Чўл бағри сувга ва нурга тўлади

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоят, шаҳар ва туман мутасаддилари, давлат бошқаруви органлари раҳбар ва масъулларига, шунингдек, биз, сенатор ва депутатларга мавжуд аҳволни шахсан ўрганиш асосида аҳолининг энг муҳим эҳтиёжларини ҳал этиш борасида ўрнак кўрсатиб келаётганини алоҳида эътироф этмасдан бўлмайди.
Хусусан, жорий йилнинг 17 май куни жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи сирдарёликларни ниҳоятда мамнун этди.
Ташриф жараёнида Президентимиз Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи ўтган ҳудудда барпо этилаётган ва жорий йилда қурилиши якунланадиган Сардоба сув омборида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, ушбу гидроиншоотда тўпланадиган сув ёрдамида Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконияти кенгайишини алоҳида таъкидлади. Ўз фаолияти, умрини қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, миришкорлик соҳаларини ривожлантиришга бахшида қилган фермер хўжаликлари вакиллари учун бу иншоот нечоғлик муҳим аҳамиятга эгалигини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, мазкур иншоотнинг ишга туширилиши шу пайтга қадар вилоятда бажаришнинг имкони бўлмаган фаолият турини, яъни такрорий экин экиш имкониятини беради. Такрорий экин эса янада мўл ҳосил, икки карра кўп даромад демакдир.
Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилгани, ушбу мамлакат билан ҳамкорликда Сардоба сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция қурилиши режалаштирилаётгани, яъни вилоятимизда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани барчамизни беҳад қувонтирди. Бундан буён ташкил этиладиган гидроэнергетик иншоотлар ёрдамида халқимизнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи бутунлай қопланишига ишончимиз комил.
Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра, мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмликдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмликдан ортиқ 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилгани, натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани ёшларимизнинг бандлик масалалари ижобий ҳал этилишига сабаб бўлади.
Ташриф доирасида Президентимиз раислигида Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти фаоллари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этар эканман, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда бу борада тасдиқланган дастурларни амалга ошириш, қолаверса Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг асосий электорати вакиллари ҳисобланмиш тиббиёт, таълим, ижтимоий соҳа мутахассисларининг моддий-маънавий шароитини янада яхшилаш, ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилганидан жуда ҳам таъсирландим.
Хулоса шуки, халқимизнинг, сайловчиларнинг дарди ва ташвишларини яқиндан ўрганиш, уларни бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш юзасидан олиб борадиган фаолиятимизни жонлантириш вақти келди. Ҳар биримиз ўзимиз масъул бўлган ва фаолият юритаётган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолашимиз, зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан адо этишимиз шарт. Зеро, халқимиз биз, депутат ва сенаторлардан қуруқ ҳисоботларни эмас, амалий ишларни кутади. Ушбу ишончни оқлаш йўлида сафдошларимиз, маслакдошларимиз билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоғимиз лозим.
Орифжон ҚУДРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
01 янв 1970
Озиқ-овқат дўкони очиб, чакана савдо фаолияти фаолияти билан шуғулланмоқчиман. ...
01 янв 1970
Онам 76 ёшда. Кейинги пайтларда тез-тез тоби қочиб турибди. Шундай вазиятда у кишининг ўрнига бошқа шахс пенсия олиши мумкинми?...
01 янв 1970
Президент сайлови куни тобора яқинлашмоқда.