Ҳаракатлар стратегияси

/
МАМЛАКАТИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИДА МУҲИМ ОМИЛ БЎЛИБ ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз равнақи йўлидаги яна бир муҳим ва дадил қадам бўлди.
Айниқса, унинг иккинчи – “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш” деб номланган йўналиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада тўлақонли ва ишончли ҳимояланишини кафолатлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш уларнинг мурожаатлари нечоғлик ҳал этилишида яққолроқ намоён бўлади. Бинобарин, Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўлақонли ҳал қилиш масаласига бугунги кун талаблари асосида янгича ёндашилмоқда.
Агар рақамларга назар ташласак, жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида бошқармамизга жисмоний ва юридик шахслардан 309 та ариза ва шикоятлар, ҳукумат портали орқали 145 та, “Ишонч телефони”га эса 36 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан 307 таси ҳал этилган.
Масалан, Фарғона тумани Новкент қишлоғида яшовчи, I гуруҳ ногирони Гулжаҳон Ҳусайинованинг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди. Аниқланишича, 2014 йил 3 январда Г.Ҳусайиновага Фарғона туманлараро 92-сонли тиббий меҳнат эксперт комиссияси хулосасига асосан 2015 йил 1 февралга қадар кўз касаллиги бўйича II гуруҳ ногиронлиги белгиланиб, шунга яраша пенсия тайинланган. 2015 йил 11 февралда эса аёл иккинчи марта кўрикдан ўтган ва яна унга II гуруҳ ногиронлиги 2017 йил 1 мартгача белгиланган. Лекин Гулжаҳон бундан қониқмаган. Негаки, унинг кўз касаллиги тобора зўрайиб борган. Шу боис у муддатидан аввал яна 92-сонли ТМЭКка мурожаат қилган. Натижада комиссиянинг 2016 йил 2 июндаги хулосасига биноан унга умумий касаллик сабаби билан 2017 йил 2 июнга қадар I гуруҳ ногиронлиги белгиланган ҳамда Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан 254.730 сўм миқдорида пенсия тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 28-моддаси “г” бандига мувофиқ кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронларига энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама ҳақ, Молия вазирлигининг 2010 йил 30 ноябрдаги 102-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида”ги низомнинг 1-бандига асосан кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронларига энг кам ойлик иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида ойлик компенсация пули тўланиши лозим. Бироқ БТПЖ туман бўлими томонидан пенсионерга июль-октябрь ойлари учун 100 фоиз ўрнига 75 фоиз миқдорида устама тўланган. 45 фоизлик компенсация пули эса умуман тўланмаган. Чунки туман Пенсия жамғармаси ходимлари “ТМЭК маълумотномасида ногиронлигингиз кўз касаллигига асосан эмас, балки умумий тартибда белгиланган” дея Гулжаҳон Ҳусайинованинг бу хусусдаги талабини рад этишган. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 августдаги “Тиббий меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 195-сонли қарорида қайд этилган ҳолатлардан ташқари касалликлар ТМЭК хулосаси ва маълумотномасида кўрсатилмайди.
Бундан ташқари, Г.Ҳусайинова устаманинг кам, компенсация пулининг умуман тўланмагани оқибатида кундалик муолажалари учун зарур бўлган дори-дармонларга маблағ топа олмай, руҳан азоб чеккан ва маънавий зарар кўрган. Шу боис адлия бошқармаси томонидан пенсионернинг манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритилди. Натижада суд қарорига биноан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, Гулжаҳоннинг фойдасига БТПЖ Фарғона туман бўлимидан 2016 йилнинг июль-сентябрь ойлари учун 32.560 сўмдан 25 фоизлик устама, 58.608 сўмдан 45 фоизлик компенсация, октябрь ойи ҳисобига эса 37.444 сўм устама, 67.398 сўм компенсация (энг кам ойлик иш ҳақи 2016 йил 1 октябрга қадар 130.240 сўм, шу санадан эътиборан 149.775 сўмни ташкил қилган – муаллиф изоҳи) жами 378.346 сўм ҳамда 200.000 сўм маънавий зарар ундирилди.
Тадбиркорлик субъектлари, хусусий мулк эгалари ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш, яъни деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳуқуқларини ҳимоялаш адлия органлари зиммасидаги энг муҳим вазифалардан эканлигини назарда тутсак, Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи – Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида кўзда тутилган вазифалар рўёбига ҳам алоҳида масъулият билан ёндашишимиз лозим.
Албатта, ҳар қандай тадбиркор ўз фаолиятини йўлга қўяр экан, биринчи галда эл-юрт равнақига ҳисса қўшиш, қолаверса, ўз оиласи фаровонлигини таъминлашни дилига тугади. Айни эзгу мақсад йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб меҳнат қилади. Бироқ Марғилон шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Қурилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси мутасаддилари Фарғона шаҳридаги “Ме’mor Al-Ma’mur Qurilish” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Турсуновни нақ икки йил сарсон қилишган. Маълум бўлишича, томонлар ўртасида 2013 йил 13 сентябрь ва 16 сентябрда имзоланган 6А-сонли ҳамда 6-сонли шартномаларга биноан тадбиркор шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг иссиқлик тармоқларида 136.220.686 сўмлик реконструкция ишларини бажарган. Шундан сўнг буюртмачи унга 115.000.000 сўмлик тўловни амалга оширган. Лекин 2014 йил 2 декабрдан буён қолган 18.676.955 сўмлик қарзини беришни пайсалга солиб келган. Шунинг учун А.Турсуновнинг мурожаатига асосан юқоридаги қарздорликни ундириш юзасидан вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. Натижада суд томонидан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Эътироф этиш керак, Ҳаракатлар стратегиясининг мазкур йўналишидаги миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвеститциявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш вазифалари тадбиркорларни, деҳқон ва фермерларни янада улкан муваффақиятлар сари руҳлантирди. Энди тадбиркордан фақат ва фақат меҳнат, интилиш, ғайрат-шижоат талаб қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган, инсон омили олий қадрият саналган жамиятда тараққиёт ҳам бардавом бўлади.
Абдумуталиб ДАДАЖОНОВ,
Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кўчмас мулк ижараси шартномасини нотариал идорада тасдиқлаш учун қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим бўлади?...
01 янв 1970
Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли орасида тиббий маданиятни тарғиб этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади....
01 янв 1970
Сўнгги икки йилда мамлакатмизда барча соҳаларда ўзгаришлар, жиддий ислоҳотлар ўтказилмоқда....
01 янв 1970
Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда рўй бераётган жадал ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида ушбу савол ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда....