Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Бизга маълумки, шартномалар хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солишда асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Мазкур шартнома бўйича кафил ва қарздор жавобгарлиги қандай белгиланган?
Ф.Маҳаммадов, Чилонзор тумани
— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.
Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўpган бошқа зарарларни тўлайди.
Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.
Саволга Чилонзор тумани 3-сонли ДНИ катта нотариуси Барно КАМОЛОВА жавоб берди.

— Ҳадя шартномаси ҳақида тушунча берсангиз, совға ҳам шунга кирадими?
Дилбар Кенжаева, Тошкент вилояти
— Одатда, совға ва ҳадя сўзлари бир хил маънони англатади. Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи) ашёни текинга мулк қилиб беради ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ёки мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятидан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.
Бирон-бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятидан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади. Шартнома предмети автомототранспорт воситалари бўлса, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади.
Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас. Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатилиб қўйилган бўлиши шарт. Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкининг бир қисмини ҳадя қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда, ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши лозим. Шартноманинг предмети кўчмас мулк бўлганда, кўчмас мулкларни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимлар тасдиқлаш қоидалари қўлланилади, шартнома предмети автомототранспорт воситалари бўлса, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш қоидалари қўлланилади. Нотариус тарафларга Фуқоролик кодексининг 502-510-моддалари мазмунини тушунтириб, бу ҳақида ҳадя шартномаси матнига ёзиб қўяди.
Саволга Бўка тумани 2-сонли ДНИ нотариуси Шаҳноза ЁҚУБОВА жавоб берди.

— Онам вафот этди. Бундан олдин ишончнома орқали автомашинасини сотиш ҳуқуқи билан менга берганди. Автомашинани қўшнимга келишув асосида сотдим, аммо нотариусда олди-сотди шартномасини расмийлаштиришим учун аввал меросни расмийлаштириш керак, деб жавоб беришди. Шу талаб қонунийми?
— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 141-моддасига кўра, ишончнома берган фуқаронинг вафот этиши ишочноманинг бекор бўлишига олиб келади. Онангиз вафот этганлиги сабабли у томонидан сизга сотиш ҳуқуқи билан берилган ишончнома бекор бўлган ҳисобланади. Сиз автотранспорт воситасини сотишдан аввал онангиз доимий рўйхатда бўлган ва яшаган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат этиб, мерос ишини очишингиз лозим, Меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиб, тегишли давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати идораларида рўйхатдан ўтказиб, ўзингизнинг номингизга транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, яъни техника паспортини олганингиздан сўнг автомототранспорт воситасини сотишингиз мумкин.
Саволга Учтепа туман 9-сонли ДНИ нотариуси Мадина ҚУРБОНОВА жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Улуғ донишманд, немис адиби Гётенинг фикрлари асрлар оша инсониятни табиатга тўғри муносабатда бўлишга ундаб келади....
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг ҳаёт тарзини, қадриятларини, урф-одатларини, бахт-саодати, ғурур ва ифтихорини, нуфузини ўзида намоён қиладиган тантаналари, байра...
01 янв 1970
Инсониятнинг бугунги тараққиёт босқичини халқаро ҳамкорликлар даври, деб аташ мумкин. ...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг халқ орасида, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи мустаҳкамланиши депутатлик корпусларининг фаолияти билан чам...