Тадбиркорлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида

/
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишидир. Бу мақсадга эришишнинг самарали усулларидан бири эса тадбиркорлар учун банк хизматларидан фойдаланиш кўлами ва сифатини оширишдир.
Шу мақсадда республикамизда банк тизими фаолияти такомиллаштирилмоқда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитлар ҳажми ортиб, ишбилармонлар ва молия муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Буларнинг барчаси бугун “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки фаолиятининг ҳам асосий мезонига айланган.
Молия муассасасининг бу борадаги асосий фаолият йўналишлари жорий йилда бўлиб ўтган банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankExpo – 2017” Х миллий кўргазмасида намойиш этилди. Ушбу анъанавий форум доирасида мутахассислар замонавий банк маҳсулотлари ва янги хизматларнинг кенг турларини тақдим этишди.
Таъкидлаш лозимки, “Микрокредитбанк”нинг жойлардаги 85 филиаллари ва 78 мини-банклари мамлакатимиз барча ҳудудлари бўйлаб аҳолининг кенг қатламига сифатли молиявий хизматлар кўрсатиш имконини бермоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, бугунги кунда банк мижозлари сони 405 000 дан ортиқни ташкил этмоқда.
Имтиёзли микромолиялаштириш бўйича йўлга қўйилган самарали банк тизими жойларда кичик бизнесни жадал ривожлантиришга, хусусан, республикамизнинг чекка ҳудудларида ҳам янги кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳаси, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кенг имкониятлар яратмоқда. Шу билан бирга, банк сармоялари аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий мақсадлар рўёбига хизмат қилмоқда.
“BankExpo – 2017” кўргазмаси доирасида “Микрокредитбанк” мижозларининг муваффақиятлари ҳам намойиш этилди. Анъанага кўра, кўргазмада кичик бизнес вакилларига кредит сертификатлари тантанали равишда топширилди. Ушбу сертификатлар танлов асосида саралаб олинган истиқболли ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли шартлардаги сармояларни олиш ҳуқуқини беради.
Шундай қилиб, “Республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш” номинацияси бўйича трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Такро-Осиё” корхонаси кредит сертификати соҳиби, деб эълон қилинди.
– Бизнинг корхона фаолиятининг муваффақияти кўп жиҳатдан банк кредитлари имконияти билан боғлиқ, – дейди корхона директори Шавкат Агзамов. – 2009 йилда очилган корхонамизда пахта матолар ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаяпмиз. Ўтган давр мобайнида босқичма-босқич равишда ишлаб чиқариш имкониятларини ошириб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтирдик.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун доимо қўшимча молиявий ресурслар зарур. Шу мақсадда “Микрокредитбанк” билан ҳамкорлигимиз ҳамда мазкур банк кредитлари ўзини тўла оқлади. Ушбу молия муассасаси томонидан тақдим этилган сармояни юқори самарали янги тўқимачилик ускуналарини сотиб олишга йўналтирдик. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулотларимиз сифати сезиларли даражада ошиб, ташқи бозорда ҳам харидоргир маҳсулотларимизнинг катта қисмини экспорт қилишга эришаяпмиз.
Миллий маҳсулотларимизнинг хорижда жозибадорлиги ва нуфузини ошириш учун унинг сифатини янада яхшилаш устида доимий изланиш олиб борамиз. Бу борада амалга оширган мақсадли чора-тадбирларимиз натижасида ИСО 9001:2008 халқаро стандартига мос сифат назорати тизимини ишлаб чиқаришга жорий қилдик.
Ишлаб чиқариш қувватининг сезиларли даражада оширилиши ишчи-ходимлар сонини ҳам кўпайтириш, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга қабул қилиш имкониятини яратди.
Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида “Микрокредитбанк”дан яна 231,3 миллион сўмлик кредит олдик. Бу сармояни биз тўлиқ экспорт қилинадиган юқори сифатли болалар кийимларини ишлаб чиқаришга йўналтирдик.
Тажрибамиз шуни кўрсатдики, банк кредитларидан самарали фойдаланиш ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш ҳамда барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади. Ўтган давр мобайнида мазкур банк ишончли ҳамкоримизга айланди ва бугун шунга аминмизки, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай шароитлар муҳитида олдимизга қўйган мақсадларимизга, албатта, эришамиз.
Бундан ташқари, “Энг яхши оилавий тадбиркор” номинацияси бўйича риштонлик «Саидаҳмад Сарвинозхон» оилавий корхонаси ғолибликни қўлга киритди.
– Туманимиз қадимдан ўзининг кулолчилик санъати ва ҳунармандлари билан машҳур бўлиб келган, – дейди корхона раҳбари Ойбек Исматов. – Мустақиллик йилларида бой маданий меросимизни, қадимги ҳунармандчиликни қайта тиклаш ва давом эттириш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп асрлик анъаналарни кенг тарғиб қилиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди. Шу боис бугунги замонавий усталар ижод намуналарини яратиш баробарида ўз ҳунари орқали яхши даромад топиши мумкин.
Шу билан бир қаторда, ислоҳотлар давомида оилавий тадбиркорликнинг амалиётга жорий этилиши халқимизга хос анъаналарга мос келиши билан ҳам аҳамиятлидир. Биз бу борада яратилган шароитлардан оила аъзоларимиз билан биргаликда тўла фойдаланаяпмиз.
Туманимиздаги анъанавий кулолчилик иши билан ёшлигимиздан яхши танишмиз. Илгари биз фақат ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланар эдик. Ўз кичик корхонамизни очишга қарор қилганимизда эса барчаси ўзгарди. Ушбу лойиҳамиз “Микрокредитбанк”нинг молиявий қўллаб-қувватлови туфайли амалга ошди. Ахир кўп миқдордаги сопол буюмларни ишлаб чиқариш учун фақатгина кулолчилик маҳоратининг ўзи етарли эмас эди. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун керакли асбоб-ускуналар ҳамда хомашё материалларини харид қилишга маблағ зарур эди.
Аввалига бу масала бизни ўйлантириб қўйди. Ўз ишимизни бошлаш учун қаердан пул олишни билмас эдик. Аммо қулай шартлар асосида керакли миқдордаги сармояни тез олиш мумкинлиги ҳақида эшитиб қолдик. Бу борада ҳунармандларни ва ўз бизнесини ташкил этишни истаган оилавий тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватловчи “Микрокредитбанк”ка мурожаат қилдик. Банк бизнес режамиз билан танишиб, қулай шартлар асосида йиллик фоиз ставкаси паст бўлган микрокредит тақдим этди. Бу оила аъзоларимиз билан биргаликда уй-рўзғор буюмлари ва сопол маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишимизга имкон яратди.
Биз ғайрат билан ишга киришдик ва аста-секин маҳсулотларимизга талаб кўпайди. Ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш борасидаги ғоямиз эса яна молиялаштиришга бориб тақалди. Биз яна ушбу банкка мурожаат қилдик ва 120 миллион сўмлик навбатдаги кредитни олишга эришдик.
Ушбу маблағни янги ускуналар ва хомашё материаллари харид қилиш учун сарфладик. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотларимиз тури ва миқдорини ошириш, даромадларимизни кўпайтириш имконини берди. Шу боис бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаётган ва орзуларимизни амалга ошириш учун имконият яратаётган “Микрокредитбанк”дан миннатдормиз.
Мухтасар айтганда, “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ўзининг кенг турдаги банк хизматлари ҳамда имтиёзли сармоялари билан мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши, пировардида оилалар даромади ошиши ҳамда халқимиз фаровонлигининг таъминланишига хизмат қилмоқда.
Банк ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон миллий матбуот марказида 2019 йил 13 март куни Халқ банки томонидан матбуот анжумани ташкил этилди. ...
01 янв 1970
Ҳосилдорлиги юқори, сифати жуда яхши. Боз устига жамоа боғларни янада кенгайтириш мақсадида интенсив дарахт кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган.&n...
01 янв 1970
Нимаики яхшиликлар бўлса, аввало, фарзандларимизга раво кўрамиз.
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қарши шаҳар кенгаши фаоллари ва депутатлар “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадон...