Ходимнинг меҳнат фаолиятини ким тасдиқлайди?

/
Фуқароларнинг пенсия таъминотига доир ҳуқуқларини таъминлашда архив ҳужжатлари муҳим амалий аҳамиятга эга эканини нафақат мутахассислар, балки кўпчилик фуқаролар ҳам яхши тушунишади. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида қилинаётган амалий ишлар жараёнида ҳам буни яққол кўриб турибмиз.
Асака туман партия кенгашида партия депутатлари ва фаолларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан тумандаги давлат архиви ва идоравий архивларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борилмоқда.
Негаки, айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги сабаб архив ишлари йўлга қўйилмаслиги, хусусий сектор вакилларининг бу соҳани етарли даражада тушунмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаб даражасида эмаслиги кузатилмоқда. Айниқса, фаолияти тугатилган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатлари архивга топширилиши эътибордан четда қолмоқда. Бу ҳол фуқароларнинг пенсияга чиқиш учун ташкилотма-ташкилот юриб, ойлаб ҳужжат йиғишига, пенсия олиш ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Асака туманида 2012-2017 йилларда тугатилган 264 та ташкилотнинг ҳужжатлари архив муассасаларида мавжуд эмас. Натижада йиллар давомида меҳнат қилган ишчи-хизматчиларнинг фаолиятига оид ҳужжатлар қаерда сақланаётгани ёки умуман йўқолиб кетганлиги аниқ эмас.
Бу ҳол фуқароларнинг кўп йиллик меҳнатини тасдиқловчи маълумотларни тиклашда муаммо келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сонли қарорига кўра корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат архивларига берилиши лозим. Юқорида қайд этилган рақам эса бу борада қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганини кўрсатади.
“УзДОНГВОНГ” қўшма корхонаси, “Автокомпонент” МЧЖда намунали иш ташкил этилган. Бу ана шу жамоа ходимларининг келгусида ҳам ҳужжатларини топишида қийинчиликларга дуч келмаслигини кўрсатади.
Шу ўринда айрим хўжалик юритувчи субъектларда масалага етарли эътибор қаратилмаётганлигидан кўз юмиш қийин. Мисол учун, туман тиббиёт бирлашмасида алоҳида хона ажратилган, масъул ходим бириктирилган. Бироқ ҳужжатларнинг юритилиши талаб даражасида эмас. Соҳага доир тарғибот ишлари ҳам йўлга қўйилмаган.
Туман халқ таълими ходимлари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида идоравий архив ҳужжатлари мавжуд эмас. Тумандаги энг кўп ходимлар ишловчи муассасаса бўлишига қарамай алоҳида хона ажратилмаган, ҳатто ҳужжатлар рўйхати юритилмаган.
Хўжалик юритувчи субъектларда бўлганимизда, биринчи навбатда, масъул ходимларнинг малакасини ошириш зарурлиги ҳам кўзга ташланди.
— Аниқланган камчиликларнинг аксарияти масъул ходимларнинг ўз вазифасига етарли эътибор қаратмаслиги натижасида юзага келган,
— дейди халқ депутатлари Асака туман Кенгаши депутати Абдимусо Султонов. — Шу боис уларнинг билимларини ошириш, айниқса, хусусий секторда масъулиятни кучайтириш, қонуний тартиб-қоидалар юзасидан тарғибот ишларини олиб бориш зарур.
Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида муҳокама этилди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан корхона ва ташкилот раҳбарларига кўрсатма берилди ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Меҳринисо КАРИМОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Асака туман кенгаши раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади....
01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...
01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...