Электорат ишончи масъулият юклайди

/
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг яқин беш йилликдаги аниқ истиқболини белгилаб, тараққиётимизнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу дастуриламал ҳужжат халқ вакиллари ҳисобланган биз, депутатлар олдига янгидан-янги вазифалар қўймоқда ва ўз навбатида, бу вазифалар сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаол ишлашга даъват этмоқда.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган бир қатор вазифаларнинг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва мақсадларга ҳамоҳанглиги партия фаолларини яқинда куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси гуруҳи аъзолари ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлида самарали фаолият кўрсатиб, сайловчилар ишончини қозониб келмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида депутатлар фаолиятига назар ташласак, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органлари, партиямизнинг жойлардаги ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш орқали ўз сайловчилари ва аҳолининг кенг қатлами орасига кириб, яқин мулоқот қилиш асносида бир қатор амалий натижаларга эришаётганини кўришимиз мумкин.
Февраль-март ойлари давомида шаҳар ва туманлардаги маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида сайловчилар билан ўтказилган жами юзга яқин мулоқотлар давомида аҳолига “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар, қабул қилинаётган қарор ва фармонларнинг мамлакатимизнинг ҳар томонлама юксалиши ва халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилашдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар бериш билан бирга фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ҳам атрофлича ўрганилди. Муҳими, сайловчиларнинг мурожаатларида келтирилган масалалар мутасадди ташкилотлар раҳбарлари номига депутатлик сўрови киритиш орқали ижобий ечим топмоқда.
Депутатлик гуруҳимиз аъзоларига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 10 та ёзма ва 100 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушган, уларнинг аксарияти ҳал бўлишига эришилди.
Жумладан, Чимбой тумани “Қамис-ариқ” ОФЙда яшовчи фуқаролар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Б.Даулетмуратовга “Унг—Майжап” каналининг ПК-16 тармоғи орқали ОФЙ ҳудудига келиб турган ички сув ариқларини қазиш ва томорқаларга сув келишини таъминлаш юзасидан мурожаат қилишди. Б.Даулетмуратов томонидан Чимбой тумани ҳокимлиги ва “Қизкеткен—Кегейли” ирригация тармоқлари бошқармаси раҳбари П.Бекмановга киритилган депутатлик сўровлари натижасида ҳудуддаги ички сув тармоқларида ҳомийларни жалб қилган ҳолда ва фермер хўжаликлари кўмагида ариқларни қазиш ишлари олиб борилмоқда. Тез кунларда аҳолининг томорқа ерларини сув билан узлуксиз таъминлаш имконияти яратилади.
Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун тамойилининг ҳаётий ифодаси партия депутатларининг саъй-ҳаракатларида ўз аксини топмоқда. Беруний туманидаги 65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби касаба уюшмаси томонидан депутатлик гуруҳимиз аъзоси Н.Мирзамуратовга мактаб директори вазифасида ишлаб келаётган Г.Усманова сабабсиз ишдан бўшатилаётганлиги тўғрисида мурожаат қилинган эди. Депутат Н.Мирзамуротовнинг аралашуви билан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу масала ижобий ечим топди.
Депутат А.Бегимовага Қанликўл тумани “Жана қала” ОФЙда истиқомот қилувчи бир гуруҳ фуқаролар ҳудудда жойлашган 11-умумтаълим мактабида иситиш тизимини табиий газ билан таъминлаш зарурлигини маълум қилишди. А.Бегимованинг “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси директори А.Қудайназаровга шу масала юзасидан депутатлик сўрови киритиши ҳам тез орада ижобий самара берди.
Мазкур ОФЙ марказида яшовчи бир гуруҳ пенсионерлар ҳудудда табиий газ етишмаслигидан шикоят қилишди. Депутат А.Бегимова Қанликўл туман ҳокими номига депутатлик сўрови киритди ва муаммо мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, аҳолига суюлтирилган газ баллонлари ҳамда кўмир етказиб бериш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Нукус тумани “Бақаншақли” ОФЙ аҳли билан юзма-юз мулоқотлар чоғида “Жийдели” ва “Туатай” қишлоқлари оралиғидаги массивда қурилган янги уйлар учун электр тармоқлари корхонаси томонидан лойиҳа асосида электр тармоғи ўтказиш масаласида мурожаат этишди. Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари И.Отегеновга ва туман ҳокими номига юборилган депутатлик сўровларига мувофиқ ушбу масала тегишли комиссия томонидан ўрганиб чиқилди ва унга доир вазифа келгуси йилга мўлжалланган манзилли дастурдан ўрин олди.
Шунингдек, фуқароларнинг “Жийдели” қишлоғидаги “Шаряр” кўчасидан ўтувчи 600 метрлик тоза ичимлик сув (водопровод) қувурларини таъмирлаш масаласида қилган мурожаати туман ҳокимлигига киритилган депутатлик сўрови асосида ўрганиб чиқилди ҳамда жорий йилда таъмирлаш ишларини олиб бориш вазифаси режалаштирилди.
Беруний тумани “Жайҳун” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Рўзмат Ражабов маҳалладаги ариқларга сув келтириш учун каналга насос ўрнатиб бериш ҳамда тоза ичимлик сув билан таъминлаш зарурлигини депутатга баён қилди. Партия депутатлари аралашуви билан айни пайтда шу мақсадда зарурий чоралар кўрилмоқда.
Ушбу маҳаллада яшовчи яна бир фуқаро Алимбай Шамуратов ҳамда “Тўқимачи” маҳалласида истиқомот қилувчи фукаро Нуримбет Мамбетовнинг туманда “Қорақалпоғистон” телеканалида кўрсатувлар рақамли тарзда узатилишини йўлга қўйиш тўғрисидаги мурожаатига ҳам депутатлик гуруҳи аъзолари масъулият билан қарашди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасига депутатлик сўрови чиқарилиб, айни кунда ушбу ҳудудда “Қорақалпоғистон” телеканали кўрсатувларини янги технология асосида узатиш ишлари йўлга қўйилди.
Тумандаги “Тўқимачи” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ҳалима Матсафаеванинг “Навоий” ОФЙ, “Саркоп” ОФЙ ҳудудларидан Беруний қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежига қатнаб ўқийдиган ўқувчиларга қулайлик яратиш учун аниқ йўналишда йўловчи ташиш транспортлари қатновини йўлга қўйиш ҳақидаги таклифи ҳам ижобий ҳал этилди. Ўзбекистон автотранспорт ва дарё транспорти агентлиги Қорақалпоғистон бўлими раҳбари номига киритилган депутатлик сўрови натижасида ушбу йўналишда транспорт қатнови таъминланди.
Депутатлик гуруҳимизга фуқаро Абдулла Ражаповнинг “Бўстон” маҳалласи “Ажинияз” кўчасида электр энергияси таъминотида узилишлар борлиги ҳақидаги мурожаати бўйича Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари акционерлик жамияти директори номига депутатлик сўрови киритилиб, айни кунда бу масала ҳам ўз ижобий ечимини топган.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия гуруҳи аъзоси И.Мнажовнинг Нукус тумани “Бақаншақли” ОФЙ фуқаролари билан мулоқоти чоғида улар “Жийдели”, “Сейтек овули”, “Туатай” ва янги посёлка қишлоқларида болалар боғчаси барпо этиш зарурлигини билдиришди. Депутат томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига депутатлик сўрови юборилди ва ушбу масала мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.
Шуни қайд этиш жоизки, давлат дастурлари ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини таъминлашда депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш, амалий ишлар орқали сайловчиларнинг ишончини мустаҳкамлаш партия депутатларининг диққат марказида бўлиб келмоқда.
Барлиқбой ПРЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқ депутатлари Шофиркон туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари бир қатор ишларни амалга оширмоқда....
01 янв 1970
Очиқ эътироф этиш лозимки, партиявий фаолиятда амалий ёки тарғибот ишининг катта-кичиги бўлмайди. ...
01 янв 1970
Мактабгача таълим муассасаларида болажонлар учун яратилаётган шароитлар уларнинг соғлом ва зийрак, билимдон бўлиб улғайишларида катта аҳамиятга эга...
01 янв 1970
Бухоро шаҳрида “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. ...