Менда таклиф бор

/
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мухбир сифатида иштирок этдим.
Албатта, ҳаётида бир маротаба бўлса ҳам шахсан давлат раҳбари қатнашган йиғилиш ёки учрашувда иштирок этишни истамаган журналистнинг ўзи бўлмаса керак. Шуниси аниқки, Президентимизнинг ҳар бир чиқиш ва маърузаларини ойнаи жаҳон ёки матбуот орқали кузатиш бошқа, реал вақт режимида, тўғридан-тўғри тинглаш, кузатиш, таҳлил қилиш бошқа экан. Очиғини айтганда, бундай жонли ва юзма-юз учрашувларда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ғоя ва фикрлар моҳиятини тезроқ илғаб оларкан киши. Давлат сиёсати моҳиятини тўғри ва ўз вақтида илғаб олиш эса бугунги журналист учун ўта муҳим аҳамиятга эга омил ҳисобланади.
Бу тарихий учрашув нафақат депутат ва сенаторлар, партиялар фаоллари, балки биз, матбуот вакиллари учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга йиғилиш сифатида ёдимизда қолади десам, янглишмасам керак. Йиғилишда Президентимиз томонидан муҳокама этилган масала ва фикр-мулоҳазаларни диққат билан тинглар эканман, турли нашр ва газеталар мухбирларининг айнан мазкур учрашувга бежиз таклиф этилмаганини тушуниб етдим. Сабаби, жамиятнинг илғор ва фаол қатламларини ўз атрофида бирлаштирувчи сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятига берилган баҳо, ўринли ва асосли эътирозлар аслида биз, журналистларга ҳам тааллуқли эканлигини, халқимиз сиёсий партиялар фаоллари, депутатлар ва сенаторлардан кутаётган ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ва жонкуярлик сингари хусусиятлар биз, оммавий ахборот воситалари ходимларида ҳам етишмаётганини ич-ичимдан ҳис қилдим.
Зеро, маъруза давомида камина фаолият юритаётган газета, хусусан, сиёсий партиялар расмий нашрлари фаолияти юзасидан берилган танқидий баҳо ҳам, аввало, биз, журналистлардан ўз фаолиятимиздан қониқиш ҳиссидан воз кечишни талаб этади. Бундан буён биз халқимиз, партиямиз аъзолари, фаоллари, электорати ва хайрихоҳларини қийнаётган, ташвишга солаётган долзарб мавзулар ва уларни ҳал этиш билан боғлиқ таклифларни ўзида акс эттирган мақолаларни ҳукумат, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш борасидаги фаолиятимизни сифат жиҳатидан қайта кўриб чиқамиз. Бундан ташқари, миллионлаб ўқувчиларимизнинг эътиборини ўзига жалб эта олган ижтимоий тармоқлар, блог ва вебсаҳифалар имкониятидан тўлақонли фойдаланиш вақти келди. Умуман олганда, маърузадан нечоғлик тўғри хулоса чиқарганимизни ўқувчиларимиз бундан кейин нашримизда чоп этиладиган мақолаларимизнинг савия ва сифатига қараб баҳо беришади, деган умиддамиз.
Кези келганда айтиш керак, баландпарвоз ва қуруқ маълумотларга эмас, балки ижтимоий-сиёсий ҳаётимиз билан боғлиқ самимий фикр-мулоҳазалар, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича конструктив таклифларга бой тарзда ўтган йиғилиш қарийб олти соатдан ортиқ вақт давом этса ҳамки, умуман чарчоқ ҳиссини туймадик. Сабаби, айнан мана шу вақт давомида ўртага ташланган фикр ва мулоҳазалар яқин истиқболда жамиятимизда туб бурилишларга олиб келувчи янгилик ва ўзгаришларга асос бўлиб хизмат қилишини тушуниб етдик. Ҳар бир иштирокчи йиғилишдан “бундан буён замон билан ҳамнафас тарзда фикрлайман ва ишлайман”, деган куч-ғайрат ва шижоат билан чиққанига ишончим комил.
Ҳақиқатан ҳам фикрлаши, дунёқараши ва тафаккури бутунлай ўзгарган халқимиз бугун ҳар биримиздан, хоҳ депутат, хоҳ сиёсий партия фаоли ёки журналистлардан янгидан-янги амалий ғоя ва ташаббусларни кутмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг “томошабини” эмас, асосий ташаббускори ва иштирокчиси сифатида майдонга чиқиш вақти келди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг сиёсий партиялар ёки депутат, сенаторларнинг “олдиндан тайёрлаб келинган ҳисобот ёки маърузалари” эмас, айнан юракдан чиқариб айтган таклиф ва тавсиялари билан қизиққани, айниқса, биз, журналистларнинг эътиборимизни тортди. Бошқаларни билмадиму шу пайтда ўзимга ўзим савол бердим. Айтайлик, “мен депутат ёки сенатор бўлганимда, қайси долзарб масаланинг ечимига оид таклифни ўртага ташлаган бўлар эдим? Салкам 22 йиллик тажрибага эга сиёсий партиянинг фаол аъзоси сифатида-чи?”.
Гапнинг сирасини айтганда, бу саволга узоқ вақт жавоб изладим, деб айта олмайман. Сабаби, анчадан буён бир масала мени, эҳтимол, кўплаб опа-сингилларимизни ҳам ташвишга солиб келади. Аниқроқ айтганда, бугунги кунда биз хотин-қизларимизнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини енгиллаштиришга хизмат қилувчи қандай амалий ишларимиз билан мақтана оламиз? Тўғри, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида талайгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Қолаверса, ҳомиладор аёллар айрим турдаги витаминлар билан таъминланаяпти. Ёки олайлик, меҳнат қонунчилигида ёш болали оналар учун белгиланган имтиёзларни ҳам ўзимизга хос ютуғимиз деб айта оламиз. Лекин бу имкониятлар бугунги замон талабига нечоғлик жавоб беради? Очиғини айтганда, ўз саволимга ўзим ижобий жавоб топа олмадим.
Энди фикримни асослашга ҳаракат қиламан. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддасида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши мустаҳкамлаб қўйилган.
Лекин бугунги кунда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан 2 ёшгача бола парвариши учун бериладиган нафақа пули фақатгина кам таъминланган, муҳтож оилаларга ажратилиши, бу ёрдамдан фойдаланмоқчи бўлганлар ҳар 12 ойда “ўзининг ҳанузгача кам таъминланган экан”лигини исботловчи ҳужжатларни тўплаши қанчалик тўғри? Ахир, бу нафақа пули ота ёки онага эмас, аввало, бола учун, унинг кундалик эҳтиёжини қисман қоплаш учун берилиши керак эмасми? Бу пул отаси ишламаса, меҳнат биржасида ишсиз сифатида рўйхатда турмаса ҳам ажратилмайди. Ҳатто маҳалла фаоллари текширганида хонадонида микротўлқинли печь, кир ювадиган машина бўлса ҳам берилмаслигини эшитиб қоламиз.

Ахир, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёш оналар, болаларни қўллаб-қувватлаш учун нафақа пули ажратилади. Масалан, Россия Федерациясида 1,5 ёшдан 3 ёшгача болаларга алоҳида суммада, 2-,3- фарзандга алоҳида суммада, Украинада 6 ёшгача, Буюк Британияда 10 ёшгача болалар учун нафақа пули мавжуд. Францияда биринчи болага ажратилмаса-да, иккинчи ва учинчи болаларга ҳар ойлик маблағ ажратилади.
Бизда ҳам авваллари “нафақа пули” ҳамма болалар учун тенг ажратилар эди. Тўғри, Ўзбекистонда бошқа давлатларга нисбатан туғилиш сони юқори. Йилига ўртача 500-600 минг нафарга яқин бола дунёга келади. Эртанги кунимиз эгалари ҳисобланмиш болалар давлат муҳофазасида, деймиз. Шундай экан, нега энди уларга ҳеч бўлмаганда энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида, яъни 300 минг сўм нафақа ажратмаяпмиз? Ҳатто қатор йиллардан буён аҳоли сони бўйича етакчиликни қўлдан бой бермай келаётган Ҳиндистонда ҳам бола эмизувчи оналарга алоҳида имтиёзлар мавжуд.
Мамлакатимизда ҳафтасига ҳар болага бир ёки икки қути сарфланадиган болалар бўтқасининг нархи 40 минг сўмдан бошланиб 95 минггача бўлса, тагликлар нархи ҳам арзон эмас. Қолаверса, бола парвариши учун ажратилган нафақа пули ёки моддий ёрдамни тайинлашда мансабини суиистеъмол қилаётган айрим маҳалла раислари ҳақида ҳам эшитганмиз, айримларининг қонун асосида жазоланганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатларнинг бир қисми айнан “бола пули ола олмаётганидан” норози бўлган опа-сингилларимиздан экани ҳам масаланинг долзарблигини кўрсатади.
Таклифим — бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа пулини тайинлаш ва тўлаш тартиби қайта кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ёш она давлат ташкилотида ёки нодавлат секторда ишлаши ёки умуман, ишламаслигидан қатъи назар, боласи учун 2 ёшгача ажратиладиган нафақа пулини олса, оддийгина тагликлару “каша”сига пул топа олмай, қайнона ва қайнотасининг “қош-қовоғи”га қараб қолган келинларимизнинг мушкули енгил бўларди.
Бундан ташқари, меҳнат қонунчилигида болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши қайд этилган. Бироқ бу таътиллар меҳнат стажига ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилишига оид норма ва тартибни қайта кўриб чиқиш керак. Сабаби, айрим оналар бола парвариши учун олган таътил давридаги вақти иш стажига қўшилмаслигидан чўчиб, болани бегона шахслар ёки ота-оналарига ташлаб ишга чиқишга мажбур бўлмоқда. Бироқ 2 ёки 3 ёшгача бўлган бола, айниқса, она меҳри ва эътиборига муҳтож бўлади. Болани парваришлаш, уни бекаму кўст вояга етказиш ҳар қандай давлат ишидан-да муҳим вазифа эмасми? Гўдакни кўз қорачиғидай асраб ўстирадиган ёш оналарнинг жамият ва давлат ривожи олдидаги хизматини муносиб баҳолаш керак, назаримда. Онанинг эътиборидан четда қолган бола эса ҳам руҳан, ҳам жисмонан қийналиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, оналар эндигина дунё юзини кўрган болага етарлича эътибор қаратиши билан жамиятга кўпроқ наф келтиради.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятимизнинг гултожи, оилаларимизнинг зебу зийнати ҳисобланмиш хотин-қизларимизни янада самарали усул ва услубларда қўллаб-қувватлашимиз лозим. Зеро, ҳар томонлама рағбатланган ва эъзозланган опа-cингилларимиз жамият ва давлат корига ярайдиган ўғил-қизларни вояга етказишига ишончимиз комил.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” газетасининг Ахборот, ҳуқуқ ва хатлар бўлими мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
21 ОКТЯБРЬ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ДАВЛАТ ТИЛИ ҲАҚИДА”ГИ ҚОНУНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН...
01 янв 1970
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган....
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...