Электорат манфаатлари амалий ишларда акс этмоқда

/
Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги мавқеи ошиб, аҳолининг ишончи янада мустаҳкамланиб боришида унинг бошланғич ташкилотлари фаолияти алоҳида ўрин тутади. Чунки БПТлар партия аъзолари ва электорат билан бевосита ишловчи, жойлардаги мавжуд муаммолардан доимо бохабар бўладиган тузилмалар саналади. Шу боис уларнинг фаолиятини кучайтириш орқали сиёсий партия ўз дастурий мақсад ва ғоясини амалга ошириш йўлида самарали натижаларга эришиши мумкин.
Бугунги кунда Оқолтин туман партия ташкилоти таркибида 10 та БПТ мавжуд, уларнинг партия депутатлари ва фаоллар билан яқин алоқа ўрнатган ҳолда иш юритаётганлиги сиёсий фаолиятимизда ўз самарасини бермоқда. Туман партия кенгаши ушбу тузилмалар ишини янада такомиллаштириш, сафдошларимизнинг ҳуқуқий, сиёсий билимларини оширишга жиддий эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасида ўз амалий ишлари билан аҳоли орасида обрў-эътибори ортиб бораётган оқолтинлик партиядошларимизнинг сафи ҳам янада кенгайиб бормоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси қошида тузилган бошланғич партия ташкилоти фаол БПТлардан бири саналади. Ўз касбини пухта эгаллаган маслакдошларимиз БПТ сафида партиявий ишларда ҳам ибрат кўрсатишмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2016 йилда ушбу тиббиёт бирлашмасининг болалар, туғуруқ, зарарсизлантириш (стерилизация) бўлимлари, ошхона мукаммал таъмирланди ва 2017 йил февраль ойидан фойдаланишга топширилди. Муассасада барча бўлимлар зарур тиббий асбоб-ускуналар, зарур жиҳозлар билан таъминланиб, қулайликлар яратилди.
Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси тизимида тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида жорий йил давомида яна бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимини янгидан қуриш, барча тез ёрдам автомашиналарида алоқа воситаларини янгилаш, 4 та “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари 10 йилдан ортиқ фойдаланилганлигини назарда тутиб, бўлимни янги тез ёрдам автомашиналари, шунингдек, замонавий “Реанимобиль” автомашинаси билан таъминлаш, ҚВПлардаги компьютерларни тиббиёт бирлашмасининг ягона портал тизимига улаш, “Фарғона” ҚВПни поликлиникага айлантириш, малакали шифокорлар сафини кенгайтириш борасида амалий ишлар йўлга қўйилади. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан тиббиёт муассасаларида қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг ифодасидир.
Бизнинг бошланғич ташкилотимиз партиянинг ҳар бир тадбир ва тарғибот ишларида ҳам фаоллардан саналади. Партия аъзоларини янада жипслаштириш, уларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш, “Аёллар қаноти” аъзоларининг партия ҳаётидаги иштирокини кучайтиришда бир қатор ишлар қилинмоқда. Партия тизимида ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида БПТ аъзоси Муҳаббат Холмирзаеванинг фаол иштирок этганлиги бошқа сафдошларимизни ҳам руҳлантирди.
БПТ фаоллари томонидан маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда фуқароларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар ҳақида аҳолига кенг тушунчалар бериш, партия лойиҳаларини рўёбга чиқариш мақсадида “Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқий фаоллигини ошириш”, “Сиёсий жараёнлар барчани жипслаштиради”, “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Юксак ҳуқуқий маданият — фуқаролик жамиятининг асоси”, “Илм-маърифат — инсоннинг дунёқарашини шакллантиради” каби бир қатор мавзуларда тадбирлар ташкил этилмоқда.
Бугун сиёсий партиялар олдига қўйилаётган муҳим вазифалар ижроси кўп жиҳатдан бошланғич партия ташкилотларининг фаоллиги ҳамда ташаббускорлигига боғлиқ. Жойларда партия ғоя ва мақсадларини тарғиб қилиш билан биргаликда, электоратни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва партия депутатлик гуруҳлари билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш бошланғич партия ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишига айланган.
Партиядошларимиз меҳнат қилаётган туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ўтган йил ҳамда шу йил биринчи чораги давомида 60 дан ортиқ фуқаро иш билан таъминланди. Ўтган йилларда туманимизда сафдошларимиз сони 300 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 500 нафардан ошди. Бундан ташқари, партия аъзолигига кириш истагида бўлаётганларнинг тобора ортиб бораётганлиги амалий ишлар, тарғибот тадбирларимиз фуқароларни бефарқ қолдирмаётганини ифодалайди, деб ўйлаймиз.
Бошланғич партия ташкилотлари электорат манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уни рўёбга чиқаришда муҳим тузилма эканлиги ҳар бир фаолимизнинг амалий ишларида акс этиши зарур, албатта.
Санъат ҚОДИРОВ,
Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, БПТ раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиявий ишларни тизимли равишда олиб бориш сиёсий кучнинг қуйи бўғинлари фаолиятини такомиллаштириш, ушбу таянч тузилмалар сони кўпайишига эришиш...
01 янв 1970
Партиямизнинг халқчил ғоялари ва мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари ...
01 янв 1970
Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги мавқеи ошиб, аҳолининг ишончи янада мустаҳкамланиб боришида унинг бошланғич ташкилотлари фаолияти алоҳида ўрин т...
01 янв 1970
Партиямиз ғояларининг жойларда кенг тарғиб этилиши билан бирга халқ манфаатларини рўёбга чиқариш борасидаги амалий ишлар ҳудудларда ўз ижобий самар...