Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича алоҳида имтиёзлар борми?
Ж.Абдуҳакимов, Косонсой тумани
— Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёшларга таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, олий таълим олаётган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ҳукуматиннг тегишли қарори билан 2001/2002 ўқув йилидан бошлаб республикамиз тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш жорий қилинган.
Таълим кредитлари тўлов-контракт асосида ўқиш учун Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларига қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.
Таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олган ҳолда, бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади.
Шунингдек, тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига — ноль фоиз ставкасида, яъни фоизсиз кредитлар ажратилади. Бу эса, ўз навбатида, давлат томонидан ёшларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлади.
— Таълим кредити олиш учун банкка қандай ҳужжатлар топширишим керак?
Ф.Ёрибекова, Сирдарё шаҳри
— Таълим кредити олиш учун талаба банкка таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза, талаба ва олий таълим муассасаси ўртасида тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида тузилган шартнома, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан талабанинг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома, кредит қайтарилиши таъминоти тўғрисидаги ҳужжат, агар талаба етим, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланган, болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёки кам таъминланган оиладан бўлса ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.
Шунингдек, талаба юқоридаги ҳужжатлар билан бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олиш мумкин.
— Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларга таълим кредитлари бўйича қўшимча имтиёзлар мавжудми?
Н.Мансуров, Тошкент шаҳри
— Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўлаб берилади. Мазкур ҳолатда кредит шартномаси банк, қарз олувчи, олий таълим муассасаси ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ўртасида тузилади.
— Укам 31 ёшда, турмуш ўртоғи эса 28 ёшда. Укам банкка уй сотиб олиш учун ипотека кредити берилишини сўраб мурожаат қилган эди. Банк уларга ёш оилаларга бериладиган ипотека кредити беришни “сизлар ёш оила тоифасига кирмайсиз” деб рад этди. Шу тўғрими?
Н.Албекова, Зомин тумани
— “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ёш оила тушунчасига таъриф берилган. Унга мувофиқ, эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) ёш оила ҳисобланади. Қонуннинг мазкур нормасидан келиб чиқиб, юқоридаги ҳолатда банк уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга бериладиган ипотека кредити беришни рад этиши асослидир.
Саволларга Адлия вазирлиги масъул ходими Эхром САЙФУЛЛАЕВ жавоб берди.
 
— Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низони судгача ҳал этиш ҳақида маълумот берсангиз?
Н.Албекова, Зомин тумани
— Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низони судгача ҳал этишининг белгиланиши, аввало, уларнинг вақтлари ва маблағларини тежайди, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади, низолар тез ва самарали ҳал этилишида, суд харажатларининг олдини олишда, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, шерикчилик муносабатларининг сақланиб қолишида муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, хўжалик шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш бўйича суд амалиётининг таҳлили шуни кўрсатадики, айрим ҳолларда низони судгача ҳал этиш тартиби бўйича чоралар кўрилмасдан судга даъво берилгандан сўнг, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар жавобгар ихтиёрий тартибда шартномавий мажбуриятларни бажаради ёки тарафлар низони келишув битими тузиш орқали ҳал қилади.
Низоларни судгача ҳал қилиш институтига оид қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши нафақат судларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятини енгиллаштиришда, балки низо тарафларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини янада тўлиқроқ таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Саволга Олий ҳарбий божхона институти 1-босқич тингловчиси Сарвар КАРИМОВ жавоб берди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон ғоят мураккаб шароитда мустақилликни қўлга киритиб, 1992 йилда ўз мустақил Конституциясига эга бўлди. ...
01 янв 1970
Президентимизнинг “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” ма...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментига ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн ташриф буюрди....
01 янв 1970
Бир ойлик ҳарбий хизмат учун тўлов тўлиқ тўланган бўлса-да фуқаро хизматга яроқсиз деб топилса, тўланган пулни қайтариб олса бўладими? Бунинг тарти...