Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат қилиш – олий шараф

/
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак. Зеро, ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади. Аксинча, ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинчлик, хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат гуллаб-яшнайди. Биз келажаги буюк давлат қуришни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун, биринчи навбатда, мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратишимиз табиийдир.
Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида келтириб ўтилган фикрлар ҳамда соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳар биримизни яна бир карра муқаддас Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, бугунги тинч-осуда ҳаётимизни авайлаб-асрашга ундади.
Таъкидлаш лозимки, Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳозирда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Ислоҳотларнинг энг муҳим натижасини армиядаги маънавий-ахлоқий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда армияга ва ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув тамомила ўзгарганида яққол кўриш мумкин.
Президентимиз ўз табригида собиқ Иттифоқ ҳудудида турли қуролли тўқнашув ва қарама-қаршиликлар юз бераётган ғоят мураккаб шароитда Ўзбекистон Қуролли Кучларига асос солингани ҳақида сўз юритар экан, айнан миллий армиямиз мамлакатимизда эркин, озод ва фаровон ҳаёт бунёд этиш, демократик ислоҳотларни самарали амалга ошириш йўлида ишончли кафолат, тоғдек таянч бўлиб келаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг собиқ шўро тузуми даврида ҳарбий хизматни ўташ, айниқса, Ўзбекистон ёшлари учун оғир ташвиш ва машаққат бўлгани, ҳарбий қисмлардаги носоғлом маънавий-руҳий муҳит, устав қоидаларига зид бўлган муносабатлар туфайли қанча-қанча навқирон йигитлар, ота-оналар жабр чеккани ҳақидаги фикрлари нечоғлик ҳақиқат эканини биз, навқирон ёшлиги ўша даврга тўғри келган авлод вакиллари яхши биламиз.
Бугун эса миллий армиямиздаги шароит мутлақо бошқача. Биз ўз Қуролли Кучларимизни ташкил этиш орқали армияда “дедовщина” деган балодан бутунлай қутулдик. Ҳозирда йигитларимиз учун ҳарбий соҳада хизмат қилиш, нафақат фахрли бурч, балки юксак шон-шарафга айланди. Бугун армияда хизмат қилишнинг нуфузи жуда баланд.
Агар cобиқ тузум даврида аксарият ота-оналар фарзандларини аскарликдан олиб қолишга, йигитлар эса ҳарбийликдан бўйин товлашга ҳаракат қилган бўлсалар, бугун, ҳеч қандай муболағасиз, барча ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгач, унинг Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилишини ният қилишмоқда. Чунки замонавий жанговар қуролларни мукаммал эгаллаган йигитларимиз миллатнинг, юртнинг ифтихорига айланаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Зеро, давлатимиз раҳбари ҳозирги кунда оналар ўз фарзандларини армияга кўзда ёш, юракда хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деб, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатаётгани ҳақида сўз юритгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Қуролли Кучлар соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда биз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Бу масалада ҳеч кимда, ҳеч қандай иккиланиш ёки шубҳа бўлмаслиги керак. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли”.
Дарҳақиқат, ўтган чорак аср давомида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.
Бундан ташқари, минтақамиз ва бутун жаҳондаги бугунги мураккаб, тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазият, айниқса, Афғонистондаги истиқболи анча мавҳум бўлган ҳозирги ҳолат билан боғлиқ тарзда хавфсизликка қарши реал ва эҳтимол тутилаётган хавф-хатарларнинг кучайиб, наркоагрессия, халқаро терроризм, экстремизм ва бошқа таҳдидларнинг миқёси тобора кенгайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Президентимиз бу тўғрида сўз юритар экан, миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида пухта ўйланган ва изчил ҳаракатларни давом эттиришга доир еттита йўналишдаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, байрам табригида илгари сурилган Қуролли Кучлар қурилишининг ташкилий тизимини янада такомиллаштириш, қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга оид янгича ёндашувни ишлаб чиқиш, профессионал ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш, ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир вазифалар миллий мудофаамиздаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариши шубҳасиз.
Ўз навбатида, Қуролли Кучларимиз тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи биз “адолатчилар” зиммасига ҳам масъулиятли вазифаларни юклайди. Ана шундай долзарб вазифаларимиздан бири – жамиятимиз аъзоларини, авваламбор, вояга етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, уларнинг қалбида миллий ғоя ва миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини янада кучайтириш, Қуролли Кучларимиз билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялашдан иборатдир.
Биз ёшлар онгу-шуурида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш ишига янада кўпроқ кўмаклашишимиз, мамлакатимиз раҳбариятининг минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида илгари сураётган таклиф ва ташаббусларини кенг тарғиб қилишимиз ва уларнинг ижроси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда фаол иштирок этмоғимиз зарур. Хусусан, бу борада ёшларни ватанпарварлик, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишида амалга оширилаётган тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини ошириш ишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина бу каби тадбирлар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтириш ишига муносиб хизмат қилади.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Коррупция муаммоси ва унга қарши кураш масаласи ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Чунки бу иллатнинг кенг қулоч ёйиши ўт...
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...