Қариси бор уйнинг файзи ўзгача

/
— Биз, фахрийларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан ниҳоятда миннатдорман, — дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, тўқсон уч ёшли Низомхон Сатторов.
— Яқинда “Нуроний” жамғармаси вакиллари хонадонимизда бўлиб, давлатимиз раҳбарининг фармони билан белгиланган пул мукофотини топширди ҳамда жамғарма ва ҳомий ташкилотлар томонидан юмшоқ мебель тўплами туҳфа қилдилар. Мен ва бошқа фахрийларга «GM Uzbekistan» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни навбатсиз сотиб олиш учун имтиёзли сертификатлар ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш имконини берадиган сертификатлар топширилди. Бундай ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди.
Наманган шаҳрида кўпчилик Низомхон отани Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси сифатида танийди ва ҳурмат қилади. У айни навқирон йигитлик чоғида фашист босқинчиларига қарши беомон жангларда қатнашиб, матонат ва жасорат кўрсатди. 1945 йилнинг 9 майини Берлинда, Рейхстаг ёнида кутиб олди. Урушдан кейин эса газлама комбинатида меҳнат қилди, фарзандларини тарбиялади, уларни ҳам ўзи каби Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ўргатди. Айни пайтда ҳам отахон жамоат ишларида фаол қатнашади, тез-тез ёшлар билан учрашиб туради. Уларга уруш даҳшатлари ҳақида сўзлаб беради, тинчликнинг қадрига етишга, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга даъват этади.
Ҳозир Наманган вилояти шаҳар ва қишлоқларида саксон нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Уларга Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларнинг ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Махсус ишчи гуруҳлари фахрийларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, уч нафарига уй-жой, 26 нафарининг уй-жойини жорий таъмирлаш, 3 нафарига музлатгич, 8 нафарига ногиронлик аравачаси, 12 нафарига эшитиш мосламаси, 2 нафарига ҳасса, 7 нафарига сиҳатгоҳларга йўлланмалар зарурлигини аниқладилар.
Яқиндагина мазкур ишчи гуруҳлари вакиллари Наманган шаҳридан Жаббор ота Содиқов, Уйчи туманидан Аҳмаджон ота Мамадалиев, Тўрақўрғон туманидан Ёқубжон ота Раҳматуллаев, Худойберди ота Жамолов ва бошқа туманлардаги бир қатор уруш фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга иззат-икром кўрсатдилар.
— Партиядошларимиз ҳам Хотира ва Қадрлаш кунини муносиб нишонлаш юзасидан қатор тадбирларни амалга оширмоқдалар, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Бу борада, айниқса, “Ёш адолатчилар” қаноти вакиллари фаоллик кўрсатмоқда. Улар уруш фахрийларининг хонадонларига боришмоқда, маҳаллаларда, ўқув юртларида собиқ жангчилар билан учрашувлар ташкил этмоқдалар. Бундай тадбирлар халқимизни, айниқса, навқирон авлод вакилларини Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этмоқда.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
«Adolat» мухбири
Ҳ.Мамадалиев (ЎзА) олган сурат
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, 2015 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинди....
01 янв 1970
Янги йил байрами шукуҳи кезаётган шаҳар ва қишлоқларимизда, хонадонларимизда хотиржамлик ва кўтаринки кайфият сезилмоқда. ...
01 янв 1970
Шарқда азалдан “одил подшоҳ” тушунчаси мавжуд ва ҳар бир халқ доим шундай подшоҳни орзу қилган....
01 янв 1970
Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — Устознинг ютуғидир.