Тиббиётни ихтисослаштириш — ҳаётий зарурат

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.
Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли чоралар туфайли фақат охирги 5 йилда ихтисослаштирилган марказларда 150 мингдан зиёд тезкор аралашувлар, шу жумладан, 80 мингдан зиёд юқори технологик операциялар амалга оширилиб, даволашнинг 80 дан ортиқ янги ноёб ва мураккаб усуллари амалиётга жорий қилинди.
Бироқ мазкур соҳада аниқ ва тезкор чора-тадбирлар кўришни талаб қиладиган бир қанча тизимли масалалар бор.
Масалан, соғлиқни сақлаш тизимининг вилоят ва туман даражаларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантиришда бирмунча қолоқлик кузатилмоқда. Бундан ташқари, республика ихтисослаштирилган муассасаларининг минтақаларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга ташкилий-методик раҳбарлик қилиш борасидаги роли пастлигича қолаётгани кузатилмоқда. Шунингдек, вилоят ва туман даражасидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига, диагностика ва даволашнинг республика муассасаларида синовдан ўтган илғор юқори технологик усуллар суст жорий этилмоқда. Шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш, унинг географиясини туман ёки шаҳар даражасигача кенгайтириш, республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудий ихтисослашган тиббиёт ташкилотларига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш учун масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг амалиётига тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари ва технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари назарда тутилганлиги муҳим аҳамиятга эга.
Қарорнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, республика етакчи ихтисослаштирилган даволаш-профилактика ташкилотлари республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларига айлантирилди ва уларнинг асосий вазифалари белгилаб қўйилди.
Яъни ўз ихтисослиги бўйича ягона методик, технологик, даволаш ва профилактика сиёсатини амалга ошириш, замонавий тиббиёт ускуналари ва технологияларига, дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, клиник протоколлар, шу жумладан, тегишли тиббиёт ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни нашр этиш, сайёр маслаҳат бериш, маҳорат дарслари, шунингдек, биринчи навбатда, энг мураккаб ҳолатларда ҳудудий ихтисослашган тиббиёт ташкилотларида операцияларни мунтазам равишда ўтказиш орқали минтақаларда зарур профилактика ишлари олиб борилишига кўмаклашиш ушбу марказларнинг асосий вазифалари сифатида белгиланди. Шунингдек, ушбу марказлар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тиббиёт ходимлари, ихтисослашган ҳудудий тиббиёт ташкилотлари ходимлари малакасини тизимли равишда оширади.
Қарорга мувофиқ, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш схемаси ва аҳолининг сифатли ва самарали ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланишини кенгайтириш, республика марказларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатувчи тиббиёт ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир ҳуқуқий базани такомиллаштиришга йўналтирилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиши белгиланди.
Яна эътиборга молик жиҳатлардан бири, қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлар, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. Шунингдек, 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этилади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида ихтисослаштирилган тиббий хизматларни янада ривожлантириш мақсадида 373,5 миллиард сўм ва 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шундан 60 миллиард сўм маблағ республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга йўналтирилади, 97 миллион АҚШ доллари эса республика ва ҳудудий ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларини жиҳозлашга йўналтирилиши белгиланган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Сирдарё вилояти миқёсида оладиган бўлсак, Гулистон шаҳрида янги замонавий бинода кардиология, неврология ва хирургия соҳаларига ихтисослашган, Янгиер шаҳрида кардиология, неврология ва ЛОР соҳаларига ихтисослашган, вилоятнинг Сирдарё шаҳрида эса кардиология, неврология ва травматология соҳаларига ихтисослашган замонавий клиникалар очилиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад халқимизга ҳар томонлама енгиллик яратишдан иборат.
Қарор доирасида амалга ошириладиган тадбирлар нафақат республикада, балки вилоят ва туманлар даражасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тубдан оширишга, юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам соҳасидаги илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибани амалиётга фаол жорий этишга, фуқароларни юқори технологик тиббий ёрдамдан баҳраманд этишга хизмат қилади.
Орифжон ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ташкил этилган “Ижод” жамоат фонди томонидан ёзувчи ва шоирлар, айниқса, ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари...
01 янв 1970
Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда ва мен буни рад этаман....
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ёз фасли озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва истеъмоли учун бироз хавфли мавсум ҳисобланади....