўғрисида хабар эшитдик. “Жаҳон” ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, кошин Лондондаги антиквар галереялардан бирида пайдо бўлибди. У ўзининг қадимийлиги ва усталарнинг заргарона иши туфайли дарров мутахассисларнинг диққатини тортган. Экспертлардан бири, Оксфорд университетининг профессори Жеймс Аллан кошинни таниган. Чунки у бир муддат аввал Вобкентда бўлиб, ушбу мақбара билан танишган экан. Кошин Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ҳамда мамлакатимизнинг маданий-маърифий муассасалари билан яқиндан алоқа ўрнатган машҳур Британия музейига топширилгач, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида у Ватанимизга қайтарилиши учун дипломатик ваколатхонамизга топширилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Британия музейи директори, машҳур санъатшунос Хартвиг Фишерга миннатдорлик мактуби йўлланди. “Маънавий қадриятлар турли халқларни яқинлаштиради, ҳамкорликнинг ўзаро ҳамжиҳатлик ва шаффофликнинг янги чўққиларига эришишга кўмаклашади. Британия музейи билан яқиндан ўрнатилган ҳамкорлик унинг амалий далили ҳисобланади”, — дейилади ушбу мактубда. Мамлакатимиз ҳукумати Х.Фишерни кошинни тарихий жойига қайта ўрнатиш жараёнида шахсан қатнашишга таклиф этди. “Жаҳон” ахборот агентлиги маълумотига кўра, айни пайтда кошин Ўзбекистон давлат санъат музейида сақланмоқда. Яқин кунлар ичида “жаҳонгашта” кошин Вобкентга олиб келиниши ва ўз жойига қайта қўйилиши кутилмоқда.

Бино пештоқи юксак ва серҳашам меъморчилик обидаси саналади. Дарвоза жойлашган пештоқ бўлинмасининг юқорисини ҳашамдор муқарнасли карниз ва терракотли шарафа безаб туради. Унинг кейинчалик қурилган дарвозаси аслига нисбатан кичик ўлчамли бўлиб, атрофлари оддий шувоқ билан сувалган. Шунингдек, дарвоза устидаги равоқ ҳам кейин пайдо бўлган. Қирма услубдаги геометрик нақшлари ҳам XVIII-XIX асрларга тегишли эканлиги кўриниб турибди.
Пештоқнинг юқори равоқ қисмидаги деворий битикда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадислари ҳамда бино қурилган сана жуда чиройли тарзда битилган бўлиб, хаттотлик санъатининг олий намунаси ҳисобланади.
Пештоқли бинога борадиган ғиштин йўл қурилган. Йўлнинг ғарб томонида эски ҳовуз, унинг тўрт бурчагида кекса чинорларнинг қуриган кундалари сақланиб қолган. XIX асрда ёғочдан барпо қилинган масжид эса гузар масжиди сифатида хизмат қилиб келган.
Пештоқнинг учбурчак шаклидаги (тимпон) қисмида мовий рангли сирланган кошинлардан териб ҳосил қилинган иккита тўлиқ ва битта ярим кўринишдаги свастика — абадийлик ва қуёш рамзини билдирувчи нақш мавжуд. Бундай нақш бошқа меъморчилик ёдгорликларида бундай ёрқин кўринишда учрамайди. У ҳам ушбу обиданинг бадиий қимматини янада оширади. Бу рамзнинг мақбара пештоқида тасвирланиши инсон умрининг боқийлигига қилинган бир ишорадир.
Маълумки, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари жорий йил май ойининг бошларида Вобкент туманида бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар олиб бордилар. Ана шу учрашув ва мулоқотлар давомида вобкентлик фуқаролар “Чашмаи Айюб” мақбарасини ободонлаштириш ва уни туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.
Шундан сўнг депутатлар ва сенаторлар, хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраев ушбу ноёб обидани ободонлаштириб, уни мамлакатимиздаги туристик маршрутлар рўйхатига киритиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига депутатлик сўрови билан мурожаат қилди: “...Бизгача фақат айрим қисмлари етиб келган ушбу ноёб ёдгорлик меъморчиликнинг асрий ва анъанавий жиҳатларини ўзида мужассамлаштиргани билан ҳам кейинги давр меъморчилиги ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Меъморий ечимига кўра, ўзига хос кўринишга эга, юксак маҳорат ва бунёдкорлик билан барпо этилган нодир ёдгорликни кенг жамоатчиликка танитиш, уни келажак авлодга асраб-авайлаб етказиш биз учун муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда ушбу тарихий обида анча хароб аҳволда бўлиб, бу ерда махсус лойиҳа асосида реставрация ва консервация ишлари олиб борилиши зарур. Шунингдек, мақбарани сайёҳлик йўналишлари рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу эса обидани халқаро даражада кенг тарғиб қилишга, мамлакатимизга ташриф буюраётган туристлар сонини янада кўпайтиришга, мақбара ва унинг атрофида туристик инфратузилманинг ривожланиши ҳамда янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади...”
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси эса мазкур депутатлик сўровига ижобий жавоб қайтариб, “Чашмаи Айюб” мақбараси Маданият вазирлиги, Бухоро вилояти ва Вобкент тумани ҳокимликлари томонидан махсус давлат дастури асосида ободонлаштирилиб, бу ерда керакли сайёҳлик инфратузилмаси яратилгандан сўнг мақбара сайёҳлик йўналишлари рўйхатига, албатта, киритилишини маълум қилди.
Айни пайтда ушбу тарихий обида атрофида Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев раҳбарлигида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ердаги Абу Саъд ал Харжушийнинг қабри ва қудуқ “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари Омонулло Кенжаев, “Сайфулло Жумаев” фермер хўжалиги раҳбари Сайфулло Жумаев, “Ҳайдарали” фермер хўжалиги раҳбари Ҳайдар Ҳамроев, “Бодомча ИИР” фермер хўжалиги раҳбари Икром Раззоқов ҳамкорлигида қайта таъмирланди. Ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Юксак маҳорат ҳамда нафислик билан бунёд этилган ушбу нодир ёдгорликни асраб-авайлаш, уни асл ҳолида қайта қуриш ва таъмирлаш, мақбара ва унинг атрофида туристик инфратузилманинг ривожланишига йўл очиб бериш асосий вазифаларимиздан биридир. Энг муҳими, аждодлар мероси буюк қадрият экан, уларни асраш, келажак авлодлар учун етказиб бериш олдимизда турган ҳам қарз, ҳам фарздир.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик...
01 янв 1970
Гап шундаки, автобус бошқариш ҳуқуқига эга бўлган “Д” категорияли ҳайдовчилар смена давомида нақд пулга ишлашга одатланишган....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканм...