Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Тарих ва маданий ёдгорликларни хўжасизларча сақлаш тақиқланиши ҳақида эшитиб қолдим. Шу гап тўғрими?
Л.Рахимов,
Тошкент вилояти

— Агар мулкдор ўзига қарашли тарих ва маданият ёдгорлигига хўжасизларча муносабатда бўлса ва унинг яхши сақланишини таъминламаса, зиммасида ёдгорликларни сақлаш вазифаси бўлган давлат органлари мулкдорни ёдгорликка хўжасизларча муносабатда бўлишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантирадилар.
Агар мулкдор ушбу талабни бажармаса, тегишли органларнинг даъвосига кўра суд ёдгорликни олиб қўйиш ҳақида қарор чиқариши мумкин, бу ёдгорлик давлат мулкига ўтади. Олиб қўйилган тарих ва маданият ёдгорлигининг қиймати мулкдорга келишувда белгиланган, низо чиққан тақдирда эса — суд томонидан белгиланган миқдорда тўланади.
Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда тарих ва маданият ёдгорлигини олиб қўйиш ҳақидаги даъво олдиндан огоҳлантирмасдан ҳам қўзғатилиши мумкин.
Саволга Зангиота тумани ДНИ нотариуси Гўзал ХОДЖАЕВА жавоб берди
 
— Мен кийимимни кимёвий тозалаш корхонасига берганимда уни уч кунлик муддатда тайёрлаб беришларини айтишди. Белгиланган куни корхонага борганимда ҳали тайёр эмаслиги маълум бўлди. Афсуски, мен уни ўша куни кийишим керак эди...
Р.Ибрагимов,
Тошкент шаҳри.

— Деярли ҳар биримиз истеъмолчи сифатида маиший сервис хизматларидан ҳисобланмиш кимёвий тозалаш корхоналаридан фойдаланамиз. Бу эса оғиримизни енгил қилади, вақтимизни бирмунча иқтисод қилади. Аввало, ҳар бир истеъмолчи буюмларини тозалаш учун топширишга қадар унинг чўнтакларида ҳужжатлари, пули ёки тақинчоқлари қолиб кетмаганлигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Шу билан бир қаторда, кимёвий тозалаш корхонаси ва унда кўрсатиладиган хизматлар тури ҳамда унга олинадиган ҳақ билан прейскурант орқали танишиши зарур бўлади. Уни қабул қилган корхона ходими икки нусхада корхона манзили, қабул қилинган буюмнинг номи, ранги, ўлчами, фурнитуралари ва алоҳида белгилари: астари, чўнтаклари, белбоғи ҳақида, шунингдек, қабул қилинган кун ва уни бажариш муддати ҳамда хизмат ҳақидаги маълумотга эга квитанцияни тўлдириб, бирини истеъмолчига тақдим этиши керак бўлади. Бу квитанция корхона билан истеъмолчи ўртасидаги шартнома ҳисобланади.
Бундан ташқари, маиший сервис бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналарда аҳолига қулай ва кўринарли жойда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш қоидалари ҳақидаги зарур маълумотлар берилиши керак.
Юқоридаги саволга келсак, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига биноан ижрочи айрим турдаги хизматлар кўрсатиш қоидалари ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда хизмат кўрсатиши шартли белгилаб берилган. Ушбу моддада хизмат кўрсатиш муддати хизмат кўрсатилиши лозим бўлган санага, шунингдек, ижрочи хизмат кўрсатишга кириши лозим бўлган санага қараб белгиланиши мумкин.
Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Саволга Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ҳуқуқий бўлим бошлиғи Нодир МУҲАММЕДОВ жавоб берди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда ҳаёт тамаддунини, жамият юксалиши ва ишлаб чиқариш ривожини илм-фан тараққиётисиз, янги илмий ишланмалар, инновацион янгиликлар, кашф...
01 янв 1970
Чоршанба — Электорат билан юзма-юз мулоқот
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига
01 янв 1970
Бу йил укам мамлакатимиздаги университетлардан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Контракт пулини ўз иш ҳақимдан тўламоқчи эдим. ...