Рамазон — эзгу фазилатлар ойи

/
Жаннатмонанд ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар бу муборак ойни тоат-ибодат, рўзадор ҳолда ўтказишни ният қилган ҳолда қаршилашмоқда.
Рамазон ойининг фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи — Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ушбу ойда ислом тарихида жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Рўза ибодати билан нафс тарбияланади, ҳою ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради. Рўза нафақат мусулмонларга, балки исломдан олдинги қавмларга ҳам фарз эди. Бу ҳақда бир неча ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Бухорий ривоятларидан бирида бундай дейилади: “Жоҳилият аҳли ашурода (муҳаррам ойининг ўнинчи куни) рўза тутар эди, рамазон ойида рўза тутиш ҳақида оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро рўзасини хоҳлаганлар тутсин, хоҳламаганлар тутмасин”, дедилар”.
Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида қийин шароитлар туғилганида рўза тутишда берилган енгилликлар ҳақида шундай дейилади: “Саноқли кунларда. Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир”.
“Саноқли кунлар” дейилишидан мурод, бошқа пайғамбарларнинг умматларига бир неча ойлаб рўза тутиши буюрилгани ҳолда мусулмонларга Рамазон ойида ўттиз ёки йигирма тўққиз кун рўза тутиши фарз қилинган. Бунда рўзанинг қийин ва машаққатли эмаслигига, инсон бунинг уддасидан бемалол чиқишига ишора бордир. «Қодир бўлмаган кишилар» дейилганида кексайиб ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган. Бу тоифа кишилар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим. Шунингдек, ҳомиладор, эмизикли аёл, мусофир, оғир ва масъулиятли вазифаларни бажарувчилар ҳам Рамазон ойи рўзасини тутмасликларига ва албатта, қазосини адо этиш шарти билан уларга рухсат берилган. Аммо иложи борича рўзани қолдирмай тутган киши катта савоб ва охират мукофотларига эришади.
Рамазон ойи ана шундай улуғ ва фазилатли ойдир. Бу ойнинг нақадар фазилатли экани, рўза тутиш энг улуғ ибодатлардан экани борасида жуда кўплаб ҳадиси шарифлар бор.
Имом ат-Термизий келтирган ривоятлардан бирида шундай дейилади: “Зайд ибн Холид Жуҳанийдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди”, деганлар.
Рамазон ойининг мубораклигини чуқур ҳис этган барча мўмин-мусулмонлар бу борада Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларига амал қилиб, уни ҳар йили гўзал ибодатлар, Аллоҳ розилигини топишга интилиш ойи, Қуръон хатми ойига айлантиришга ҳаракат қилишади. Рамазон илм, маърифат, зиё ва ҳидоят ойи ҳам саналади. Шунинг учун юртимиз масжидларида ўтказиладиган анжуманларда Қуръони каримни диққат-эътибор билан тинглаш, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилиш, унда зикр этилган динимиз аҳкомлари ва йўл-йўриқларини оғишмай бажаришга интилиш асосий вазифалардан ҳисобланади.
Истиқлол йилларида Рамазон ойи арафасида ушбу муқаддас ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарор эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Президентининг бу йилги қарорида жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш масалаларига урғу берилган.
Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари зиммасига ушбу муборак ойда амалга ошириладиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтириш вазифаси белгиланган. Юртимизда муборак Рамазон ойини миллий, диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқаро мазкур фармонга мувофиқ афв этилди....
01 янв 1970
Мустақил юртимизда ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиши, ўзи хоҳлаган соҳа бўйича шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилган, имкониятла...
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Шиддат билан ривожланаётган замонамизда нафақат дунёқарашимиз, балки кийиниш маданиятига бўлган муносабатимиз ҳам ўзгариб бормоқда....