Автобусларда электрон тўлов хизмати йўлга қўйилди

/
Бошқа соҳаларда бўлгани каби автомобиль транспорти тизимида ҳам хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Андижон шаҳридаги мавжуд 14 йўналишда ҳаракатланувчи 150 та автобусда йўл ҳақини электрон транспорт тўлов карточкалар орқали тўлаш жорий этилди.
Янги лойиҳа асосида ишловчи автобусларга энг тажрибали ҳайдовчилар танлаб олинди. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган 150 нафар битирувчи амалиёт даврида тайёргарлик кўриб, чиптачи вазифасида иш бошлади. Ҳар бир тўлов маблағи тўғридан-тўғри хизмат кўрсатувчи корхонанинг ҳисоб рақамига келиб тушади.
— Республикамизда илк бор Андижонда тўловни электрон тартибда амалга ошириш йўлга қўйилди, — дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Тўлаганов. — Йўл ҳақининг нақд пулсиз амалга оширилиши қатор қулайликларни яратди. Бунинг учун йўловчи дастлаб автобекат ёки банк муассасаларидан 15 минг сўмга карточка сотиб олади. Кейинчалик ўзининг банк пластик карточкасидан онлайн тартибда унга пул маблағи ўтказиб туради. Ундан икки йил муддатда республика бўйича хизмат кўрсатаётган автобусларда фойдаланилади. Яна бир жиҳати, битта карточкадан бутун оила аъзолари фойдаланиши мумкин. Йўл ҳақи шаҳар йўналишларида бир хил белгиланган.
Карточкадан фойдаланиш тартиби жуда оддий. Чиптачи картанинг терминалида (валидатор) пул маблағини ечади. Тўлов амалга оширилганини тасдиқлаш мақсадида сана, вақт, йўналиш номи, автобус ва карта рақами ҳамда қолган маблағ ҳақида ҳисоботлар қайд этилган чипта (чек) берилади. Бусиз йўл ҳақи тўланмаган ҳисобланади.
Андижон шаҳри кўчаларида барпо этилаётган замонавий ойнаванд бекатларда автобусларнинг оралиқ масофасини масофадан онлайн режимида (GPS) доимий кузатиб бориш имконияти яратилгани ҳам қувонарли. Махсус монитор орқали йўловчи ўзи кутаётган автобус қаерда келаётгани ва бекатга қайси вақтда етиб келишини билиб олиши мумкин. Бу қулайлик йўловчиларнинг олтинга тенг вақтини тежашга хизмат қилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шерзодбек Валиевнинг таъкидлашича, транспорт хизматидаги бу янгиликнинг Андижонда қўлланилаётгани вилоятимизда соҳада етарли тажриба мактаби яратилганини ҳам кўрсатади.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида соҳани модернизациялаш, замонавий техника ва технол...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши фаоллари ва депутатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадон...
01 янв 1970
“Navoiy Food Invest” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “8 март – Хатирчи” тикувчилик фабрикаси фаолиятини бошлад...
01 янв 1970
Бу йил пахтачилик соҳасида Учқўрғон туманида вилоятда биринчи бўлиб ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг кластер усули амалда қўлланилмоқда....