Ҳаётимизнинг бош мезони

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 июнь куни суд органлари ходимлари билан учрашувдаги “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” мавзусида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.
Эътироф этилганидек, Президентимизнинг ушбу маърузаси ўзининг туб мақсад-моҳиятига кўра Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурий ғояларига муштараклиги билан партиянинг барча даражадаги депутатлари ва фаолларини руҳлантириб юборди. Чунончи, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида суд тизимида адолат тамойилларига нечоғли риоя қилинаётгани ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, Юртбошимиз адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш орқали, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.
Президентимизнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш лозимлиги ҳақидаги фикрларини кенг жамоатчилик қаторида “Адолат” СДП фаоллари ҳам мамнуният билан қабул қилишди. Зеро, партия Сайловолди дастури “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” тамойилига асосланиши бу борада партия депутатлик корпусининг ҳам масъулиятини яна бир карра оширди.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтиш баробарида, бу борада ҳали ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммоларни ҳам атрофлича таҳлил қилиб, муҳим амалий хулосаларни белгилаб берди.
Айни пайтда соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат бериши, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш муҳим вазифа эканлиги ҳақида давлатимиз раҳбари томонидан куюнчаклик билан билдирилган фикрлардан биз ҳам тегишли хулоса чиқардик.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги ҳақида тўхталиб, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича вазифаларни белгилаб берди.
Бу, ўз навбатида, ҳуқуқий демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ҳамда ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган “Адолат” СДП депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Ўткир ХОЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг судьялар ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши лозимлиги, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш, қолаверса, маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳақидаги амалий фикр ва таклифларни биз бир овоздан қўллаб-қувватлаймиз. Бундай амалиёт судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда халқнинг суд тизимига ишончини оширишга хизмат қилади.
Шу ўринда “Адолат” СДП ҳам амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш, бу ишга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш тарафдори эканлиги, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шарти эканлигидан келиб чиқиб, соҳада қонунчиликни такомиллаштиришда фаол иштирок этиш фракция аъзоларининг устувор вазифаси эканлиги белгилаб олинди.
Шунингдек, судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, Одил судлов академиясини ташкил этиш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографияси, видеоконференцалоқани кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш жараёнини доимий ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасидаги вазифалар ҳам партия дастурий ғояларига тўла ҳамоҳанглиги билан биз учун аҳамиятлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган вазифалар, ўз навбатида, адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш тарафдори сифатида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларини ҳам ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга ундайди.
Йиғилишда Президентимизнинг маърузасидан келиб чиқадиган партия депутатлик корпуси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, йиғилишда фракция аъзоларининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросидан келиб чиқиб жорий йилнинг май-июнь ойларида жойларда сайловчилар билан олиб борган учрашувлари ҳамда унинг натижалари ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу даврда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан республикамизнинг 28 та туманидаги ҳақиқий ҳолат ўрганилди. Мулоқотлар жойлардаги мансабдор шахсларнинг масъулияти бирмунча ошганлигини, улар ўз фаолиятини аҳолининг турмушидаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратаётганлигини кўрсатмоқда.
Ушбу даврда депутатлар ва сенаторлар томонидан 17,5 мингдан ортиқ хонадонга борилди, мулоқот қилинган 70 минг нафардан зиёд фуқаро, шу жумладан, 3 558 та тадбиркорлик субъекти вакиллари томонидан жами 9 700 та масала кўтарилди.
Таҳлилларга кўра, давлат раҳбарининг сўнгги ойларда қабул қилинган фармон ва қарорлари, шунингдек, жойлардаги Халқ қабулхоналарининг бевосита аҳолининг мурожаатлари билан тизимли равишда ишлар олиб бораётгани, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаоллиги ошаётгани, мутасадди раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашлар ва халқ олдида ҳисобот бераётгани муаммоларнинг камайишида муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида ўтказилган ўрганишлар чоғида аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар сони февраль ойига нисбатан қарийб 1,7 бараварга, хусусан, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги муаммолар сони 4,6 бараварга, пенсия ва нафақа таъминоти соҳасида 4,3 бараварга, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, шу жумладан, пластик карталар бўйича 2,8 бараварга камайган. Шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида май ва июнь ойларида жами 2 434 та (25,1%) масала жойида ҳал этилди.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ўрганишлар жараёнида, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда улар устидан жамоатчилик назорати ва парламент назоратини ўрнатиш бўйича тизимли механизмлар жорий этилмоқда.
Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари раҳбарларининг ҳар 15 кунда фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари йиғилишларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳар ойда ҳамда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларининг ҳар чоракда тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди. Мазкур йиғилиш ва сессияларда парламент вакиллари, тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари ва фуқароларнинг иштироки таъминланмоқда.
Энг муҳими, ўрганишлар жараёнида фракциямиз томонидан жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, айни вақтда Узун туманидаги “Узунқишлоқ” маҳалласида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини яхшилаш юзасидан амалий ишлар олиб бораяпмиз. Маҳалладаги мавжуд сув иншоотларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун ҳомийлар ҳисобидан умумий қиймати 31 миллион сўмлик лойиҳа тайёрланди. Унга мувофиқ маҳалладаги 2 та сув қудуғини таъмирлаш, 2 та сув насосини ўрнатиш ва узунлиги 0,5 километр масофадаги сув қувурини янгилаш ишлари бошланди. Бунинг натижасида келгусида 3 минг нафардан зиёд аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси яхшиланади.
Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари жойлардаги ўрганишлар давомида партия Сайловолди дастуридаги устувор вазифаларнинг амалдаги ижросига эътиборни янада кучайтириш ҳамда партиянинг қуйи тузилмалари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари билан изчил ҳамкорликни таъминлаш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Сайловлар демократия кўзгуси ҳисобланиб, унинг очиқ-ошкора ва шаффоф тарзда ўтишида ҳуқуқий асосларнинг ҳаётий ва халқчил тарзда ишлаб чиқилиши муҳ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, тенг алоқалар ўрнатиши – халқлар фаровонлиги, мамлакатлар та...
01 янв 1970
2019 йил 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди....