“Таъмирланган” таъмирталаб йўллар

/
Ўлкамизда баҳаво, сўлим гўшалар бисёр. Уларнинг ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами бор. Энг асосийси, бундай ўзига хос масканларда табиат бутун борлиғини асл ҳолида сақлаб қолгани турли мамлакатлардан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг эътибори ва қизиқишини оширмоқда.
Жиззах вилоятининг Зомин тумани ҳудудида жойлашган табиий маскан ҳам ўзининг бетакрор иқлими ва маданий-этнографик объектлари билан кўпчилик орасида маълуму машҳур. Зоминнинг денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликда жойлашган арчазорлари ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос объектлари рўйхатига киритилган. Маълумотларга қараганда, Зомин ўрмонларида 800 ёшли арчалар бор. Тоғлардан доим эсиб турадиган шамол ҳисобига ёзнинг жазирама кунларида ҳам Зоминда салқин ҳаво уфуриб туради. Шу боис ёз фаслида бу масканга ташриф буюрувчилар сони бошқа фаслларга қараганда бир неча баробарга ортади. Айниқса, дам олиш кунлари эрта тонгданоқ Зомин табиати қўйнида ҳордиқ чиқаришни истайдиган ҳамюртларимиз билан тўла бўлади.
Тарих ва табиат кўркидан баҳра олиш мақсадида биз ҳам оила аъзоларимиз билан Зомин тоғ ёнбағирлари бўйлаб саёҳат қилишни дилимизга тугдик ва ниятимизга етдик. Очиғини айтганда, аввал ҳам бу гўзал масканга борганмиз. Тан олиш керак, сўнгги йилларда Зомин шаҳарчаси бутунлай кўркам қиёфа касб этибди. Янги қурилган кўприклар ва бинолар, кенгайтирилган йўллар ҳамда савдо-сотиқ марказлари шаҳарчанинг ободлигини намоён этиб турибди.
Аммо ростини айтганда, Тошкент шаҳридан то Зомин шаҳарчасига қадар босиб ўтган йўлимизда учраган айрим ҳолатлар киши кайфиятини тушириб юборди. Гап шундаки, Тошкентдан Зоминга қадар Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятларининг айрим туманларини кесиб ўтишга тўғри келади. Хусусан, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, Янгиер, Ховос туманлари, Жиззах вилоятининг Даштобод туманлари орқали борар экансиз, бу ҳудудлардаги айрим йўлларнинг ҳолатидан кайфиятингиз тушади.
Гап шундаки, йўлларда, аниқроқ айтганда, Янгиер—Ховос—Даштобод йўналишидаги йўлларда яқин йилларда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо ҳамма гап бу ишлар қанчалик сифатли амалга оширилганида...
Таъмирланган, бироқ “таъмирталаб” йўлларни кўз олдингизга келтиришингиз учун ўхшаш бир мисолни келтириб ўтсак. Тасаввур қилинг, сиз сартарошхонага кириб, сочингизни олдиришни бошладингиз. Сартарош сочингизни бинойидек ола бошлади. Ишни бошингизнинг чап қисмидан бошлаган сартарош айрим сабабларга кўра ишини шартта тўхтатиб, “Сиз энди шу аҳволда юра туринг” деса, қай аҳволга тушасиз? Тасаввур қилинг, биз қайд этаётган йўллар ҳам худди шундай ҳолатда. Йўлнинг чап томонидаги ҳаракатланиш бўлаги асфальтланган, лекин ўнг томони ўнқир-чўнқир ҳолатда қолиб кетган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг “Йўлнинг қатнов қисмида транспорт воситаларининг жойлашуви”га оид Х бандида қайд этилишича, аҳоли пунктларидан ташқаридаги йўлларда ҳамда аҳоли пунктларида айрим турдаги транспорт воситалари учун ушбу қоидаларда белгилангандан юқори тезликда ҳаракатланиш рухсат этилган йўл қисмларида ҳайдовчилар транспорт воситаларини мумкин қадар қатнов қисмининг ўнг четига яқинроқ олиб ҳаракатланишлари керак, ўнг бўлаклар бўш бўлганда чап бўлакларни эгаллаш тақиқланади.
Аммо Гулистон шаҳри, Янгиер, Ховос туманларидаги “чала” йўлларда бу қоидага амал қилишнинг имкони йўқ. Сабаби, қатнов қисмнинг ўнг бўлагида ҳаракатланган ҳайдовчи транспорт воситаси ишдан чиқишини ва ўзини хавотирга қўйишни истамайди. Чап томондаги ҳаракатланиш бўлагининг йўл сатҳи ўнг томондагисидан деярли 5-10 сантиметр баланд эканлигига нима дейсиз? Орадаги тафовут сиз билан бизга ўхшаган пиёдаларга билинмаслиги мумкин, лекин транспорт воситасини бу борада “чалғитиб бўлмайди”. Техника йўллардаги ҳар қандай нуқсонни “пайқаб олади”.
Кундан-кун халқимизнинг иқтисодий имконияти кенгайиб, транспорт воситаларининг сони ортиб бораётган ва тирбандликлар юзага келмаслиги учун кўприклар, йўллар қурилаётган бир пайтда яна бир ҳолатни кузатиб, ёқамизни ушладик. Мазкур йўналишда бир вақтлар икки қаторли ҳаракатланиш бўлагига эга бўлган ёки бошқача айтганда, икки қаторда ҳаракатланиш кенглигига эга бўлган йўл чала асфальтлангач, бир қаторли ҳаракатланиш бўлагига айланиб қолган. Сунъий равишда торайтирилган бу сингари йўлларда “шоввоз” ҳайдовчиларимиз хавфли вазиятларни юзага келтирмоқдалар.
Хуллас, бир қарашда кичик бўлиб туюлган бу муаммони газета саҳифсига олиб чиқиш шартмиди, дейишга шошилманг. Гап шундаки, биз кўп ҳолларда ўз мақола, кўрсатув ва эшиттиришларимизда “фалон йўллар таъмирланди”, “иншоотлар барпо этилди” деган қуруқ маълумотларни тақдим этишга кўникиб қолгандекмиз. Аслида эса қилинган ишларнинг сифати, муддати ва натижаси билан унчалик қизиқмай қўйдик. Бироқ бугун халқимизнинг талаби бутунлай ўзгарди. Энди ҳар бир бажарилган ишнинг сони эмас, сифати ҳақида қизиқишнинг вақти келди...
Юқорида келтирилган автомагистраль йўллардаги ҳолат ҳам бизу сизни қониқтирмаслиги аниқ. Энди тасаввур қилинг-а, Президентимизнинг бир қатор фармонлари асосида жойларда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналардаги имтиёзлардан фойдаланиш истагини билдирган хорижий инвесторлар бу йўллардан юрганда кўнглидан қандай фикр-мулоҳазалар ўтиши мумкин? Ички йўлларни қўя туринг, автомагистраллардаги бу каби ҳолатларга гувоҳ бўлган инвестор манзилига етиб олгунича ҳам сармоя киритиш билан боғлиқ фикрини ўзгартирмасмикан? Бу каби йўллардан ҳаракатланган сайёҳлар бетакрор табиатга эга юртимизга яна қайтиб келармикан? Ахир, автомагистраллар сизу бизнинг юзимиз-ку...
Ҳурматли мутасадди ташкилотлар вакилларидан сўрагимиз келади: қилаётган ишимизни қуруқ ҳисобот учун эмас, халқимиз, юртимиз меҳмонлари, фарзандларимиз узоқ йиллар баҳраманд бўлиши учун сифатли ва ўз вақтида бажаришни ўйлаш вақти келмадимикан? Қачонгача “таъмирланди”, “бажарилди” мазмунидаги ҳисоботлар билан ҳам ўзимизни, ҳам халқимизни чалғитамиз?
Яна бир гап. Йўл-йўлакай кетар экансиз, ҳар бир вилоятда бир ёки бир нечтадан мунтазам йўл патруль хизмати масканлари фаолият юритаётганига гувоҳ бўласиз. Ушбу масканларда йўл патруль хизмати вакиллари фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган. Баланд ва мустаҳкам устунларга эга пунктларда йўл ҳаракати иштирокчиларини яқиндан кузатиш ва назорат қилиш мақсадида сўнгги русумдаги видеокузатув мосламалари ишлаб турибди. Асосийси, ҳар бир транспорт воситаси доимо ҳушёр ва сергак патруль-пост хизмати ходимларининг эътиборидан четда қолмайди. Бироқ бир ҳолат кишини таажжублантиради. Гарчи масканларимизда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун уч ёки икки қаторли йўл бўлаклари мавжуд бўлсада, уларнинг фақатгина биттасидан ўтиш мумкин. Қолганлари эса шлагбаум ёки бошқа турдаги воситалар орқали ёпиб қўйилган. Натижада кенг йўллар бўйлаб ҳаракатланиб келаётган транспорт воситалари бир қатор бўйлаб тизилишга мажбур бўлади. Бир-бирига йўл бермаслик оқибатида айрим ҳайдовчилар ўртасида зиддиятлар юзага келмоқда. Сунъий равишда юзага келадиган тирбандлик одамларнинг, айниқса, ҳайдовчиларнинг асабига тегиб, вақтини олмоқда.
Эҳтимол, мунтазам йўл патруль хизмати масканларидаги йўлларнинг бир қаторини очиқ қолдириш ҳаракати замирида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт воситаларининг назоратини кучайтириш мақсади мужассамдир. Буни тўғри тушуниш керак. Лекин шундоқ ҳам зийрак мутахассислар ишлаб турган, видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган, 2 тадан “Тўхтамасдан ҳаракатланиш тақиқланган” йўл белгилари ўрнатилган бундай масканларда уч қатор ҳаракатланиш бўлагининг биттасигина очиқ туришидан нима наф? Айтайлик, бир вилоят ёки шаҳардан иккинчисига қараб йўл олган ҳайдовчи ёки йўловчи муҳим иш билан шошаётган у мошинада бемор ёки ҳомиладор аёл бўлса-чи? Сунъий равишда тирбандликларни юзага келтириш кимга ёки нимага керак? Ахир, бирламчи ва устувор мақсадимиз — фуқароларимизга қулайлик яратиш эмасми?
Мақсадимиз халқимизга қулайликлар яратиш, ҳудудларимизнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш борасида мутасадди раҳбарлар ҳамда ҳар биримиздан ўз ишимиз, меҳнатимизни сифатли ва ўз вақтида адо этиш нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бора эслатишдир. Зотан, юзаки, қуруқ ҳисобот билан эмас, балки сифатли ва ўз вақтида бажарилган амалий ишларимиз, ижро интизомига қатъий риоя қилиш билангина юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўша оламиз.
Cаодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсоннинг улғайиб, вояга етишида ва ўз йўлини тўғри танлаб, жамиятда ўрнини топишида устозларнинг ўрни беқиёс....
01 янв 1970
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун