Синфда ўқувчилар сони ва гигиена талаблари

/
БЕЛГИЛАНГАН МЕЪЁРЛАРГА РИОЯ ЭТИШНИНГ АҲАМИЯТИ НИМАДА?
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида партиянинг жойлардаги депутатлик корпуслари ҳамда фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан умумтаълим мактабларида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Барча шаҳар, туманларда мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, тоза ичимлик суви таъминоти бўйича партия депутатлари ва фаоллар, мутахассислар иштирокидаги ўрганишларда аниқланган муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида ана шундай ўрганишлар натижалари мутасадди ташкилотлар раҳбар ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Таъкидланганидек, вилоят, шаҳар, туман партия ташкилотларида партия депутатлари, фаоллар ва мутахассислардан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳлари вилоятдаги 110 та умумтаълим мактабларида бир ой мобайнида ўрганишлар олиб боришди.
Умумтаълим мактабларидаги синфларда ўқувчилар сони Халқ таълими вазирлиги ва Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитишда гигиена талаблари” меъёрларига қай даражада мослиги ўрганилганда вилоятдаги 28 та умумтаълим мактабидаги синф хоналарида ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ даражада экани, санитария-гигиена талабларига мос эмаслиги аниқланди.
Хусусан, Янгиариқ туманидаги 5, 7, 22, 31-сон, Ҳазорасп туманидаги 11-сон, Гурлан туманидаги 2, 12-сон, Шовот туманидаги 2-сон, Қўшкўпир туманидаги 37-сон умумтаълим мактабларида ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мос эмаслиги, 51 та умумтаълим мактабларидаги тиббий хоналарда тиббий асбоб-ускуналарнинг етарли эмаслиги, 44 та умумтаълим мактабида эса тиббий хизмат хонаси йўқлиги, 33 та умумтаълим мактаби 20 турдаги мажбурий дори-дармонлар билан етарлича таъминланмаганлиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низом ҳамда Халқ таълими вазирлиги ва Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитишда гигиена талаблари”га мувофиқ умумтаълим мактаблари синф хоналарида ўқувчиларнинг сони 35 нафардан ошмаслиги, ҳар бир ўқувчи учун ўқув хонаси майдони 2,5 м2дан кам бўлмаслиги белгиланган. Шунга қарамай, аксарият ҳолларда бир синфда ўқувчилар сони 40-45 нафарни ташкил этиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан, Боғот туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 1-А, 1-Б синфларида 40-45 нафар, Шовот туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 2-А, 2-Б синфларида 45-44 нафар, Хива туманидаги 12-умумтаълим мактабининг 7-В синфида 40 нафар, Янгиариқ туманидаги 31-умумтаълим мактабининг 1-Б, 1-В, 2-Д, 3-Д синфларида 41-43 нафар ўқувчи ўқиётгани маълум бўлди. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Ушбу ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳи аъзолари бу борада белгиланган меъёрларга амал қилмаслик нафақат таълим сифатига, балки ўқувчиларнинг соғлиғига ҳам маълум даражада таъсир қилиши эҳтимоли борлигини алоҳида таъкидлаб, таълим муассасалари раҳбарлари, ўқитувчиларга тушунча ва тавсиялар беришди.
Ишчи гуруҳлари томонидан аниқланишича, Қўшкўпир туманидаги 9, 10, 11, 14, 26, 37, 33, 29, 15, 49-умумтаълим мактабларида, Ҳазорасп туманидаги 5, 7-умумтаълим мактабларида тиббий хизмат хонаси мавжуд эмаслиги, ҳамширалар қишлоқ врачлик пунктларидан бириктилиб, уларнинг ҳар бири 0,25 ставкада ишламоқда. Хонқа туманидаги 38, 29, 28, 22, 31-сон, Ҳазорасп туманидаги 5, 7-умумталим мактабларида ҳам тиббиёт хоналарини ташкил этиш зарур.
Таълим муассасаларида ташкил этилган тиббий хоналардаги шарт-шароитлар ҳам ишчи гуруҳи аъзоларининг диққат марказида бўлди.
Янгиариқ туманидаги 22, 31-, Шовот туманидаги 25, 26, 39-умумтаълим мактабларида тиббий хоналар бор, аммо 20 турдаги дори воситасидан биттаси ҳам йўқлигини асло назардан четда қолдириб бўлмайди. Урганч туманидаги 10, 14-сон мактабгача таълим муассасаларида тиббиёт хоналарида бўлиши белгиланган 40 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналарининг атиги 15 турдагиси мавжуд. Тумандаги 20-сон МТМда 5 турдаги, 1, 12, 14-сонли МТМларда белгиланган 20 турдаги дори-дармонларнинг 12 турдагиси борлиги аниқланди. Шу каби ҳолатлар Боғот туманидаги 12, 14, 4-сонли ҳамда Шовот туманидаги 2, 4, 7-сон МТМларда ҳам қайд этилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 4 октябрдаги “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида тиббий хизматни такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорига мувофиқ тасдиқланган “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги низом талабларига кўра, ўрта тиббиёт ходими мактабгача таълим муассасалари штат меъёрлари ҳисобидан, умумий ўрта таълим муассасаларида эса доимий ишлаш учун ўрта тиббий ходими ушбу муассаса жойлашган ҳудудий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктлари штат меъёрлари ҳисобидан тайинланади.
Ишчи гуруҳлари томонидан таълим даргоҳларида тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари ўрганилганда 52 та умумтаълим мактабида ер ости қудуқ сувидан фойдаланилаётгани маълум бўлди.
Депутатлик гуруҳи йиғилишида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тиллаев, соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри Шавкат Сотимов мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати бўйича амалга оширилган ишлар хусусида, вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош шифокор ўринбосари вазифасини бажарувчи Нодира Йўлдошева “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги ҳолатлари ва бу борада амалга оширилаётган ишлар” юзасидан ахборот беришди. Муҳими, ишчи гуруҳлари томонидан аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди муассасалар раҳбар ходимлари билан батафсил фикрлашиб олинди.
Шунингдек, йиғилишда партиямизнинг вилоятдаги ҳудудий ва қуйи ташкилотлари билан маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган партия депутатлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни кучайтириш, депутатлик гуруҳларининг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам сўз юритилди.
Зеро, фарзандларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш, таълим-тарбия иши учун ҳар биримиз масъулмиз. Депутатлик гуруҳи аъзоси Мансур Маҳмудовнинг таъкидлашича, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги амалий аҳамиятга эга бўлмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, таълим соҳасида ҳудудларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишда маҳаллий Кенгаш депутатлари янада фаоллик кўрсатиши зарур.
Йиғилиш сўнггида кўрилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан амалий семинар ташкил этилди....
01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь, якшанба кунини Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни деб белгиланди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасига саёҳат уюштирилди.