Бола ҳуқуқларини барча билиши зарур

/
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Буни ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жойларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган тарғибот-ташвиқот ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни —Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни деб белгилангани муносабати билан ички ишлар идоралари ходимлари ҳам жойларда аҳоли билан учрашиб, профилактика тадбирларини ташкил этмоқдалар. Ана шундай тадбирлардан бири Сурхондарё вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси (ҲООБ) вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари томонидан Термиз шаҳридаги иқтисодий-ижтимоий касб-ҳунар коллежи ҳамда шаҳардаги марказий деҳқон бозорида ўтказилди. Ички ишлар органлари, прокуратура ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа бир қатор ташкилот ва корхоналарнинг вакиллари иштирок этган ушбу тадбирларда коллеж ўқувчиларининг дарсларга мунтазам қатнашиши ва бу борадаги мавжуд муаммолар ўрганилди.
— Бугунги кунда вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган жиноятларни таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг аксарияти ўз вақтида дарсга келмайдиган, сабоқларни ўзлаштиришда бирмунча ортда қолаётган ўқувчилар ҳиссасига тўғри келади. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим ёшларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга мойиллиги уларнинг оиласидаги тарбиявий муҳит оғирлиги билан боғлиқдир. Шундай экан, нафақат бу ёшларнинг ўзи билан, балки уларнинг оиласида ҳам фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти ва унинг қонуний асослари юзасидан профилактик тадбирлар олиб бориш лозим, — дейди вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази раҳбари, майор Ҳусниддин Умбаров.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази туну кун (дам олиш кунларисиз) фаолият юритади. Мақсад назоратсиз қолган болалар ва ўсмирларнинг (3 ёшдан 18 ёшгача) манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ёмон йўлларга кириб кетишининг олдини олишдир. Шу боис ҳам бу жойга келтирилган вояга етмаганларни тўғри йўлга қайтариш учун кутубхона, ўқув хоналари, хуллас, барча шароитлар яратилган.
— Профилактика куни тадбирлари доирасида Термиз шаҳридаги марказий деҳқон бозорида арава тортиб юрган вояга етмаган бир ўқувчи билан суҳбатлашдик. У ўқишга қатнашишга иштиёқи борлиги, лекин отаси бунга йўл қўймаслиги, ҳар куни “пул топиб кел” деб уни уйдан чиқариб юборишини айтди. Унинг хонадонига бориб, отасига бу қилмиши қонун билан чекланганлигини тушунтирдик. Ичкиликбозлик дардига йўлиққан отага қонун доирасида чора кўрилди. Афсуски, ичкиликка муккасидан кетган, ҳеч қаерда ишламайдиган отанинг ношудлигидан азият чеккан боланинг тақдирига маҳалла-кўй, жамоатчилик шу пайтгача бефарқ қараб келган, — дейди Ҳусниддин Умбаров.
Мутахассислар профилактика тадбирида ота-оналар билан ҳам суҳбатлар ўтказишди. Бола ҳуқуқларини тушунтириш бўйича маҳаллаларда ҳамкорликда тадбирлар олиб бориш, бундай тадбирларда ёш оилалар ҳам иштирок этишига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мутасадди идоралар ва жамоатчиликнинг муҳим вазифаларидан биридир. Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасининг ходимлари томонидан ҳар пайшанба куни жойларда ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирларидан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат. Шубҳасиз, турли жиноятлар содир бўлиши, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган бу каби тадбирлар фуқароларнинг ўз бурч ва масъулиятларини англаб етишларига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, қонун олдида барчанинг баробар эканлигини англаган ҳолда ҳар бир фуқарода ўз ҳуқуқларини билиши ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилиши кўникмаларини мустаҳкамлайди.
Мақсуд ТЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...
01 янв 1970
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. ...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан