Тадбиркор доимий ҳуқуқий ҳимояда

/
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва мазкур фармон ижросини таъминлашга оид “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирлар Дастури” қабул қилинди.
Мазкур фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Шу боис, фармонда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш мутасадди давлат органлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларнинг устувор вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар ўз фаолиятида юқорида кўрсатилган талабни ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашлари лозимлиги қайд этилган.
Шунингдек, қонуний фаолият олиб бораётган ҳар бир тадбиркор давлат уларнинг ҳимоячиси эканлигини билиши, ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини кафолатлаб, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш мазкур фармонда қатъий белгиланди.
Фармонга биноан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, юридик шахсларнинг тугатилаётганида, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилганлиги ҳолатлари бўйича берган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига мувофиқ ўтказиладиган қисқа муддатли текширувлар бундан мустасно.
Қайд этиш жоизки, фармоннинг бу талаблари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофазаси янада кучайтирилганини англатиб, улар фаолиятига давлат ҳамда назорат идоралари томонидан асоссиз аралашувларни чеклайди. Бу билан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган мулкдор ҳуқуқи устуворлиги тамойили янада мустаҳкамланди.
Фармонга биноан хорижий инвестициялар иштирокида янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилиши юртимизда ишбилармонлик муҳитини, инвестицион иқлимни янада яхшилашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, ушбу фармон, энг аввало, хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилгани билан соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Абу МЕНГЛИҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Мен Шаҳрисабз шаҳри Нодира кўчаси 3-уйда яшовчи, 8 нафар фарзанднинг отаси, беш йилдан бери суд-ҳуқуқ идораларидан адолат излаб сарсон юрган, 70 ёш...
01 янв 1970
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади....