Бахтга йўғрилган Ватан

/
 Ҳар йили мамлакатимизда ҳаётимиздаги энг улуғ, энг азиз байрамни муносиб кутиб олиш тараддуди бошланар экан, шу қисқа вақт ичида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётимизда, халқимизнинг онг-тафаккури ва турмушида юз берган буюк ўзгаришлар, жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси даражасига кўтарилган Ўзбекистоннинг бугунги юксак нуфузи кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ҳаётимизнинг барча соҳаларида узоқ келажакни кўзлаб, биздан келгуси авлодларга қоладиган Озод ва Обод Ватанни ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларида ҳиссанг борлигидан, бу ўзгаришларга дахлдорлигингдан қувонасан. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ушбу қутлуғ санани ҳар жиҳатдан муносиб кутиб олиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб берилди.
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди. Минг тўққиз юз тўқсон биринчи йилда туғилган фарзандлар бугун вояга етиб, ёнимизга кирди. Шу қисқа давр ичида сабр ва бардош билан оғир синовларни, озодлигимизга, тинч-тотув ҳаётимизга қилинган сон-саноқсиз тажовузларни енгиб ўтганимиз, собиқ тузум иқтисодиёти ва мафкурасидан қолган асоратларни бартараф этганимиз, ҳар бир ҳолатда ягона тўғри йўлни танлашга тўғри келгани миллий истиқлолимизнинг ноёб тарихига айланди. Дастлабки қадамлардаёқ ўз йўлимизни, ёруғ келажагимизни аниқ-равшан белгилаб олганимиз, бу йўлдан оғишмай, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилганимиз, жаҳон ҳамжамияти билан самарали ҳамкорлик қилганимиз боисидан ҳам бугунги фаровон кунларга етиб келдик. Эришилган ҳар бир ғалабани сақлаб қолдик, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамладик.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида мамлакат олдида турган муҳим тарихий вазифа — мустақилликни мустаҳкамлаш, одамлар онг-шуурига янги жамият ғояларини сингдириш, халқнинг қадр-қимматини кўтариш, ор-номусини жой-жойига қўйиш эди. Шу мақсадда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида миллий тараққиётнинг халқимиз турмуш тарзи ва менталитетига хос модели, миллий истиқлол мафкурасининг асосий тамойиллари, жамият ҳаётининг олис келажакка мўлжалланган бош мақсад-режаси ишлаб чиқилди. Мамлакатда янги, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг ўзига хос тамойиллари яратилди. Халқимизнинг куч-қудрати ва интеллектуал салоҳиятига асосланган бу тамойилларнинг моҳияти ўтиш даврида давлат зиммасига бош ислоҳотчи деган масъулиятнинг юкланиши, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя ва ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш каби ўта мураккаб вазифалардан иборат бўлди. Ўзбекистон энг қийин шароитда ҳам ўз кучи ва имкониятига таяниб иш кўрди. Тадбиркорлик ва ишбилармонликка кенг йўл очилди. Халқнинг турмуш тарзини яхшилаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Албатта, миллий ўзликни англаш, янги давлатимизнинг пойдеворини мустаҳкамлаш жараёни осон кечгани йўқ. Бу жараён эски тузум тамомила вайрон бўлган, янги, ёш жамият эса энди-энди оёққа тураётган, унинг ижтимоий муносабатлари аста-секин қарор топаётган бир пайтга тўғри келди. Бир вақтнинг ўзида ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий масалалар билан шуғулланишга, истиқлолимизга нисбатан бўлаётган ошкора-пинҳона хуружларга жавоб қайтаришга, таъминотдаги узилишларнинг олдини олишга тўғри келди. Бугунги фаровон кунларга бўлган қатъий ишонч, эл-юртдаги тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик бизни кўп бало-қазолардан асраб қолди.
Мамлакатимизда йигирма олти йил ичида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари бугун нафақат иқтисодий кўрсаткичларда, айни чоғда халқимизнинг турмуш тарзида, яшаш шароитида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Шу қисқа вақт ичида бутун мамлакат қайта қурилди, кўз ўнгимизда дунёнинг ҳаваси келадиган янги Ўзбекистон қад ростлади. Шаҳардагина эмас, қишлоқ жойларида ҳам маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланаётгани, замонавий инфратузилма шаклланаётгани, ёш оилаларга уй-жой қуриш учун тегишли имкониятлар яратиб берилаётгани, қурилишлар намунавий лойиҳалар асосида олиб борилаётгани, спорт, маданият соҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётгани, ҳар йили турли соҳаларда кўплаб янги иш жойлари яратилаётгани фикримизнинг далили бўла олади. Мамлакат ёшларининг яқинда бўлиб ўтган қурултойида давлатимиз раҳбари таклиф этган янги лойиҳаларга дунёнинг ҳаваси келади десак, муболаға бўлмайди.
Истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлаб, мамлакатимизда ёшлар тарбиясига, уларни ҳар жиҳатдан етук, имон-эътиқоди мустаҳкам, Ватан ҳимоясига қодир, мустақил фикрлайдиган ғайрат-шижоатли инсонлар қилиб тарбиялашга, онг-шуурларини турли ғаразли оқимлар таъсиридан сақлашга алоҳида эътибор берилди. Янги шароитда вояга етаётган йигит-қизларни истиқлол ғояларига садоқат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга, улуғ аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, замонавий билимларни қунт билан эгаллашлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш тарғибот-ташвиқот ишимиздан мустаҳкам ўрин олди.
Қабул қилинган қарорда бу муҳим санани ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғоя асосида, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрланиши кўзда тутилган. Асосий эътибор “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” тамойилига асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар тарғиботига;
“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида жойларда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилгани, бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этилаётганига;
— қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, ички ишлар тизими ва прокуратура органларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни асосий мавзулардан бири сифатида акс эттиришга;
— иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, унинг рақобатдошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ва мутаносиб тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини ёритишга;
“Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғоя асосида аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун янги имконият ва преференциялар яратиб бериш, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, тегишли ташкилотлар орқали зарур ресурслар етказиб бериш тизими йўлга қўйилганини аниқ мисоллар билан кўрсатишга;
— ижтимоий соҳада аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб боришга қаратилади.
Аҳолининг маданий савиясини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонлик, жумладан, электрон китобхонликни ривожлантириш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз” деган тамойилга мувофиқ олиб борилади. Шу маънода истиқлол йилларида қўлга киритган барча ютуқларимизнинг асосий омили ва мезони сифатида халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимиз, айниқса, ёшларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккури ўзгариб, фуқаролик фаоллиги тобора кучайиб бораётганини ҳаётий далил ва мисоллар орқали талқин этиш талаб этилади.
Қарорда, шунингдек, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш орқали давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, қўшниларимиз билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш, минтақамиздаги муаммоларни биргаликда ҳал этиш тамойилига асосан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, тобора бешафқат тус олаётган, радикализм, терроризм, экстремизм, “оммавий маданият” каби таҳдидлар кучайиб бораётган таҳликали замонда “Ўз болангни ўзинг асра!” шиорига амал қилиб, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.
Бу вазифаларни бажариш ҳар бир юртдошимиздан Ватан равнақи учун курашиб яшашни, чин маънода фидойи бўлишни, ҳаётда, амалий фаолиятда ёшларга ўрнак ва намуна кўрсатишни талаб этади.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...