Ватан келажаги ёшлар қўлида

/
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш, фарзандларимизни Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб вояга етишишига эришиш жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари ҳам бу борада қатор ибратли ишларни амалга оширмоқдалар. Наманган шаҳридаги юридик коллежда вилоят партия кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Гиёҳвандлик, кашандалик, ОИТС, диний экстремизм, терроризм каби иллатларнинг салбий таъсири ва огоҳлик” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди. Партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирни “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев олиб борди. Иштирокчилар ёшларни маънавий ва маърифий жиҳатдан етук қилиб тарбиялашнинг аҳамияти, бу борада олиб бориладиган ишларга масъулият билан ёндашиш зарурлигини таъкидлаб, таҳлилий фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Масалан, кашандалик инсон учун қандай зарар келтиришини кўпчилик билади, аммо унга қарши курашиш тўғрисида аксарият кишилар бош қотирмайди. Шунинг учунми, сигарета чекувчилар сони кўпайиб бораётганини кузатамиз. Эндиликда бу зарарли одат аёллар ўртасида ҳам тарқалаётганлиги ташвишлидир.
Учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда дунё жамоатчилиги терроризм хуружларининг олдини олиш учун қаттиқ курашмоқда. Бу иллат қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Ана шундай нохуш ҳолатлар ақидапарастлик, диний экстремизм оқибатида келиб чиқаётганлиги барчага аён. Терроризм инсониятга қарши қаратилган жиноятдир.
Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бўлим бошлиғи Н.Фозиловнинг маърузаси орттирилган иммунитет танқислиги синдроми касаллиги оқибатлари ва унинг олдини олиш масалаларига бағишланди. Шифокор мазкур хасталикни юзага келтирувчи омиллардан ҳар бир киши эҳтиёт бўлиши кераклиги тўғрисида сўз юритди. Чунки ОИТС одам организмининг ҳар қандай касалликка қарши курашиш ҳамда ички аъзоларидаги шикастланишларни тиклай билиш қобилияти сусайиб кетишига олиб келади. Бунга йўл қўймаслик учун ҳар бир киши спиртли ичимликлар ичиш, кашандалик, гиёҳвандлик каби зарарли одатлардан воз кечиши лозимлиги қайд этилди.
“Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши бўлим мудири Д.Раҳимов ҳам ёшларни турли зарарли одатлардан сақланишга чақирди.
— Дунёнинг бир қатор минтақаларида нотинчликлар, низолар давом этаётган бир пайтда биз ёшлар онг-шуурини турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашимиз керак. Бунинг учун улар орасида маънавий-маърифий тадбирларни кўплаб ўтказиш талаб этилади. Бунда фақат миқдор кўрсаткичлари билан кифояланмасдан, билдирилган фикрлар ҳамманинг қалбига етиб бориши ҳақида ўйлаш лозим. Яъни таъсирчанлик ва натижадорлик биринчи ўринда туриши даркор.
— Тадбир коллеж ўқувчиларида яхши таассурот қолдирди. Буни улар маърузаларни диққат билан тинглаганидан билиш мумкин. Ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволлар билан мурожаат қилгани ҳам шундан далолат беради, — дейди Наманган вилоят партия кенгаши мутахассиси Шерзод Маҳмуджонов.
Тадбир якунида таълим даргоҳи маъмурияти вилоят партия кенгаши билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни давом эттириш истагини билдирди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳофиз агар мумтоз ашулалардан ижро этмаса, эътибор топмайди.
01 янв 1970
Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатида, энг аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратил...
01 янв 1970
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил Д...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Норин туман кенгаши кейинги йилларда Наманган вилоят партия ташкилотининг илғор бўлинмаларидан бирига айланди....