Янгича фикрлаш, ишлаш керак

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузаси бизни яна бир бор ўз фаолиятимизни танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилишга, халқ ишончини қозониш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни кучайтиришга ундади.
Ушбу учрашув Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини оширишга доир устувор вазифалар ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида парламент аъзоларининг халқ билан чуқур мулоқот ўрнатиши, ҳар ойда 10-12 кун мобайнида ҳудудларни комплекс ўрганиб, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича қилинаётган ишларнинг ўтган даврдаги натижаларига баҳо берар экан, бу борада йўл қўйилган камчиликлар ва фойдаланилмаган имкониятлар ҳақида тўхталди.
Ҳақиқатан ҳам қонунчилигимизда парламентга, сиёсий партияларга, депутатларимизга ўз фаолиятини самарали олиб бориш учун кўплаб ваколатлар берилган бўлишига қарамай, ундан самарали фойдалана олмаяпмиз. Айниқса, депутат сўрови институтидан биз, депутатлар етарли даражада фойдалана олмаяпмиз. Президентимиз бу борада депутат сўровларига жавоб бермаслик ҳолатларига нисбатан қонунчилигимизда тегишли масъулиятни ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, маърузада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қонунчилик борасидаги ташаббуслари етарли эмаслиги, ўзи сайланган сиёсий партия ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан алоқалари сустлиги тўғрисида билдирилган ўринли эътирозлардан ҳам хулоса чиқардик.
Шу билан бирга, Президентимизнинг сиёсий партиялар ва парламент фаолияти бўйича илгари сурган бир қатор таклифлари бизни жуда руҳлантирди. Жумладан, Президентимизнинг “Депутатга беписандлик — халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт”, деб айтган сўзлари барчамизни тўлқинлантириб юборди. Бу, шунингдек, янада ташаббус кўрсатиб ишлашимизга имконият яратади. Чунки шундай қонун лойиҳалари борки, уларни Қонунчилик палатасига киритиш учун айрим вазирликлардан хулоса олиш керак. Баъзи раҳбарларнинг мазкур жараённи асоссиз чўзиб юбориши, ўз вақтида жавоб бермаслиги оқибатида кўплаб лойиҳалар ҳаракатсиз қолиб кетмоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради, деган қатъий фикрлари бу борадаги ишларни жадаллаштириш, айниқса, депутат сўрови каби парламент назоратининг таъсирчан шаклидан самарали фойдаланишимизга кенг имкон яратади.
Шунингдек, маърузада иш давомида намуна кўрсатган депутатларга “адолатли депутат”, “халқпарвар депутат”, “меҳнаткаш депутат” деган номлар бериш назарда тутилгани эътирофга сазовор. Бу, албатта, парламент фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қилади. Айни пайтда бундай рағбатга муносиб бўла оламизми, деган ҳақли савол ҳар биримизни ўйлантирмоқда. Бунинг учун, албатта, маърузада билдирилган танқидий фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда, ишимизни янгича қарашлар асосида ташкил этишимиз керак. Жамиятда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича аниқ ташаббусларни илгари суришимиз лозимлиги ҳақида давлатимиз раҳбари тўхталиб ўтганида, очиғи, хижолат тортдик. Аслида, соғлиқни сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш масалалари бўйича амалий таклифлар бериш бизнинг ишимиз эди.
Умуман, давлатимиз раҳбари билан навбатдаги учрашув ҳамда унда илгари сурилган дастуриламал таклифлар сиёсий партиялар ва парламент фаолиятини тубдан ўзгартиришга ҳамда ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга асос бўлишига аминмиз.
Шуҳрат ЯҚУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қорақалпоғистонда иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари билан бир қаторда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорли...
01 янв 1970
Миллий матбуот марказида матбуот анжумани ташкил этилди.
01 янв 1970
— Судланганлиги олиб ташланган шахс ички ишлар идораларига ишга кириши мумкинми?...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига