Жуфт танлаш ихтиёри

/
Ҳар бир халқнинг минглаб йиллар, кўп асрлар давомида шаклланган ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия борасида тўпланган бой маънавий мероси бўлади. Бу анъана ва мерос ўша халқнинг босиб ўтган ҳаёт йўлларини, маънавий юксалиш даражасини, тараққиёт омилларини, ўлмас қадриятларини акс эттиради.
Ҳаёт қандай юксалмасин, улкан ўзгаришлар, янгиланишларга юз тутмасин, инсоният тафаккури тамаддуннинг қандай босқичларига кўтарилмасин ҳар бир миллатни миллат, халқни халқ сифатида намоён этувчи юксак қадриятлар завол билмайди, аксинча, улар янада сайқалланиб, гўзаллик касб этиб, улуғвор аҳамиятга эга бўлиб бораверади.
Хўш, бугунги кунда замондошларимиз қалбида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган қадриятларига — одоб-ахлоқ, таълим-тарбия, оила-жамият, имон-эътиқод, келажак авлодларга муносабат каби кўплаб масалаларга нисбатан қарашлари қандай кечмоқда? Бу масалаларда аждодларимиз меросининг аҳамияти қандай? Биз эндиликда нималар қилсак авлодларимизни комил инсонлар қилиб тарбиялай оламиз? Кейинги йилларда газетхонларимиздан таҳририятимизга ана шундай йўсинда ҳамда аждодларнинг энг яхши анъаналарининг авлодлар ҳаётида изчиллигини таъминлаш борасида фикр юритилган кўплаб мактублар келмоқда. Шу сабабли газетамиз саҳифасида газетхонлар талабларини инобатга олган ҳолда “Одоб сабоқлари”, деб аталган янги рукн остида мақолалар бериб боришни ният қилдик.
Демак, “Одоб сабоқлари” рукни остида фикр-мулоҳазалар, тафаккур ва баҳс майдонига, марҳамат.

Умр йўлдош танлаш ҳар бир йигит-қизнинг ҳаётидаги энг ҳаяжонли дамлардан биридир. Зотан, ҳар бир инсон ҳаётининг асосий масъулиятли ва шарафли даври унинг оилали бўлган пайтига тўғри келади. Агар мазкур танловда хатоликка йўл қўйилса, бир умр ғам-ташвиш, асаббузарлик, келишмовчилик ва низоларга маҳкум бўлади. Агар хатоликка йўл қўйилмаса ва танлов ҳар тарафлама кўнгилдагидек бўлса, шу оилада бир умр тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, ўзаро меҳр-муҳаббат таъминланади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир халқ, миллат-элат ва дин вакилларининг бу борада ўзларига яраша урф-одатлари ёки қонун-қоидалари бор. Масалан, баъзи миллатларда “Оила қуриш икки ёшнинг шахсий иши, шунинг учун ҳам уларнинг ўзлари хоҳлаганлари билан истагандек оила қурсинлар. Уларнинг бу борада эркинликлари ва ҳур фикрларига ҳеч ким тўсқинлик қилмасин. Яшайдиган икки ёш бўлганидан кейин ўзларининг оилавий ҳаёт йўлларини ҳам ўзлари танласин”, деб икки ёшга мутлақ эркинлик берилади. Айрим миллатларда эса “Катталар, яъни ота-оналарнинг айтгани-айтган, дегани-деган бўлиши керак, ёшлар жуфт танлаш ва оила қуриш нима эканлигини қаердан ҳам билади?! Бу борада уларнинг ҳеч қандай тажрибалари йўқ, уларни ўзига ташлаб қўйсанг, нималар қилмайди? Шунинг учун бизнинг урфимизда фақат ота-оналарнинг айтгани эътиборга олинади”, дейилади.
Албатта, ушбу икки ҳолатнинг ҳам ўзига яраша маъқул ва номаъқул тарафлари бор. Мазкур жараёндан биз мўмин-мусулмонлар ҳам холи эмасмиз. Олдинлари мўмин-мусулмонларнинг ичида жуфт танлаш борасида ҳеч қандай ихтилоф, келишмовчилик ва ота-она билан фарзандлар ўртасида сен-менга бориш бўлмас эди. Аммо ҳозирга келиб, ижтимоий тараққиёт, янгиланишлар, ўзгаришлар, ҳаётга янгича муносабатларнинг шаклланиши натижаси ўлароқ, мусулмонларнинг оилаларида ҳам жуфт танлаш борасида ҳар хил муаммолар, мунозара ва тортишувлар, ҳаттоки мутахассислар иштирокида муҳокамалар ҳам бўлиб турибди. Мамлакатимизнинг бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларида ёшларнинг оила қуриш борасида ўзига хос эркинликлари, мажбуриятлари тўғри кўрсатиб берилган. Биз бу ўринда исломий маданият нуқтаи назардан айрим фикрларни ўртага ташлашни ният қилдик.
Демак, шариатимизда жуфт танлашдаги асосий мезон ота-оналарнинг розилигини олиб, уларнинг дуоларига сазовор бўладиган ишни қилиш ва шу билан бирга ёшларнинг фикру танловларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик ҳуқуқини беришдир. Бунда ота-оналар ва совчиларнинг ҳаётий тажрибалари, оилага тегишли бўлган малакалари эътиборидан ўғил ёки қизларига номзодларни таклиф қилиш, улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш, ҳар тарафлама нима учун мазкур номзод танланганлиги тўғрисидаги фикрларни уларга баён этиш керак. Ёшлар эса улар тарафидан тақдим этилган номзодлар билан шариат кўрсатмаларига мувофиқ учрашиб, сўнгра ўз фикрларини изҳор этишлари даркор.
Бу ўринда ёшлар ўзларича кўча-кўйдан ўткинчи орзу-ҳаваслар оғушида танлаган кишисини ота-онаси олдига етаклаб келиб ёхуд уларнинг номзодини кўрсатиб, шулардан бошқа билан зинҳор оила қурмайман, дейиши мутлақо мумкин эмас. Чунки бунда ота-оналарнинг неча йиллар давомида қилган меҳнатлари, ўз фарзандига кўрсатган меҳр-оқибати, чеккан заҳматлари оёқости бўлади. Ота-онани норози қилиб оила қурганларнинг оқибати қандай бўлиши эса ҳаммамизга маълум. Лекин шу билан бирга ҳар доим ҳам ота-онанинг бу борадаги танловлари тўғри ва ҳақ бўлади, деб ҳам айтиб бўлмайди.
Ким бўлишидан қатъи назар, инсоннинг кўнгли бор. Унинг риоясини қилиш керак. Қолаверса, баъзи ота-оналар келин ёки куёвликка номзоднинг бой ёки камбағал эканликларига асосий эътиборларини қаратишлари ҳам мумкин. Ота-оналар ҳам инсон. Фарзандим бой-бадавлат хонадонга келин ёки куёв бўлсин, деган орзу-ҳавасга асосий эътиборини қаратиб, унинг иллатларидан кўз юмиб юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун бундай пайтларда ёшларнинг танловларига эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди.
Шариат ёш йигит-қизларга умр йўлдош танлаш ҳуқуқини бериш билан бирга бу нозик ишда уларга меҳрибон бўлганлари, ҳаётий тажрибалари мавжудлиги учун ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи иш боши билан маслаҳатлашиб иш тутишни тавсия қилади. Шундай экан, ёшлар ўз ҳавои нафсларига берилмай, шариат таълимотлари асосида иш тутсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилаётган баъзи ёшларга ўхшаб: “Яшайдиган менман, демак, жуфтимни ҳам ўзим танлайман, сизларнинг даврларинг ўтган, эскича ўйлайсизлар, сизнинг дунёқарашингиз билан меники тўғри келмайди. Ўзимнинг ақлим, фаросатим бор. Қолаверса, менинг шахсий ҳаётимга аралашманглар” демасдан, ота-оналарга “Майли, сизларнинг айтганларингиз бўла қолсин. Бирор номзодни тавсия этсаларингиз, шариатга мувофиқ бир кўрай, агар маъқул келса, рози бўламан. Мабодо, маъқул келмаса, хафа бўлмайсизлар. Сизларнинг тажрибаларингиз ва дуоларингизга суянаман”, деб айтса, албатта, умридан барака топиб, оилавий бахт-саодатга эришади.
Хўш, бу борада сиз нима дейсиз, азиз газетхон?
 Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тўлови кўпмасмикан?”. Баъзан истеъмолчилар ўртасида шу ва шу сингари саволлар учраб туради....
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигин...