Алдов тузоғига илинманг

/
Бугунги кунда одам савдоси жинояти дунё жамоатчилигини, ҳар бир давлатни ташвишлантириб келаётган муаммолардан бири саналади.
Мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо шунга қарамай, ҳали ҳам айрим нопок шахсларнинг одамларни хорижга ишлаш, дам олиш ёки бошқа баҳоналар билан, ноқонуний равишда олиб кетиб, уларни қул қилиб сотиш ёки эркини чеклаш йўллари орқали ҳар хил мақсадларда фойдаланиш билан шуғулланаиш ҳолатлари кузатилмоқда. Уларнинг тузоғига илинганлар текинга ишлайдилар, айримлари эса тана аъзоларини кўчириб олиш ва бошқа разил мақсадларда сотиб юборилиши ҳақида кўпчилик эшитган, албатта. Энг ачинарлиси, бундай разилликка виждон, Ватан туйғуси нелигини билмаган айрим ҳамюртларимиз ҳам қўл уришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши ташаббуси билан Қарши ахборот технологиялари коллежида “Одам савдосига қарши курашиш ҳамда аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш — соғлом ва адолатли жамият тараққиёти кафолати” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда ҳам ушбу долзарб масала хусусида атрофлича сўз юритилди. Унда вилоят ички ишлар, меҳнат, адлия, божхона бошқармалари, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссияси, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Қарши шаҳар ички ишлар бўлими ходими Маҳмуд Холиқовнинг “Одам савдоси — трансмиллий жиноят” мавзусидаги чиқиши таҳлилий ёндашувлари билан йиғилганларнинг эътиборини тортди.
— Одам савдоси билан боғлиқ жиноятчиликнинг ҳар қандай кўриниши ва турлари ҳудуд ва чегара билмайди, — деди Маҳмуд Холиқов. — Шу боис ҳам мазкур иллатга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, уларга ҳаётий воқеалар асосида тайёрланган фильмлар, кўрсатувлар намойиш этиш ҳам самарали воситалардан бири бўлиб, бу орқали фуқароларда одам савдосининг жирканч ҳолатлари, мудҳиш оқибатлари ҳақида аниқ тасаввур уйғотиш мумкин.
Тадбирда одам савдосига қарши курашишга доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, бу борада халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда одам савдосига қарши курашиш ва ноқонуний меҳнат миграциясининг вилоятдаги ҳозирги ҳолати ҳақида таҳлилий фикр юритилди. Вилоят партия кенгашининг “Аёллар қаноти” етакчиси Азима Зайниддинова ўз сўзида чет элда касб ўрганиш ва ишлаш истагида бўлган хотин-қизларимиз, аввало, ўз ҳақ-ҳуқуқларини, мажбуриятларини, тартиб-қоидаларни билишлари ҳамда шубҳали кимсалар тақдим қилаётган ҳар хил ҳужжатларга ишонмасликлари, мазкур масала бўйича тўғри маълумот олиш учун Меҳнат вазирлигининг вилоятда масъул бўлимларига мурожаат қилишлари лозимлигига эътибор қаратди.
— Аслида ишчи кучи миграцияси халқ фаровонлигига, иқтисодий ривожланишга, ички ва ташқи пул-молия бозори муносабатларига ижобий таъсир қилиб, мамлакатимиз меҳнат бозорининг ривожланиш даражасининг ўсишига, чет элларда иш билан банд бўлган фуқароларимизнинг малакасини оширишга, замонавий технология ва техникани ўрганиш, тадбиркорлик маданиятини ва тажрибасини бойитиш, қонунчиликка риоя қилиш, умуминсоний қадриятларнинг миллий маданиятимиз билан уйғунлашувини тезлаштиришга кўмаклашади, — деди анжуманда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси Хайрулла Давланов. — Ишчи кучи миграцияси ишчи кучи юборилган мамлакатга ҳам, бундан ташқари, ишчи кучининг эгаси — халқаро меҳнат бозорига чиққан фуқаролар ва мутахассисларга ҳам фойдалидир.
Анжуман иштирокчилари соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот идоралари, “Камолот” ЁИҲ вакилларининг “Одам савдосига қарши курашишда ижтимоий ҳамкорлик”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади ва ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида”, “Одам савдоси — инсон эркинлигига таҳдид” ва бошқа мавзулардаги маърузалари бўйича фикр алмашиб, таклиф ҳамда мулоҳазалар билдиришди. Мутахассислар одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилгани ва бу муассасалар одам савдосидан жабрланганларга қулай яшаш шароитларини яратиш, уларни озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш, шошилинч тиббий психологик, ижтимоий юридик ёрдам ҳамда бошқа қулайлик ва имкониятлар яратилгани хусусида бир қатор маълумотларни келтириб ўтишди. Шунингдек, тадбирда одам савдоси жиноятига доир аниқ мисоллар келтириб ўтилди, бундай ҳолатларнинг сабаб ва оқибатлари таҳлил этилди.
Анжуман қатнашчилари одам савдоси ўта оғир жиноятлар қаторида туриши, ислом динида ҳам бундай мудҳиш ҳаракатга гуноҳ деб қаралишини, одам савдоси билан шуғулланувчи кимсаларнинг қилмиши ўз Ватанига хиёнат этиш, халқининг ҳаётини заҳарлашга уриниш каби жирканч қилмиш эканини қайд этишди
Музокараларда сўзга чиққан вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Рўйиддин Раупов, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши бўлим мудири Маҳлиё Шукурова, Қарши шаҳар “Наво” масжиди имом-хатиби Қувондиқ Хўжаёров, Қарши тумани партия кенгаши раиси Қодир Лутфиев ва бошқалар ҳам долзарб масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбирда мавзуга оид видеофильм намойиш этилди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
]Ички ишлар идораларини ислоҳ қилиш, замонавий технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирили...
01 янв 1970
Уч йил давомида амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг ўзагини айнан жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш ташкил этмоқда....
01 янв 1970
Хонада учта одам – ота, она ва ўғил суҳбатлашмоқда.