Томчида акс этган қуёш

/
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20-21 январь кунлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодиёт тармоқлари, саноат, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари, бунёдкорлик ишлари жадал ривожланаётганлигини таъкидлаб, келгусида республикада амалга ошириладиган кенг кўламли вазифаларни белгилаб берганди. Эндиликда Қорақолпоғистонда ана шу белгиланган вазифаларни бажариш борасида жиддий ишлар қилинмоқда. Бу Элликқалъа туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчилик ишларида ҳам намоён бўлмоқда.
Халқимизда “Томчида қуёш акс этади”, деган гап бор. Бу гап мамлакатимизда барча соҳалардаги ўзгаришлар, янгиланишлар, тараққиёт ва тамаддун юртимизнинг ҳар бир нуқтасида, туман, қишлоқ, овулларда амалга оширилаётган улуғвор ишларда ҳам ифодасини топаётганлигини кўрсатади. Шу маънода Қорақалпоғистон Республикасининг Қизилқум бағрида ташкил этилган туманларидан бири, катта ер майдони, бой табиий ва гидрологик ресурсларга эга бўлган Элликқалъада бугунги кунда ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон ва унинг манфаатлари, бахту саодати, эртанги авлод камоли учун деган улуғ мақсад йўлида қилинаётган ишлар ҳам томчидаги қуёшнинг ифодасидир. Бу ишлар, энг аввало, туманда амалга оширилаётган бунёдкорликлар, яратувчиликлар, қурилишлар соҳасида намоён бўлмоқда.
Ҳозирги кунда туманда бунёдкорлик ишлари узлуксиз жараён сифатида халқ фаровонлиги, эл ободлигининг манбаига айланган. Агар биргина ўтган йилда рўёбга чиқарилган ишларнинг кўламига назар ташлайдиган бўлсак, юқоридаги фикрнинг исботини кўрамиз. Хусусан, ушбу йилда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 48 хонадонга мўлжалланиб “Камолот” уйи, Бўстон шаҳридаги сўлим “Жалолиддин Мангуберди” маданият ва истироҳат боғи, Элликқалъа овул фуқаролар йиғинида маданият ва аҳоли дам олиш маркази, замонавий автошоҳбекат мажмуаси, аждодларимиз анъаналари ва бугунги ҳунармандчилик ютуқлари уйғунлашган кулолчилик цехи, 75 та намунавий лойиҳа асосида уй-жойлар, Қирққиз овулида маиший хизмат уйи, Тозабоғ ва Сарибий овулларида замонавий гузарлар, Бўстон шаҳридаги “Лидер” ва “Баҳор” кафелари, янги қурилган равон йўллар, замонавий кўприклар, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммуникация тармоқлари барпо этилди. Булардан ташқари, бунёдкорликлар натижасида Гулдурсун овул фуқаролар йиғинида 500 ўринга мўлжалланган “Орзу” тантаналар уйи, Бўстон шаҳридаги “Дийдор” тўйхонаси, замонавий автосервис шохобчаси, Элликқалъа овул фуқаролар йиғинида савдо мажмуаси, Амиробод овул фуқаролар йиғинида автомобилларга метан гази қуйиш шохобчаси, “Нуриммат Қурбанов” фермер хўжалигида йилига 350 мингдан ортиқ жўжа етиштириладиган “Бўстон чикен” бройлер цехи ҳамда “Бўстон страус” фермер хўжалиги, Гулистон овул фуқаролар йиғинида минимаркет каби ўнлаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик объектлари ҳам ўз фаолиятини бошлади. Буларнинг бари халқимизнинг обод ва фаровон яшаши учун хизмат қилмоқда.
— Миллий маърифатимиз сарчашмасида турган жадид боболаримиз мактабни дунё иморатларининг энг муҳташами, энг муқаддаси, деб атаган эди. Шу маънода илм масканлари қурилишига ҳам жиддий эътибор берилмоқда. Туманда кейинги бир йил ичида Гулистон овул фуқаролар йиғинидаги 20-сонли, Қилчиноқ овул фуқаролар йиғинидаги 2-сонли, Амиробод овул фуқаролар йиғинидаги 28-сонли, Гулдурсун овул фуқаролар йиғинидаги 30-сонли мактабларнинг янги бинолари фарзандларимизнинг илм олишлари учун бағрини очди, — дейди Элликқалъа тумани бош меъмори Ибодулла Саъдуллаев. — Айни пайтда, Элликқалъа овулида сунъий қопламали футбол майдони, Қирққиз овулидаги 40-сонли умумтаълим мактабининг спорт зали, Амиробод, Тозабоғ овулларидаги аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектлари, Гулдурсун овулида савдо мажмуаси, Гулистон, Алишер Навоий овулларидаги автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари, Сарибий овулидаги 100 ўринга мўлжалланган, замонавий жиҳозланган туманлараро тиббиёт масканининг очилиши, Тозабоғ овулидаги қишлоқ врачлик пункти, Бўстон ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида янгидан қурилган ўқув амалиёт устахонаси, туман марказидаги 22-сонли умумтаълим мактаби капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозланиб фойдаланишга топширилди.
Туманда янгидан 91 та намунавий лойиҳалар асосида уйлар барпо қилинди. Бўстон шаҳридаги 807 та оила истиқомат қилаётган Абай маҳалла фуқаролар йиғини учун замонавий, қулай шароитларга эга бино ҳашар йўли билан қурилди. Шунингдек, Қирққиз овулида АГЗС, маиший хизмат уйи, Қилчиноқ овулидаги гузар, Амиробод овулида автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчаси фойдаланишга топширилиши ўзига хос совға бўлди.
Мактаб қуриш кўприк бунёд этиш, қудуқ қазишдек савоб иш. Шу сабабли туман бунёдкорлари ўтган йиллар давомида 9 та мактабни ҳомийлар маблағи ҳисобидан барпо этган бўлсалар, 2016/2017 ўқув йили бошида Гулдурсун овули “Дошқалъа” аҳоли пунктида 130 нафар ўқувчига мўлжалланган 53-сонли умумтаълим мактабининг янги биносини ҳам ҳомийлар ҳисобидан қуриб бердилар.
Кенг ва равон йўллар барпо этиш борасидаги ишлар ҳам Элликқалъани четлаб ўтмади. Тумандаги Қирққизобод — Коинот — Аширтом аҳоли пунктларини боғлаб турувчи 12,5 километрдан зиёд замонавий асфальт йўли қуриб битказилди. Эндиликда бу йўл маҳаллий аҳолининг узоғини яқин қилмоқда.
Элликқалъа тумани жойлашган бу ҳудудда қадимда Хоразмнинг гуллаб-яшнаган воҳалари, юзлаб шаҳар ва кентлари қад ростлаган. Ана шу шаҳарларда илм-фан, маданият, санъат юксак даражада ривожланган. Бу ерда Абу Райҳон Беруний, Ҳасан ал-Ҳубубий, Исо ал-Масиҳий, Абу Наср Ироқ, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий каби алломалар фаолият юритганлар. Шаҳарлардаги саройлар, қасрлар юксак санъат намуналари билан безатилган. Илм-фан масканлари барпо этилган. Афсуски, бу шаҳарлар, кентлар ва қалъаларнинг аксарияти эндиликда археологик ва меъморий ёдгорликлар сифатида харобалар ҳолида сақланиб қолган. Элликқалъаликлар ана шундай заминда барпо этган замонавий муҳташам мактаблар, коллежлар, лицейларда эса эндиликда кўплаб ёшлар етишиб чиқмоқда. Улар туман ва юртимиз фахрига айланмоқда.
Дўстлик овул фуқаролар йиғинида таваллуд топган ўолибжон Шарипов 12-сонли умумтаълим мактабини тугатиб, 2004 йили Тошкент автомобиль йўллари институтига ўқишга кирган эди. 2008 йилдан мазкур олийгоҳда магистратура йўналишида таълимни давом эттириб, дастлабки ўқув йилининг иккинчи ярмидан бошлаб, Швеция қироллик университетида таълим олиб, механика йўналишида магистрлик диссертациясини ёқлади. Кейин Италия, Буюк Британиянинг нуфузли университетларида малака оширди. Илмий ишлари Португалиянинг Порту ва Испаниянинг Барселона университетлари ахборотномаларида чоп этилди. 2014 йилда у Европа Иттифоқининг таълим грантига сазовор бўлиб, ҳозирги кунда Германиянинг Штуттгарт шаҳри Фонхайм университетида докторантурада таҳсил олмоқда.
Сарибий овул фуқаролар йиғинида туғилган Беҳзоджон Юсупов 2007 йил тумандаги 2-ихтисослаштирилган мактабни, 2011 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтининг бакалавриат, 2013 йилда шу олий ўқув юртининг магистратура босқичларини тугатди. 2013 йилдан бошлаб Хитойнинг Сичуан шаҳридаги Жанубий Жиатонг университетида автомобиль ва темир йўллари муҳандислиги йўналишида докторантурада таҳсил олмоқда.
Яна бир иқтидорли йигит Ҳикматжон Сабиров 1999 йил 2-ихтисослаштирилган мактабни, 2003 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг механика-математика факультетининг бакалавриатини грант асосида тугатади. Бир қанча вақт мазкур университетда талабаларга таълим берди. Айни кунда Малайзия мамлакатида самарали иш олиб бормоқда. Ҳикматжоннинг укаси Мансуржон ҳам Миллий дорилфунунни тугатиб, ҳозирги кунда Малайзия халқаро университетида ишламоқда. Физика-математика фанлари доктори илмий даражасига эга бўлган ака-укаларнинг 70 дан ортиқ илмий мақолалари дунёнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилган.
Бу истеъдодли юртдошларимизнинг муносиб издошлари сифатида 2016 йили Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги Бўстон академик лицейи ўқувчилари Дилмурод Қалимбетов тарих, Жамшид Эгамбердиев кимё фанлари олимпиадаларининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолиб бўлишди.
— Туманда болалар спортини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Барча қишлоқ ва овулларда бугунги кун талабига жавоб берадиган замонавий анжомлар билан жиҳозланган спорт мажмуалари барпо этилган. Бу эса кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқишига йўл очиб бермоқда, — дейди Элликқалъа спорт мактаби директори Беҳзод Камолов. — Спортнинг анъанавий каратэ-до тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубогида Алишер Навоий номли овул фуқаролар йиғинидан Абдулла Давлетов II ўринни, Ўзбекистон халқ шоири Муҳамад Юсуф номидаги Бўстон академик лицейи II босқич ўқувчиси Наврўзбек Ҳожибоев III ўринни эгаллади. Таниқли спортчи Расулбек Болтабоев Грециянинг Афина шаҳрида эркин кураш ҳамда юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида, Қозоғистоннинг Тарас шаҳрида эркин кураш бўйича халқаро турнирда фахрли ўринларни қўлга киритди. Франциянинг Париж шаҳрида самбо бўйича жаҳоннинг машҳур спортчилари иштирокидаги мусобақада фахрли 3-ўринни эгаллади. Яна бир спортчимиз Бозорбой Нуржонов Исроил давлатининг Дашдод шаҳрида ўтказилган самбо бўйича жаҳон чемпионатида кучли тўртликдан ўрин олди.
Туманда жойлашган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, умумтаълим мактабларида энг замонавий спорт заллари ва спорт майдончалари бўлиб, улар керакли инвентарлар билан таъминланган. Бўстон академик лицейи ва Бўстон ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган теннис кортлари фаолият юритмоқда. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 12 та тури бўйича 60 та спорт гуруҳлари ташкил қилинган бўлиб, бу гуруҳларда 750 нафар ўғил-қизлар шуғулланмоқдалар. Шуларнинг 182 нафарини қизлар ташкил қилади. Мазкур тўгаракларда 24 нафар мураббий иш олиб бормоқда.
Элликқалъа туманида кейинги йилларда аждодлардан қолган бой тарихий меросни асраб-авайлаш, илмий тадқиқ қилиш, маданият ва санъатни ривожлантириш, адабиёт соҳасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бўстон шаҳрида қадимий Хоразм цивилизацияси, давлатчилик тарихи ва маданияти тараққиёти билан боғлиқ иккита халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Ушбу конференцияларда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларидан археологлар, қадимшунос ва шарқшунос олимлар иштирок этиб, тарихимиз саҳифаларини янги, бой маълумотлар билан тўлдирдилар. Туман марказида ҳар икки йилда бир марта Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон халқ артисти Отажон Худойшукуров хотирасига бағишлаб “Нафосат бўстоним маним” республика кўрик-фестивали ўтказиб келинмоқда. Бу кўрик-фестиваль нафақат Элликқалъада, балки республика миқёсида иқтидорли ёшлар санъатнинг бир нечта йўналишларида ўзларини намоён қилишлари учун йўл очиб бермоқда. Шунингдек, йил оша ўтказилаётган ёш ижодкорларнинг Бўстон анжуманлари ҳам республикамиз адабий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб келмоқда.
Туманда маданиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Санъат ва педагогика коллежи, Болалар мусиқа ва санъат мактаби малакали мутахассислар билан таъминланган. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Сададдин Сапаев ва Бозорбой Саидов, Усмон Ражапбоев, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муяссар Матчонова ёшларга таълим беришда ибрат бўлмоқдалар. Тумандаги санъат ва педагогика коллежида ҳозирги кунда 650 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар санъатнинг 9 йўналиши бўйича таълим олмоқдалар.
— Бўстонни музейлар шаҳарчаси дейиш мумкин, —дейди тарихчи Самандар Исмоилов. — Шаҳарчадаги Сергей Толстов номидаги археология ва тарих музейи, қадимий қалъаларнинг мининусхаларини ўзида мужассам этган “Очиқ осмон остидаги музей”, Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил қилинган Спорт шон-шуҳрати музейи, 11-сонли умумтаълим мактабида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов хотирасига бағишланган, Бўстон академик лицейида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган, Элликқалъа санъат ва педагогика коллежида Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон Республикалари халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган музейларда 50 мингдан ортиқ экспонатлар йиғилган. Уларда тарихнинг турли даврларига оид манбалар ёритиб берилган. Айниқса, “Очиқ осмон остидаги музей”даги қадимий қалъаларнинг кичрайтирилган ҳолатда барпо этилган кўринишлари ҳар қандай томошабинни ҳайратга солади.
Туманда аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида тиббиёт тизимини такомиллаштириш борасида жиддий ишлар қилинмоқда. Ўтган йиллар мобайнида тиббиёт бирлашмасини мукаммал таъмирлаш учун жами 4 миллиард 285 миллион сўмлик ишлар бажарилди. Туғруқхона бўлимига қарашли бинолар капитал таъмирланиб, 315 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Туманда соғлиқни сақлаш тизимига қарашли 19 та қишлоқ врачлик пунктлари мавжуд. Барча ҚВПлар Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобига Саломатлик-1, Саломатлик-2, Саломатлик-3 лойиҳалари асосида замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.
Элликқалъада ижтимоий, маданий, маънавий жабҳада эришилаётган муваффақиятлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буларнинг асосида иқтисодий тараққиёт, яъни саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, аграр соҳани ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, сервисни янги поғонага кўтаришдан иборат улуғ мақсадларнинг амалий ифодаси ётибди. Бошқача айтганда, ижтимоий ютуқлар учун иқтисодий муваффақиятлар омил бўлмоқда.
Айтайлик, 2016 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 39 миллиард 871,3 миллион сўмни ташкил қилиб, аввалги йилга нисбатан 108,6 фоизга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми 20 миллиард 58,1 миллион сўмни ташкил қилиб, аввалги йилга нисбатан 102,8 фоизга, маҳаллий бюджет даромадлари 35 миллиард 739,2 миллион сўмни ташкил қилиб, аввалги йилга нисбатан 105,1 фоизга ўсишга эришилган.
— Саноат йўналишида қиймати 50,1 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилиб, 413 та янги иш ўрни яратилди. 11 та лойиҳа амалга оширилиб, жами қиймати 5,7 миллиард сўмлик, яъни ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 3,6 миллиард сўм ва банк кредитлари ҳисобидан 2,1 миллиард сўм ўзлаштирилди. 105 та янги иш ўринлари юзага келди, — дейди Элликқалъа тумани ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Равшан Матчонов. — Бу ўринда “Элликқалъа деним” масъулияти чекланган жамияти, “Чайка агромаш” масъулияти чекланган жамияти, “Лайло-Шаҳло” хусусий корхонаси, “Адамбой Саловат” фермер хўжалиги, “Бўстон обод махсус қурилиш” хусусий корхонаси, “Дониёр-Мадатжон мебеллари” оилавий корхонаси, “СТФ” корхонаси томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар эътиборга молик. Битта чорвачилик йўналишида 60 та лойиҳа амалга оширилиб, бунга тижорат банклари томонидан 6,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди, натижада 202 та янги иш ўринлари яратилди.
Бу борада “Ислом насл чорва” МЧЖ, “Амир оқ чашма” фермер хўжалигида бажарилган ишлар эътиборни тортади. “Амир оқ чашма”да “Само тулпорлари” кичик от заводи ташкил қилиниб, ахалтака зотли наслли отлар кўпайтирилмоқда. “Нуриммат Қурбанов” паррандачилик фермер хўжалигида ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Туяқушларни парваришлаш йўлга қўйилди. Хўжалик ўтган йилда 200 минг бошга яқин товуқ жўжалари етиштириб, 15 минг бош жўжаларни кам таъминланган оилаларга тарқатди. “Сарибий парранда” ва “Ўйсаланг нури” фермер хўжаликларида ҳам 15 минг бошдан ортиқ паррандалар боқилиб, аҳолига сифатли гўшт ва тухум маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Балиқчилик йўналишига ҳам эътибор кучайтирилмоқда. Тумандаги “Ҳожиакбар дарға” фермер хўжалиги томонидан бу соҳада қиймати 1 миллиард 400 миллион сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилди. Фермер хўжалигига “Ипотека-банк” томонидан 1,1 миллиард сўм кредит ажратилди. Мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, бу борада экспорт имкониятларидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашнинг истиқболли тизимини яратиш энг асосий ишлардан бирига айланган. Кўп тармоқли фермерлар наинки пахта, ғалла, пиллачиликда, балки халқ хўжалиги, истеъмол моллари, ички ва ташқи бозор учун зарур бўлган бутунлай янги маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқармоқда. Мамлакатимиз Президенти таъкидлаганидек, қишлоқ мулкдори бугунги куннинг пешқадам тадбиркори, жаҳон бозорининг ишончли иштирокчиси бўлмоқда.
Туман маркази Бўстон шаҳри йилдан-йилга гўзаллашиб, мамлакатимизнинг энг чиройли, обод шаҳарларидан бирига айланиб бормоқда. Республикамизнинг Биринчи Президенти маърузаларидан бирида “Эл-юрт ишончига муносиб бўлиб, олдимизда турган буюк мақсадлар учун, Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўси ва нуфузини юксалтириш йўлида ўзини бахшида қилиш, вақти келганда, Ватанимизни янада равнақ топтиришда менинг ҳам қўшган ҳиссам бор, деб мамнун бўлиб, рози бўлиб яшаш — бу чинакам бахтдир”, деб айтган эди. Бугун элликқалъаликларнинг қалбида ана шундай мамнунлик ҳисси улар амалга ошираётган ишларда томчида акс этган қуёшдек ўзини намоён қилиб турибди.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Тадбир доирасида бадиий асарлар кўргазмалари ташкил этилди....
01 янв 1970
21 ОКТЯБРЬ — ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ “ДАВЛАТ ТИЛИ ҲАҚИДА”ГИ ҚОНУНИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН...
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.
01 янв 1970
Уруш йиллари халқимизнинг маънавий қадриятлари, меҳр-оқибати, эзгу инсоний фазилатлари ва олижаноблиги яққол намоён бўлди....