Юртга қайтаётган дурдоналар

/
Шу йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари миллий ассоциацияси, республика “Тараққиёт стратегияси” маркази, Фанлар академияси, Бадиий академия, “Uzbekistan Todаy” ахборот агентлиги, “Zamon Press info” нашриёт уйи, ЮНЕСКО ва Германиянинг Конрад Аденауэр номидаги жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамда бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” деб номланган халқаро конгресс бўлиб ўтди. Конгрессда дунёнинг 40 дан ошиқ мамлакатидан 300 дан зиёд жамоат арбоблари, олимлар, музейшунослар, илм-фан вакиллари, хориж ва республикамиздан 50 дан ошиқ оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Икки кун давом этган халқаро конгрессда илмий жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон ҳудудида яратилган ва дунёнинг турли музейларида, кутубхоналарида, шахсий коллекциячилар ҳисобида, давлат хазиналарида сақланаётган моддий ва бадиий маданиятнинг бебаҳо дурдоналари, осори-атиқалари тақдири ҳамда тадқиқига бағишланган 40 дан ошиқ маърузалари тингланди. Шунингдек, конгресс доирасида “Ўзбекистоннинг маданий мероси” туркумида дунё хазиналарида сақланаётган нодир осори-атиқалар ҳақида ҳикоя қилувчи ўзбек, рус, инглиз тилларида тайёрланган 10 жилдлик китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Айни пайтда, конгресс иштирокчиларига дунёнинг турли минтақаларидаги музейларда Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ моддий маданиятнинг бебаҳо дурдоналари, осори-атиқалари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар ҳам намойиш қилинди.
Анжуман доирасида яна бир тадбир — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган, машҳур археолог, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Эдуард Ртвеладзенинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан хорижлик археологлар, олимларнинг қутловлари, “Академик Эдуард Ртвеладзе — археология рицари” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Умуман, ушбу халқаро конгресс Ўзбекистоннинг ўтмиш тарихи ниҳоятда бой эканлигини, бу тарихий жараён барча даврларда инсоният тамаддуни учун хизмат қилганлигини, унинг турли халқлар ва давлатлар ўртасида ҳамкорликларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган маданиятлар чорраҳасидаги юрт бўлганлигини, бу ерда яшаган халқлар дунё маданиятини нодир дурдона асарлар билан бойитганликларини яна бир бор намоён этди.
Маълумотларга кўра, республикамизда салкам 8 мингтага яқин маданий мерос объектлари давлат ҳимоясига олинган. Ана шулардан 2330 таси меъморий обидалар, 3940 тадан кўпи археологик объектлар, 1138 таси маҳобатли ёдгорликлар, 157 тадан ошиғи муқаддас зиёратгоҳлар саналади. Табиийки, юртимизда ҳали ўрганилаётган, тадқиқ этилаётган, археологик қазишмалар олиб борилаётган тарихий объектлар сони яна бир неча мингтани ташкил этади. Агар булар ёнига мамлакатимиз ҳудудларидаги хазиналарда, музейларда, кутубхоналарда, илмий-тадқиқот марказларида, галереяларда сақланаётган ноёб тарихий дурдоналар — қўлёзмалар, китоблар, ганчдан ишланган кўзалар, сопол, темир, мис, кумуш, тошдан ясалган буюмлар, тасвирий ва амалий санъат намуналари, деворий ранг-тасвир, терракота, ҳайкалтарошлик асарлари, хумлар, лаганлар, товоқлар, тангалар, муҳрлар, кашталар, сўзаналар, гиламлар ва бошқа турфа хил анжомлардан иборат бир неча миллион дона нодир осори-атиқаларни ҳам қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, Ўзбекистон, ҳақиқатан, дунё тарихи, тамаддуни, маданияти бешикларидан бири бўлганлиги яққол аён бўлади.
Афсуски, ана шу асл тарихий дурдоналар, нодир осори-атиқаларнинг бир қисми, айтиш мумкин бўлса, салмоқли ва ноёб қисми юртимиз ҳудудидан хорижий мамлакатларга олиб чиқиб кетилган. Баъзан савдо-сотиқ, мол айирбошлаш, илмий тадқиқотларда фойдаланиш каби жараёнлар билан, баъзан эса алдов, талон-тарож йўллари билан олиб кетилган бу нодир осори-атиқаларнинг, бойликларнинг шу пайтгача нафақат номи, ҳатто сон-саноғи ҳам маълум эмасди. Уларнинг қайси давлатлар, музейлар, хазиналарда сақланаётгани ҳақидаги маълумотларни кўпчилик, ҳатто тарихий осори-атиқалар борасида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар ҳам яхши билмасди. Улар кенг жамоатчилик эътиборидан яширин эди. Мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимларнинг ушбу бойликларни юртимизга қайтариб олиб келиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳам натижа бермаслиги маълум эди. Лекин юртимиз, халқимиз тарихини ҳаққоний, холислик билан ёритишда ана шу олиб кетилган ноёб маданий бойликларни топиш, уларни ўрганиш, тадқиқ этиш ҳаётий заруратга айланганди. Ана шу жараёнда юртимизда янги бир лойиҳа яратилди. Бу лойиҳанинг муаллифи ва раҳбари Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдуҳолиқов бўлди. Лойиҳанинг илмий раҳбари сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Эдуард Ртвеладзе иш бошлади. Бағрига жуда кўплаб олимлар, музейшунослар, тарихчилар, санъатшуносларни бирлаштирган бу лойиҳанинг асосий мақсади қилиб дунё музейлари, хазиналари, галереяларида Ўзбекистондан олиб кетилган ноёб маданий мерос намуналари, осори-атиқаларни излаб топиш, уларни рўйхатга олиш, илмий ўрганиш ва шу асосда “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” деб номланган туркум остида китоб-альбомлар тайёрлаш белгиланди. 2015 йилда бошланган хайрли ишнинг илк натижалари кўзга ташланди. Юртимиздан четга олиб кетилган ноёб маданий мерос дурдоналари қаерларда мавжудлиги ҳақидаги маълумотларга маълум аниқликлар киритилди.
Айтайлик, ўтган асрнинг 30-йилларида Амударё соҳилларидан топилган, “Амударё хазинаси” деб аталган, олтиндан ишланган, милодий эра бошларига оид деб ҳисобланган ноёб буюмлар мажмуаси Лондондаги Виктория ва Альберт музейининг хазинасида сақланаётганлиги маълум бўлди. Ёки Хоразмнинг қадимий шаҳарлари — Қўйқирилганқалъа ва Тупроққалъадан топилган милоддан олдинги IV-III асрларга оид деворий ранг-тасвир асарлари, ёзувлар намуналари, ҳайкаллар Санкт-Петербургда Эрмитаж мулкига айланганлиги аниқланди. Яна бир нодир дурдона — Термиз яқинидаги Айритом ёдгорлиги ҳудудидан топилган, милодий эранинг I асрига оид мергелли оҳактошдан ясалган, созандалар тасвирланган Айритом фризи ҳам Эрмитажнинг қадимий буддавийлик санъати тўпламидан ўрин олган экан.
Ёхуд XIX аср охири—XX аср бошларида Тошкент, Самарқанд, Фарғона шаҳарларидан йиғилган Ўзбекистон амалий санъатининг ўрта асрларга мансуб ниҳоятда бой коллекцияси Стокгольмдаги халқ амалий санъати музейи хазинасининг қимматбаҳо осори-атиқаларига айланган. Худди шундай Ўзбекистондан сотиб олинган тарихий бадиий гулдор ипак матолар коллекцияси Вашингтондаги Фрир бадиий галереясининг, қадимий нафис сўзаналар эса Германиядаги музейлар ва шахсий коллекцияларнинг бойликлари сифатида сақланади. Сан-Франциско шаҳридаги Узоқ Шарқ санъати музейи экспозицияси ҳам Афросиёбдан олиб кетилган ўрта асрларга мансуб кулолчилик буюмлари намуналари ва Амир Темур авлодлари номлари ёзилган олтин тамғалар ва муҳрлар билан безатилган.
Франциянинг дунёга машҳур “Лувр” музейи хазиналарида дастлабки кузатишлар натижасида Ўзбекистонга оид бир неча минглаб (тахминларга кўра 13 мингдан ортиқ) ноёб маданий мерос намуналари борлиги аниқланди. Буларнинг аксариятини милоддан олдинги даврлар — 2,5-3 минг йиллик тарихга оид археологик топилмалар, осори-атиқалар ташкил этади. Ана шундай бойликларнинг яна бир қисми Франциянинг Миллий кутубхонаси, Бордо шаҳридаги Дунё халқлари этнографияси музейи, Араб дунёси институти, Осиё санъат музейи, Ислом маданияти институти фондларида ҳам сақланмоқда. Бошланган хайрли иш туфайли бундай нодир бойликлар нафақат юқорида номлари тилга олинган давлатлар хазиналарида, балки дунёнинг аксарият мамлакатлари музейлари, институтлари, кутубхоналарида борлиги аниқланди.
Албатта, “Ўзбекистоннинг маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасини амалга ошириш осон иш эмасди. Бунинг учун кўплаб муаммоларни ҳал этиш, катта ишларни амалга ошириш талаб этиларди. Энг аввало, Ўзбекистон маданий меросининг энг нодир намуналари қайси мамлакатларда сақланаётгани ва улар қайси музейлар, кутубхоналар, хазиналарда эканлигини аниқлаш керак эди. Кейин улар билан ўзаро шартлашилган келишувлар ва битимлар тузиш, молиявий ва ташкилий харажатларни белгилаш, музейларда ишлайдиган олимлар жамоасини шакллантириш, ўша музейлардаги осори-атиқалар орасидан мамлакатимизга тегишли бўлганларини излаб топиш, улар ҳақида батафсил илмий маълумотлар ёзиш, суратга ва тасвирга олиш, китоб-альбомларни тайёрлаш, нашр этиш каби ишларни қилиш зарур эди. Барча ишлар ўз йўлига, биргина хорижий ўлкалардаги хазиналарда сақланаётган юртимизга оид нодир маданий мерос намуналарини аниқлашни бир тасаввур қилинг. Юз минглаб ёки миллионлаб осори-атиқаларга эга музейлар фондларидан Ўзбекистонга доирларини излаб топиш осон эмасди. Лойиҳа устида фаолият олиб борганлар ана шундай мураккаб ишларни амалга оширдилар. Салкам 2 йил ичида Россия, Германия, Швейцария, Мўғулистон ва бошқа мамлакатлардаги 35 та музей билан ҳамкорликни йўлга қўйдилар. Шулардан 26 тасида бевосита иш олиб борилди. Натижада 10 та китоб-альбомни ўзбек, рус, инглиз тилларида тайёрлашга киришилди. Ҳозиргача шулардан бештаси нашрдан чиқарилди. “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидаги ушбу китобларнинг биринчи жилди Россиянинг “Шарқ давлат музейи” хазинасида сақланаётган Ўзбекистон ҳудудидан олиб кетилган осори-атиқаларга бағишланган. Иккинчи жилд “Россия этнография музейи” деб аталади ва унда юртимиздан бориб қолган ва ушбу музейда сақланаётган маданий мерос дурдоналари ҳақида маълумот берилади. Учинчи жилдда “Давлат Третьяков галереяси” фондларидан ўрин олган юртимиз ноёб бойликлари хусусида сўз юритилади. Тўртинчи жилд “Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида” деб аталади. Унда халқимиз қўли билан яратилган, дунё музейларидан ўрин олган гиламлар ва кашталарнинг ноёб нусхалари тўғрисида маълумотлар ўрин олган. Бешинчи жилдда “Алишер Навоийнинг Россия Миллий кутубхонаси тўпламларидаги асарлари” ҳақидаги илмий хулосалар ўртага ташланган.
Нашрга тайёрланаётган кейинги 6-9-жилдларда Глинка номидаги Бутунроссия мусиқий маданият музейлари бирлашмасидаги, Шарқ қўлёзмалари институтидаги, Давлат эрмитажидаги, Давлат тарих музейидаги осори-атиқалар ҳақида маълумотлар берилади. 10-жилдда эса дунё музейларида сақланаётган Ўзбекистон гиламлари асосида гиламдўзлик санъати тамаддуни илмий асосда ёритилади. Табиийки, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар шу билан якунланмайди. Халқимиз томонидан яратилган ва хорижга олиб кетилган ноёб маданий мерос намуналарини излаб топиш борасида ҳамкорликлар, китоб-альбомлар нашр этиш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш дунёнинг бошқа минтақаларидаги музейлар билан ҳам давом этади.
Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конгрессдаги маърузаларда янги лойиҳанинг аҳамияти, хорижий эллардаги юртимиз тарихига оид осори-атиқаларнинг ўрганилиши, Ўзбекистоннинг қадим маданиятини тадқиқ этиш масалалари, ноёб маданий мерос дурдоналарини аниқлашда келгусида амалга ошириладиган ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар юритилди.
— Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси дурдоналари дунё тарихининг ноёб осори-атиқалари ҳисобланади, — дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Криста Пиккат. — Бу юртда кўз қорачуғидек сақланаётган Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабздаги тарихий ёдгорликларнинг ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига, шашмақом, катта ашула, аския, Наврўз, палов тайёрлаш санъати, Бойсун маданий мероси кабиларнинг инсоният маданий меросининг номоддий бойликлари Репрезентатив рўйхатига киритилганлиги ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди. Эндиликда бу юртда яна бир улуғвор иш — “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” деб номланган лойиҳа устида амалий фаолият бошланди. Бу дунё тарихини ўрганиш ва музейшунослик илмида мисли кўрилмаган янгилик дейиш мумкин. Ушбу лойиҳа асосида нафақат Ўзбекистоннинг тарихи, аждодлар мероси бойийди, балки халқлар ўртасидаги маданий ҳамкорликларни ривожлантиришга ҳам янада кенг йўл очиб беради.
— Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудлари инсоният тамаддунининг энг қадимий марказларидан бири саналади. Унинг бағрида минглаб йиллик тарихга эга ёдгорликлар ва бебаҳо маданий осори-атиқалар сақланади, — дейди Шарқ давлат музейининг бош директори Александр Седов. — Хоразм, Сўғдиёна, Бақтрия, Чоч, Довон ҳудудларидаги турли даврларга, айниқса, олис ўтмишга оид осори-атиқаларнинг бир қисми Россия музейлари хазиналаридан ўрин олганлиги аниқ. Улар орасида Эрмитаж, Третьяков галереяси, Дин тарихи давлат музейи, Шарқ қўлёзмалари институти хазиналари алоҳида ўрин тутади. Айтайлик, Россия этнография музейида Ўзбекистон билан боғлиқ 20 мингдан ортиқ осори-атиқалар, Шарқ қўлёзмалари институтида 4 мингга яқин қўлёзмалар, Россия Миллий кутубхонасида 3500 дан кўп нодир қўлёзмалар мавжуд. Бизнинг музейимиз лойиҳа ишида фаол қатнашганлардан бири бўлди. Китоб-альбомнинг биринчи жилди ҳамкорликдаги ишимизнинг натижасидир.
— Германиядаги музейлар ва кутубхоналарда ҳам Ўзбекистондан бориб қолган нодир маданий мерос намуналари кўп, — дейди Берлин давлат кутубхонаси Шарқий департаменти директори Кристоф Раух. — Масалан, кутубхонамизнинг Шарқий бўлимида 43 мингга яқин қўлёзмалар бўлса, шунинг 17,5 мингдан ошиғи ислом маданияти, ўзбек халқи тарихи билан боғлиқ. Берлин этнография музейида ниҳоятда ноёб бўлган мингга яқин санъат асарлари, Пергам музейида Самарқанд ва Афросиёб билан боғлиқ энг қадимий сопол буюмлар, қурол-яроғлар намуналари, Бухоронинг ўрта асрлар тарихига оид намуналар, Дрезден давлат бадиий тўпламларида 517 та қадимий экспонатлар борлиги аниқланди. Ўзбек халқи томонидан яратилган бу ноёб дурдоналар хазиналаримизда авайлаб-асраб сақланмоқда.
— Ўзбекистонлик алломаларнинг ўрта асрларда дунё илм-фани ва тарихига қўшган ҳиссалари ниҳоятда катта бўлди, — дейди Британия музейи ислом коллекцияси куратори Ладан Акбарниа. — Улар, яъни Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Масихий, Нотилий, Ироқ ва бошқа кўплаб алломалар, бир томондан, милоддан олдин яшаб ўтган грек ва юнон, римлик олимларнинг асарларини таржима қилиб, уларга изоҳлар битиб, илм-фан оламини бойитдилар. Иккинчи томондан, улар ўзлари яратган асарлари орқали илм-фаннинг янги йўналишларини, айтайлик, астрономия, география, геодезия, табобат, механика, диалектика, мантиқ каби соҳаларни кашф қилдилар. Европалик олимлар XVI-XVII асрлардан кейин ана шу алломаларнинг асарлари туфайли янги тараққиёт йўлларини очдилар. Ўзбекистонлик алломаларнинг аксарият асарларининг нодир нусхалари бугунги кунда Европа кутубхоналари, музейлари хазиналарида сақланаётгани сир эмас.
Халқаро конгрессда кўплаб илмий маърузалар қилинди. Шулар орасида россиялик Павел Луръенинг “Кумуш идишлардаги Хоразм битиклари”, америкалик Александр Наймаркнинг “Бухоронинг қадимий тангалари”, польшалик Марек Ян Ольбрихтнинг “Александр Македонский ва Ўзбекистоннинг қадимий халқлари”, франциялик Кэтрин Пужолнинг “Ўзбекистоннинг маданий мероси Франция ва Швейцария музейларида”, канадалик Мишель Хардининг “Шарқ ва ўарбнинг ҳамкорлиги”, австриялик Александр Вилгельмнинг “Маданий мероснинг нодир далилларини ҳимоялаш”, ҳиндистонлик Котибур Раҳмоннинг “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги йўл сифатида” каби маърузалари анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Ёш авлодни умуминсоний ва миллий қадриятлар, анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ўтмишга эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уни ҳаққоний асосда тадқиқ этиш кейинги чорак аср давомида Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди, — дейди Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори ўринбосари Шохин Мустафоев. — Бу жараённи Республиканинг Биринчи Президенти бошлаб берган эди. Кўплаб қадимий шаҳарлар обод қилинди, ёдгорликлар, обидалар таъмирланди. Улуғ алломаларнинг ҳайкаллари, хотира мажмуалари тикланди. Шаҳарларнинг 2000-2500 йиллик тўйлари, алломаларнинг 1000-1200 йиллик анжуманлари халқаро миқёсда ўтказилди. Ана шу бошланган ишларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев изчиллик билан давом эттирмоқда. Хусусан, Президентнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тарихни ўрганиш, қадимий меросни асраб-авайлаш, ёдгорликларни, обидаларни таъмирлаб сақлаш давлат сиёсатининг ажралмас қисми, деб белгиланди. Ушбу анжуман ва лойиҳа ҳам бевосита Президентнинг ўзбек халқининг маданий, тарихий ва интеллектуал меросини асраш, бойитиш, янада кўпайтириш масалаларига бўлган эътибори туфайли амалга оширилди.
Лойиҳани амалга оширишда етук олимларнинг экспертлар сифатида иштирок этиши бежиз эмас. Негаки, улар халқимизнинг хорижий элларда сақланаётган нодир маданий бойликлари ҳақида маълумотлар тўплаш билан бирга, уларнинг қайси ўлка ва мамлакатларга мансублиги тўғрисида ҳам аниқ хулосалар берадилар. Чунки бу борада айрим чалкашликлар юзага келиши табиий. Масалан, кўп йиллар илгари Бельгия музейларидан бирида араб тилида “Зандана” сўзи битилган, Х-XI асрларга оид мато аниқланди. Ўша пайтда музейшунослар бу мато араб мамлакатларида тўқилган деб хулоса чиқаргандилар. Лекин кейинги илмий маълумотлар туфайли бу мато Бухоро яқинидаги Зандана қишлоғида тўқилганлиги маълум бўлади. Ёки Шарқ бозорларида ўрта асрларда “Дамашқ қиличи” деб номланган қурол машҳур бўлган. Бу қуролни ҳам санъатшунослар дастлаб Шом ўлкасида ишлаб чиқарилган, деган хулосага келганлар. Кейинчалик инглиз олимлари олиб борган изланишлари натижасида ушбу қилич Фарғона водийси, Чоч воҳасида, шу ерда қазиб олинган пўлатдан тайёрланганини аниқладилар. Ёхуд Германиянинг “Мерседец-Бенц” компанияси вакиллари Бағдод музейларидан бирида милодий эранинг VII-VIII асрларига мансуб тилларанг кўринишга эга қалай металлини учратадилар. Бу металлдан тайёрланган пластинкалар билан ўрта асрларда уйларни, кўчаларни безатишган экан. Ушбу қалай ҳам аввал Ироқда қазиб олинган, деб хулоса чиқарилган. “Мерседец-Бенц” компаниясининг археологик изланишлари натижасида ушбу қалай металли ватани Самарқанд яқинидаги Қарнаб конлари эканлиги аниқланди. Демак, бу ўринда лойиҳани амалга оширишда олимларнинг нодир осори-атиқаларнинг қайси ўлкадан эканлиги ҳақидаги хулосалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро конгрессда маърузаларни эшитиб, лойиҳа асосида тайёрланган китобларни варақлаб ўтириб, юртимиздан олиб кетилган бу нодир бойликларнинг асл нусхалари энди бағримизга қайтиб келмаслигидан кўнгилда озурда армон пайдо бўлади. Лекин шу билан бирга, ноёб осори-атиқаларнинг хорижий элларда эъзозланиб, ардоқланиб сақланаётганидан, уларнинг халқимиз томонидан яратилган бойликларга эҳтиром билан муносабатда бўлаётганидан дилда фахр ва шукуҳ ҳам уйғонади. Дарвоқе, халқаро конгресснинг “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Не бахтки, аждодларимиз яратиб кетган бу нодир дурдоналар, маданий мерос бугунги кунда халқлар ва давлатларни ўзаро яқинлаштиришга, мулоқотлар ўрнатишга, ҳамкорликлар қилишга, тинчликни мустаҳкамлаш йўлида дўстона алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Конгресс давомида Самарқандда юртимиз ҳунармандларининг энг сара гиламдўзлик асарлари ва сўзаналарининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар шаҳар яқинидаги Конигил масканида қадимий технология асосида қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган “Мерос” фабрикасининг фаолияти билан ҳам танишдилар. Юртимизда аждодлар анъаналари авлодлар томонидан давом эттирилаётганига гувоҳ бўлдилар. Халқаро анжуманда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш ишлари бундан кейин ҳам изчил давом этиши кераклиги таъкидланди. Шу сабабли юртимизда Бутунжаҳон илмий жамиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу халқаро конгресс ҳар йили ўтказиладиган бўлди. Демак, аждодларимиз яратиб кетган маданий мероснинг бебаҳо дурдоналари китоблар бағрида юртимизга қайтиши ҳам давом этади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Китоб – ақл чироғи. У инсонни бахтга элтувчи маёқдир. Китобга ошно бўлган қалб маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлади....
01 янв 1970
“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” шиорининг маъно-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси тизимида амалга оширилаётган к...
01 янв 1970
3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди....