Мардлар жасорати унутилмайди

/
Ватани, ўз маҳалласи, оиласи шаънини ҳимоя қилиш эр йигитларнинг энг олий бурчидир. Айниқса, Ватан сарҳадини, юртнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида ҳатто жонини фидо қилишга тайёр ўғлонларнинг борлиги ҳар қандай мамлакатнинг фахру ифтихори ҳисобланади.
Чунончи, иқтисодиётимизнинг таянч тармоқларидан бири ҳисобланмиш божхона тизимида юрт шаънини ҳар нарсадан устун қўювчи, мамлакатимизга олиб кирилаётган ёки республикамиздан олиб чиқилаётган маҳсулотларнинг сифати давлатимиз ва халқимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда тиббий салоҳияти, нуфузига салбий таъсир кўрсатмаслигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга шай ҳамюртларимиз талайгина. Айни пайтда, ҳарчанд ачинарли бўлмасин, улар орасида юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида жонини аямаган, ўз бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимлар ҳам йўқ эмас.
Қорақалпоғистон Республикаси “Шуманай” божхона пости бошлиғи сифатида фаолият юритган Амангелди Кдиров мард, ватанпарвар, жасоратли инсон эди. Эндигина 40 ёшни қаршилаган А.Кдиров божхона идораларидаги хизмат фаолиятини “Даут-ота” божхона пости инспектори лавозимида бошлаган. Тез орада у ўзининг билими, интизоми, ўз бурчига содиқлиги билан раҳбарият ва ҳамкасбларининг меҳрини қозона олди. Шундан сўнг у Контрабандага қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг катта тезкор вакили сифатида самарали фаолият юритди.
А.Кдиров давлатимиз ва халқимизнинг осойишталигини муҳофаза этишда мардлик ҳамда фидойилик намунасини кўрсатганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 10 январдаги фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирланган эди. Роппа-роса икки йилдан сўнг, яъни 2006 йил 25 сентябрда қаҳрамонимизга Қорақалпоғистоннинг энг муҳим божхона постларидан бири — “Шуманай” постини бошқариш вазифаси ишониб топширилади. Бироқ орадан бир ой ҳам ўтмай, божхона майори А.Кдиров хизмат фаолиятини амалга ошириш мобайнида ҳалок бўлди.
Ватан тинчлиги, халқ осойишталиги йўлида ўз жонини аямаган бу инсонни ҳамкасблари, шогирдлари жасур, матонатли инсон сифатида ёдга олади.
– Қадрли устозимиз Амангелди Кдиров сабр-тоқатли ва бардошли инсон эди, – дея хотирлайди унинг шогирди, божхона хизмати полковниги Нурабулла Бердиев. – Доимо одамларга яхшилик қилиш, муҳтожларга ёрдам беришга одатланган эди. Дашт ва чўл ҳудудларидаги тадбирларга бизни, ходимларини юборишни хоҳламасди. Фақат ўзи борар эди. Энди ўйлаб қарасак, бизларни чўл азобидан асрашга, авайлашга ҳаракат қилган экан.
А.Кдировнинг фарзанди ота изидан борди. Улуғбек Олий ҳарбий божхона институтига имтиёзли равишда қабул қилинди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, мамлакатимизда иш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари тест синовларисиз олий ҳарбий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилинади.
— Ҳозирда Олий ҳарбий божхона институтининг учинчи босқич тингловчисиман, — дейди Улуғбек Шамуратов. — Ҳалол, пок, ҳушёр, ўз бурчи ва қасамёдига садоқатли инсоннинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Тез орада отамнинг ишини муносиб даражада давом эттиришга муваффақ бўламан, деб умид қиламан. Юртимизда отам ва уларнинг ҳамкасбларидек мард, жасур, матонатли инсонлар кўп бўлса, мамлакатимиз ва халқимизнинг ҳаёти бунданда фаровон бўлишига ишонаман.
Кези келганда айтиб ўтиш лозим, давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилиш фаолияти давомида жасорат кўрсатган ва хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимлар ва уларнинг оилалари ҳукуматимизнинг доимий эътиборида.
— Ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни арафасида Давлат божхона қўмитаси ҳовлисида қад ростлаган ёдгорлик монументи қошида божхона тизими вакиллари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилади, – дейди Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусан Тангриев. — Ушбу тадбирларга божхона назоратини кучайтиришга ҳисса қўшган, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар контрабандасига, божхона қонунбузилишларига қарши кураш олиб борган Божхона фахрийлари уюшмаси аъзолари ва қаҳрамонларча ҳалок бўлган зобитларнинг оилалари таклиф этилади, уларга иззат-икром кўрсатилади, эсдалик совғалари топширилади.
Хулоса қилиб айтганда, ўз вақтида мардонавор хизматлари билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кексаларимизни эъзозлаш, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган ҳамюртларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Модомики, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришни истар эканмиз, ўз ўтмишимизни, ўзлигимизни унутишга ҳаққимиз йўқ.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш ХУДОЙНАЗАРОВ билан суҳбат
01 янв 1970
Вобкентдаги “Чашмаи Айюб” мақбараси пештоқидан бундан 8 йил (!) аввал ўғирлаб кетилган ноёб кошин ўз жойига қайтарилади...
01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....
01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. ...