Ўчмас шараф

/
Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг 100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 27 мартда қабул қилинган фармон халқимиз руҳиятини кўтариб юборди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу фармон нафақат Ш.Рашидов хотирасини, балки заҳматкаш халқимизнинг ор-номуси ва қадр-қимматини янада юксалтиришга қаратилган ҳужжат бўлди.
Ўзбекистонда Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр республикамиз тарихида муҳим аҳамият касб этган. Бугунги кунда Ш.Рашидовнинг йирик давлат арбоби сифатида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий юксалишига улкан ҳисса қўшганлиги эътироф этилмоқда. Бу эътироф этмоқчи бўлган мезон асоси эл-юрт учун узоқ муддат самарали ва равнақли хизмат қилиш, давлат сиёсатини равон олиб бориш, марказлашган маъмурий-буйруқбозлик тизимида ўз ўрнини топиш ва ундан аниқ мақсадларда фойдаланиб олиш каби раҳбарлик сифатларини таҳлил этишдир.
Шароф Рашидов “Қизил Ўзбекистон” газетасининг бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Олий Совети президиуми раиси, собиқ иттифоқ Олий Совети президиуми раиси муовини вазифаларини бошқарган. Республика, қолаверса, иттифоқ даражасидаги лавозимлар Ш.Рашидовни раҳбар сифатида шакллантирган. Бошқариш усулларини эгаллашда муҳим босқич бўлган. Айнан шу даврда Ш.Рашидов кўпгина сиёсий раҳбарлар билан яқиндан танишган. Ўз зукколиги ва билимдонлиги билан Марказ раҳбарлари назарига тушган. У Марказий Фарғона ерларини ўзлаштиришга раҳбарлик қилган давридаёқ катта аҳамиятли ишларни ташкил эта олиш ва уни бошқариш каби ташкилотчилик қобилиятини кўрсата олган. Марказий Фарғонада қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш Ўзбекистонда биринчи бор янги замонавий тажрибаларни ҳаётга жорий этиш билан эътиборлидир. Кейинчалик Ш.Рашидов ушбу тажрибаларни моҳирлик билан такомиллаштирди ва республикада бошқа қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштиришда фойдаланди. У 40 ёшида Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби этиб сайланган.
Ш.Рашидов ўз халқига садоқат билан хизмат қилган. Марказий Қўмита Сиёсий бюроси аъзолигига номзод сифатида давлат бошқарувида бевосита иштирок этган. Шу нуқтаи назардан ушбу тизим сиёсатини чуқур ўрганган ва таҳлил қила олган. Зеро, Ш.Рашидов ҳақидаги суҳбат, хотира ва мақолаларни ўқиб, айрим хулосалар чиқаришимиз мумкин. Кинорежиссёр М.Қаюмов Ш.Рашидов билан Мурунтовда бўлган суҳбатини эслаб, у кишининг “Агар шу олтинларнинг бир фоизи ўзимизда қолганидами!” деган афсус тўла сўзларини келтиради. Ёки “Марказий Қўмитада бўлган йиғилишларнинг бирида, — деб хотирлайди олим А.Тўраев, — республикада пиллачиликнинг аҳволи ҳақида гапириб, у киши шундай дегандилар: “Бизда ипак қуртининг қадри уни етиштираётган одамларникидан юқори. Дунёда бирор халқ ўзи яшаб турган иссиқ ўрнини қуртга бўшатиб бермайди. Бола-чақаси билан совуқ бўлишига қарамай қуртни деб очиқ ҳавода жунжикиб яшайдими? Бунга фақат ўзбек халқи қодир, холос. Мана, шунинг учун ҳам аҳоли ўртасида касаллик, болалар ўлими кўпайиб бормоқда... Давлатга пилла керак экан, уни етиштириш учун махсус бинолар қуриш лозим...” Ўзбекистон компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Ш.Рашидов кўп воқеа ва ҳодисалардан норози бўлса-да, маълум доира чегарасидан чиқа олмасди. У ўз имконияти ва ҳокимияти даражасида ҳаракат қилган, холос.
Ш.Рашидов марказлашган улкан маъмурий-буйруқбозлик бошқарув тизимида республиканинг иқтисодий-сиёсий, молиявий ва бошқа кўплаб социал масалалари юқоридан белгиланган режа асосида амалга оширилишини жуда яхши биларди. Марказнинг ҳар қандай хоҳиш-иродасига бўйсуниш, унинг кўрсатмаларига амал қилиш каби талабларга мос, ҳамоҳанг ишлаш кераклигини яхши англарди. Шу билан бирга Ш.Рашидов республиканинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилишни бир дақиқа ҳам сусайтирмаган. Аксинча, маҳорат билан ушбу талабларни республика халқи манфаати билан боғлаб амалга ошира олди. Биргина қўриқ ерларни ўзлаштириш асносида нафақат пахтачилик, балки бошқа қишлоқ хўжалик соҳалари ривожлантирилди, янгича асосдаги чорвачилик ва паррандачилик комбинатлари, саноат корхоналари, сув хўжалиги иншоотлари, маданий ва социал иншоотлар қурилди. Минглаб қишлоқ хўжалиги мутахассислари тайёрланди. Ўзбекистон харитасида янги маъмурий ҳудудлар ташкил этилди. Бу вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон ва унинг келажаги билан боғлиқ эканлигини чуқур ҳис этишда Ш.Рашидовнинг йирик давлат арбоби сифатида доно сиёсатчи, тадбиркор раҳбар шахс сифатида характерли жиҳатлари яққол намоён бўлади. Ш.Рашидов Ўзбекистон муаммоларини умум иттифоқ манфаати даражасига моҳирлик билан кўтара олган. Шу аснода республика учун доимий қўшимча маблағ олишга эришган. Қозоғистон компартияси Марказий Қўмитасининг собиқ биринчи котиби Д.Кунаев Ш.Рашидов ҳақида шундай хотирлайди: “Бу мулойимгина, қирғиз қовоқли, чинор бўйли ўзбек ўғлонида Амир Темурнинг ҳайбати бор эди. Салобатли бу инсоннинг қувлиги ҳам, донишмандлиги ҳам етарли эди. Марказ “пахта” дер эди, Ш.Рашидов эса Сибирь дарёсини берасан, деб шарт қўярди”. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонга Сибирь дарёсини олиб келиш Ш.Рашидовнинг улкан орзуси эди.
Шу тариқа Ш.Рашидов Марказ ишончига сазовор бўлиб, Ўзбекистон учун маълум имкониятларни олишга эришди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, республика бошқарув ишларида, кадрлар масаласида ва бошқа кўплаб масалаларда Марказ Ш.Рашидов ихтиёрига қулоқ соладиган бўлди. Москва Ш.Рашидовнинг улуғвор сўзларига эмас, аксинча, унинг ташкилотчилик қобилиятига, доно сиёсатига ва дипломатлигига тан берган. Олий бошқарув поғоналарида ҳам Ш.Рашидов катта обрўга эга бўлди. “Занжирбанд ҳукмдорлар” орасида сир бой бермай, билимдонлик билан иш юритишда Ш.Рашидовга тенглашадигани топилмаса керак”, — дейди тарихчи олим Ҳ.Зиёев.
Шароф Рашидов халқ дардини юракдан ҳис этган. Гарчи собиқ тузум маънавий негизида инсон шаънини ҳурмат қилмаслик, унинг маънавий дунёсини менсимаслик каби иллатлар ҳукмрон бўлса-да, Ш.Рашидов инсонпарварликни улуғлаган. У кишиларда ташаббус уйғота олди, энг яхши туйғуларни инсонга бўлган ҳурмат ва эътиборни ўрнига қўйиш билан ривожлантирди. Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш ва ажрата олиш лозимки, Ш.Рашидов давлат раҳбари вазифасидан ташқари халқ дарди ва армони билан яшаган шахсдир. Унинг барча асарларида инсоннинг қадр-қиммати улуғланади. Сиёсат, давлат бошқаруви тизими фалсафаси, айниқса, тоталитар жамиятда самимий муносабатларни инкор қилади. Давлат сиёсатининг ёзилмаган ўзига хос ахлоқлари мавжуддир. Умум ахлоқий қоидаларда инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун ташкил этилади ва унинг эрки, манфаатига хизмат қилиши кераклиги ҳақида айтилади. Лекин социализм бутун бир халқларни давлат мафкурасига тобе қилди. Эркинликдан маҳрум қилиб, шахсни, ўзликни ўлдирди. Шу ўринда Ш.Рашидов ўзбек халқи меҳнатини, қадр-қимматини кўтарди, зулм чангалини юмшатди. Ш.Рашидов ташаббуси ва шахсан ташкилотчилиги туфайли республикада кўплаб халқаро конференциялар, кинофестиваллар, симпозиумлар, декадалар, хўжалик соҳасида катта йиғин ва тажриба алмашиш анжуманлари доимий ўтказилган. Ўзбек фани, маданияти, ижтимоий ютуқлари турли асосларда тарғиб ва ташвиқ қилинган. Гарчи Марказ учун бундай “эрк ва мустақилликнинг” аҳамияти бўлмаса-да, Ш.Рашидов бу ишларни айнан Марказнинг қўли билан амалга оширган.
Ҳақиқатга оддий одам яқин, ахлоққа эса камтар. Ш.Рашидов оддий ва камтар инсон бўлган. Унинг ақли ва маданияти эгаллаб турган вазифасидан доимо устун бўлган. Ҳар қандай нафс ва иштиёқлар ақл ва ирода измига бўйсундирилган. Ушбу юксак ахлоқий фазилатлар баркамол маънавий, миллий анъаналаримизга ҳурмат, инсоний туйғулар мукаммаллиги чорак аср раҳбарлиги мобайнида ҳеч кимда шубҳа уйғотгани йўқ. Табиатан самимий ва адолатли бу инсон ўз яқинларининг раҳбарлик лавозимларида ишлашини ёки қандайдир алоҳида имтиёздан фойдаланишини хуш кўрмаган. Ҳар нарсада, ҳар бир ҳаракатда меъёр ва мезонга амал қилган.
У ҳеч қачон топшириқларни назоратсиз қолдирмаган. Ҳар бир масалада, ҳар бир соҳада белгиланган ишни охирига етказа оладиган интизомли ва маданиятли мутахассисларни танлай билган. Шу даврда эришилган муваффақиятлар Ш.Рашидов яратган муҳитда камол топган мутахассислар билан ҳам боғлиқ эди. 60-80 йиллар мобайнида барча соҳаларда етук миллий мутахассис раҳбарлар етишди.
— Ш.Рашидовда йирик раҳбарга хос салоҳият бор эди, —дейди унинг сафдошларидан бири Х.Шоғазатов. – У киши раҳбарларга, айниқса, ёш раҳбарларга ишонар ва ўта масъулиятли вазифаларни топширарди, бу билан ёшларни синовдан ўтказиб, келажак ишлар учун тобларди. Доимий эътибор, одамгарчилик Ш.Рашидовга хос бўлган бошқарув санъати эди. У киши очиқкўнгил, ҳар доим ҳозиржавоб бўлган. Ҳамма вақт ҳар бир масалани чуқур ўрганган, хулоса қилишга шошилмаган. Қуйи бўғин раҳбарлари билан бевосита боғлиқ бўлган муваффақият ва муаммолардан огоҳ бўлган.
Бизга маълумки, маъмурий-буйруқбозлик тузумида мутахассис кадрлар социал жиҳатдан ҳимоя қилинмаган, уларга маълум вазифаларни амалга оширувчи восита сифатида қаралган. Ҳар қандай вазиятда ишсиз ёки даражасиз қолиши эҳтимоли кўпроқ бўлган. Бу ўринда Ш.Рашидов ўз атрофига қобилиятли мутахассис раҳбарларни бирлаштирган ва уларни ҳар томонлама ҳимоя қилган. Жумладан, Н.Худойбердиев, Қ.Камолов, Ю.Қурбанов, Н.Маҳмудов, А.Саркисов, Т.Боймиров, В.Ҳайдуров, К.Зиёдуллаев, Р.ўойипов, Х.Шоғазатов, Н.Ҳамроев, С.Мамарасулов, Е.Исмоилхўжаев, О.Салимов, К.Муртазаев, В.Муродхўжаев ва бошқа кўплаб етук раҳбарлар республиканинг ижтимоий тараққиётига турли соҳалар бўйича улкан ҳисса қўшганлар.
Албатта, кўплаб раҳбарлар орасида давр синовлари ва шароит тақозосидан ўтолмаганлар ҳам бўлган.
Ш.Рашидов раҳбарлик фаолияти билан бирга мураббий, устоз сифатида иқтидорли ёшларга ҳар томонлама ёрдам беришни ҳам ўз бурчи, деб билган. Қуйидаги мактуб мақоламиз қаҳрамонининг ушбу фазилатини яққол намоён этади.
“Москва “Советский писатель” нашриёти.
ўрт. Н.В.Лесючевга.
Қадрли оғам Николай Васильевич!
Тошкентдан сизга оташин салом!
Мен сизга Абдулла Ориповни сафарбар этмоқдаман. Яқинда унинг ўзбек тилида “Юртим шамоли” деб номланган китоби чиқди. Мен диққат билан ўқиб чиқиб, ушбу тўпламга ажойиб шеърлар кирганидан ҳайратда қолдим. Шуни айтишим керакки, яқин фурсатда Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов ўзбек поэзияси даражасини белгилайдилар.
Шу сабабдан сизга илтимос билан мурожаат этаяпманки, ўзингиз шахсан Ориповни қабул қилиб танишинг, суҳбатлашинг. 1978 йилда унинг шеърлари москвалик энг яхши таржимонлар томонидан таржима қилиниб, рус тилида чоп этилса, айни муддао бўлар эди. Мен уни сафарбар қилишимдан мақсад, айнан ўзингиз унинг шеърларини энг юқори поэтик даражада таржима қилишга ёрдам берсангиз.
Ишонинг, Абдулла Ориповнинг шеърлари сизга Расул Ҳамзатов, Эдуард Межелайтес ва бошқа кўплаб қобилиятли шоирларнинг ижодини эслатади. Биз сиз билан ушбу қобилият устида асосли ишлашимиз керак.
Фурсатдан фойдаланиб сизга, азиз дўстим ва оғам, мустаҳкам соғлиқ, меҳнатда муваффақият, ҳаётда катта бахт ва қувонч тилайман.
2 февраль 1977 йил.
Тошкент шаҳри.”

Хат услуби Ш.Рашидов учун иш услуби ҳисобланган. Шу ўринда иккита аҳамиятли жиҳатга эътибор бериш мумкин. Биринчидан, хатда иш, мақсад, вазифа, уни рўёбга чиқариш каби манфаатлар ётади. Иккинчидан, Ш.Рашидов ушбу мақсадларни хат орқали бажаришни афзал кўрган. Афзаллиги самимий хат матни ўқувчига тез таъсир этади. Одамлар ўз номларига юборилган илтифот ва илтимосни бажара олиш мумкинлиги билан руҳланади. Хат мана шундай таъсир хислатлари билан Ш.Рашидовнинг иш услубига айланган. У киши сафдошлари, қуролдошлари, ҳамкасблари билан республика ичида ҳам бевосита хат ва телеграмма ёзишиб турган. Кўплар кутилмаганда Ш.Рашидовдан табрик хатлари олган. Унинг атрофдагиларга самимий муносабати одамлар хотирасида эзгулик рамзи сифатида сақланиб келмоқда.
Ш.Рашидов ўта қобилиятли, иродали инсон бўлган. Мўлжалланган, белгиланган, топширилган вазифаларни доимо ниҳоясига етказган. Ҳамма вақт босиқлик, вазминликни сақлай билган. Шунингдек, Ш.Рашидов салбий ҳолатларга муросасиз, қатъиятли бўлган. 1980 йил “Правда” газетасининг “Kaмтарлик” мавзуси бўйича суҳбатида Ш.Рашидов Фарғона вилояти партия котибининг дабдабали тўй ўтказиб, камтарлик ва ахлоқий чегараларни бузганлиги учун ишдан озод қилганлигини таъкидлайди. Унинг сафдошларидан яна бири шундай хотирлайди: “Катта миқдорда давлат мулкини талон-тарож қилган собиқ бир юқори вазифада ишлаган кишини республика Олий Совети президиуми йиғилишида оқламоқчи бўлдилар. Шунда Ш.Рашидов қатъият билан “Ҳамма нарсани кечириш мумкин, лекин ўз халқидан ўғирлик қилганни кечириб бўлмайди”, деди”.
Шароф Рашидов кабинетда ўтириб ишлашни ёқтирмаган. У доимо одамлар орасида бўлишни афзал кўрган, бунга ички эҳтиёж сезган. Баъзан сафар муддатлари бир йилда 300 кунни ташкил этган. Сафар чоғида қишлоқ хўжалик ерларини, завод, фабрикаларни, чорвачилик ва паррандачилик комбинатларини, қурилиш объектларини кўрган, кузатган. Одамлар билан суҳбатлашган, маслаҳатлашган, хулоса чиқарган. Бундай иш услуби кўп томонлама олиб борилаётган сиёсатни таҳлил этишда, қабул қилинган қарорларни янада муваффақият билан амалга оширишда ёрдам берган.
Халққа раҳнамолик қилиш ўзига хос санъатни талаб этади. Бошқарув санъати, авваламбор, шахсга берилган илоҳий қудрат ҳисобланиб, йиллар мобайнида шаклланади, давр синовларида мустаҳкамланади. Ҳар бир давр, ижтимоий-сиёсий вазият шахсларни бизга номаълум бўлган қудратлари билан олиб келади. Унинг аҳамияти ижтимоий-сиёсий тараққиёт йўли босиб ўтилган тарих ҳақида хулосалар чиқарганда маълум ва намоён бўлади. Истиқлол эса бизга ана шундай тарихий шахсларга холисона баҳо бериш, тарихий адолатни тиклаш, инсоннинг қадр-қимматини жойига қўя оладиган имконият берганлиги учун ҳам қадрлидир.
Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,
cиёсатшунослик фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимизда содир бўлаётган, халқимиз тақдирига бевосита дахлдор воқеаларни ҳар бир киши адолат мезони орқали баҳолашга ҳаракат қилм...
01 янв 1970
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди....
01 янв 1970
Айтиш керакки, Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган илк ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси ...